Янгиликлар. Нью-Йорк: Ўзбекистонлик ҳужумчи энди ўлдирилиши мумкин – суд ўз сўзини айтди O‘zbekiston Amerika Dunyo Yangiliklar

Sayfullo Soipov

Сурат манбаси, video grab

Сурат тагсўзи, Ҳимоячисининг айтишича, Сайфулло ўшанда ўзи ҳам ўлиши ва шаҳид бўлишини ўйлаган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ маҳкамаси Сайфулло Соиповни қотилликда айбдор, деб топди.

Алоқадор мавзулар:

Ҳодиса 2017 йилда Нью-Йоркда, Ҳэллоуин байрами куни содир этилган.

Сайфулло Соипов ўзининг ижарага олган юк машинасини "қасддан" одамларнинг устига ҳайдаган.

Машинасидан чиқаркан, унинг "Аллоҳу Акбар", дея ҳайқиргани ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Ҳодисада жами 8 киши қурбон бўлган.

Қурбонлардан олти нафари Манҳэттендаги ҳужум сатҳида, қолганлари эса, касалхонада ҳаётдан кўз юмишган.

Улардан икки нафари америкалик, қолганлари эса, Аргентина ва Бельгия фуқаролари бўлишган.

Ўндан ортиқ инсоннинг эса, турли кўринишдаги тан жароҳатлари олганликлари айтилган.

Бу 2001 йил 11 сентябрь ҳужумлари ортидан, АҚШда содир этилган энг қонли террорчилик ҳужуми сифатида талқин этилган.

Полиция ўшанда ўт очиб, Сайфулло Соиповни тўхтатиб қолган.

Асли ўзбекистонлик ҳужумчи касалхонада экан, ётоғига ИШИД байроғини осиб қўйишларини ҳам сўрагани айтилган.

Ўлим жазоси истиқболи

Sayfullo Soipov

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Полиция томонидан отиб, яраланган Сайфулло Соипов судда ногиронлар аравачасида кўриниш берган

Сайфулло Соипов энди ўлим жазосига юз тутиши мумкин.

Штатда олий жазо сўнгги бор 1963 йилда ижро этилган.

Прокурор Жейсон Ричманнинг айтишича, Сайфулло "велосипед йўлагини ўзининг жанг майдонига айлантирган".

"У ўзи уюштирган террорчилик ҳужумидан мамнун кўринган".

Суд жараёнида Сайфулло Соиповнинг бу ҳужумга бир йил тайёргарлик кўргани тафсилотлари янграган.

Кўчада одам кўп бўлиши боис, унинг ҳужум куни сифатида Ҳэллоуин байрамини танлагани ҳам айтилган.

Ҳимоячисининг айтишича, Сайфулло ўшанда ўзи ҳам ўлиши ва шаҳид бўлишини ўйлаган.

Ҳужумдан кўп ўтмай, ўша пайтда АҚШ президенти бўлган Дональд Трамп уни қатл этишга чақирган.

2020 йилда эса, 17 йиллик мораторий ортидан, федерал даражада ўлим жазоларини қайта тиклаган.

Жо Байден қудратга келиши ортидан, ўлим жазосига яна мораторий ўрнатилган.

Аммо ўтган йилнинг кузида АҚШ Адлия вазирлиги Сайфулло Соипов учун ўлим жазосини берилишини сўрашини айтган.

Сайфулло ўзига қўйилган айбларни тан олмаган.

Ўзбекистонлик ҳужумчи тақдири нима бўлади?

Сайфулло Соипов маҳкамада

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сайфулло Соипов маҳкамасидан чизма.

Ўзбекистонлик ҳужумчи тақдири нима бўлади?

АҚШда кечаётган федерал ўлим жазоси бўйича маҳкама худди шу саволга жавоб бериши мумкин.

Айни жараён Президент Байден ҳокимиятга келганидан бери ўтаётган биринчи федерал ўлим жазоси маҳкамасидир.

Бундан аввалги маҳкама борасида махсус видеони томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

2017 йил октябрида ўзбекистонлик Сайфулло Соипов ижарага олган юк машинасини одамлар устига ҳайдайди. У бошқарган автоулов мактаб автобусига ҳам урилган.

Ҳужум ортидан ўзбек ҳужумчи ИШИДдан руҳлангани ҳақида ёзилганди.

Бугун 34 ёшга кирган Сайфулло Соипов ўз ҳимоячилари орқали одамларни ўлдириш ва мажруҳ қилиш ниятларини билдиргани айтилади.

Ҳозирга жараёнда у ИШИД ёки Исломий Давлатдан руҳланганми ёки бу гуруҳга қўшилиш истагида бўлганми, деган саволга ҳам жавоб изланади.

Ўлим жазоси эҳтимоли қандай?

Роберт Данҳам

Сурат манбаси, Reuters/Screenshot

Сурат тагсўзи, Президент Байден даврида ўзбекистонлик ҳужумчининг қатл этилиши мумкин эмас, дейди таҳлилчи Роберт Данҳам.

Айни пайтда, 2021 йилнинг июлидан бери федерал ўлим жазосига мораторий қўйилган.

Байден президентлиги пайтида бунга қарши иш тутилишига кўпчилик ишонмайди.

"Байден маъмурияти даврида жаноб Соиповнинг қатл этилиши мумкин эмас" - дейди Ўлим жазоси ахборот маркази раҳбари Роберт Данҳам.

"Бунинг икки сабаби бор. Аввало, мораторий ўз кучида қоларкан, улар қатл санасини белгилаш йўлида илгари силжий олишмайди. Иккинчидан, ўлим ҳукми - бу жуда узоқ чўзиладиган жараённинг бошланиши. Айни иш ўз якуний босқичига етгунча хам йигирма йилдан кўпроқ вақт кетиши мумкин".

У федерал ўлим ҳукми ахлоқий жиҳатдан жорий маъмурият учун қандай аҳамият касб этиши мумкинлигини ҳам назардан соқит қилмасликни эслатади.

Бошқа тарафдан, ўлим жазоси буткул тескари оқибатларга етаклаши эҳтимолини ҳам урғулайди.

"Кимдир шаҳид бўлиш учун террор амалига қўл урса, уни ўлимга ҳукм қилиш - ҳужумчини шу каби жиноятларга рағбатлантириш каби иш" - дейди Роберт Данҳам.

Унга кўра, ўлим жазосини қўллаш жамоатчилик учун янада хавфли.

"Бунинг устига, якка ўзи террорга қўл урган одамлар руҳан ҳаста бўлади ёки ҳечса, асаби жойида бўлмайди. Айни ҳолатлар шов-шувга бўлиб кетса, кейин рағбатга айланади. Бу одамларни радикаллаштиради ва уларнинг террор ҳужумларига қўл уриш эҳтимолларини оширади".

Ҳужумчи ким бўлган?

Сайфулло Соипов

Сурат манбаси, GETTY IMAGES/SPENCER PLATT

Сайфулло Соипов АҚШга кетишдан олдин Тошкентдаги сокин маҳаллада яшаган. Америкада ҳайдовчилик қилган.

Уни АҚШда билган айрим ўзбекистонликлар эса Би-би-си билан суҳбатда Сайфулло Соиповда радикал фикрлашнинг айрим аломатлари кўзга ташланганини, аммо бундайин бир амалга қўл уришини хаёлларига ҳам келтиришмаганини айтишган.

Сафулло Соипов юз тутаётган жорий маҳкама уч ойгача давом этиши мумкин.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.