Ўзбекистон ё Ангола: президент қизлари жиноятларида Ғарб қўли нақадар катта? O'zbekiston, Gulnora Karimova

Сурат манбаси, Getty Images/Stefanie Keenan
Бу икки аёл икки алоҳида қитъададирлар, аммо бу ҳафта улар жаҳон матбуоти варақларидан ёнма-ён жой олишмоқда. Бири Анголани қарийб 40 йил бошқарган президентнинг қизи Изабел Душ Сантуш, иккинчиси эса, сизга яхши таниш, собиқ Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова. Улар ўртасида ўхшашлик кўп: икковининг можаросида ҳам гап миллиардлаб доллар ўғирлангани ҳақида кетяпти. Бири ҳозирда қамоқда, иккинчиси эса жиноий ишга юз тутмоқда.
46 ёшли Изабел ўз отаси имзолаган қарорлар ёрдамида Ангола бойликларини ўмаришда айбланмоқда. У Анголанинг олмос ва нефть саноати, энг йирик мобил компанияси, иккита банки, энг катта цемент ишлаб чиқарувчисидан катта фойда кўрган ва Африканинг энг бадавлат аёли номини олган. Отаси Жозе Эдуардо Душ Сантуш президентликни ўзи ишонган меъросхўрига топшириши ортидан, меъросхўр унинг ишончини оқламай, унинг оиласи пуллари ортидан тушди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
47 ёшли Гулнора эса, нуфузли Таймс нашрига кўра, Британиядаги кўчмас мулкидан айрилиб қолиш хавфи остида. Serious Fraud Office, яъни ҳукуматнинг Жиддий фирибгарликка қарши курашувчи идораси Гулнора Каримова Британияда эгалик қиладиган қатор уйлар, хусусан Лондоннинг Саррей мавзесидаги қарийб 40 миллион долларлик Горс Ҳилл Манор, Мейфердаги 11 миллион долларлик яна бир уй ва Белгравиядаги 2 ярим миллион долларлик квартирани тортиб олишга уринишмоқда. 20 аср бошида қурилган Горс Ҳилл Манор қарийб 7 гектар ўрмонли ерга ва кўлларига эга.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг охирги нутқида айтишича, Ўзбекистоннинг 15% аҳолиси, яъни 4,5-5 миллион ўзбекистонликлар кам таъминланган аҳоли ҳисобланади. Халқаро андазага кўра, кунига 1,9 доллардан кам пулга яшайдиган одам камбағал дейилади. Анголада экстремал қашшоқликда яшайдиган аҳоли 36 фоизни ташкил қилади. Ангола чақалоқлар ўлими бобида ҳам энг юқори ўринларда туради.
Ғарбнинг қўли
Ҳам Изабел Душ Сантуш, ва ҳам Гулнора Каримова ишида эътиборни тортадигани муҳим жиҳати - уларнинг бу каби йирик бойликка айнан Ғарбдаги компаниялар ёрдамида эга бўлишга қодир бўлишгани. Терговчи журналистларнинг халқаро консорциуми қўлига тушган 700 мингта ҳужжатлардан маълум бўлишича, Ғарбдаги консультантлар, юристлар, банкирлар, бухгалтерлар Изабелга ўз миллиардларини йиғиш ва хорижда сақлашга ёрдам берганлар. Улар орасида қатор АҚШ компаниялари, ва дарвоқе, бугунда Ўзбекистонда ишлай бошлаган нуфузли халқаро ҳисобчи PWC (PricewaterhouseCoopers) ҳам бор. Бу компаниялар Изабел Душ Сантушга нафақат бойлигини бир неча карра ошириш, балки уни қонунийлаштиришга ҳам ёрдам беришган.
Масалан, PricewaterhouseCoopers Изабел Душ Сантуш ва унинг эри назорат қиладиган камида 20та компанияга бухгалтер, консультант ва солиқ маслаҳатчиси сифатида ишлаб берган. Ангола давлатига тегишли пуллар йўқолаётгани ҳақида ишоралар чиққанда ҳам, иш давом этган.
Гулнора Каримова ишида ҳам қатор глобал компаниялар ва банклар, хусусан Citibank, Coca-Cola, Standard Chartered, Lombard Odier ва бошқалар унга иккиламчи офшор компаниялар орқали миллионлаб долларни Ғарбга олиб чиқишга ёрдам беришгани аниқланганди. Каримова 2003 йилда илк марта шубҳа остига тушиши ортидан ҳам бу ғарбликлар унинг амалларига ёрдам беришган.
Гулноранинг саройлари ва уйларига келсак, у аввало қандай қилиб уларга эгалик қилишга муваффақ бўлди деган саволлар берилмоқда. Ҳар йили Британия орқали қарийб 120 миллиард доллар ювилади ва бу пуллар асосан одатда Лондоннинг дабдабали мавзеларида бўш ётадиган қимматбаҳо сарой ва уйларни офшор компания ё трастлар номидан сотиб олиш орқали қонунийлаштирилади.
Британия ҳукумати беш йил аввал кўчмас мулкларнинг ҳақиқий харидорларини аниқлаб очиқ рўйхат туза бошлашни ваъда қилганди. Лекин, мана беш йил ўтиб, қонун лойиҳаси парламентда бир неча бор муҳокама қилинди, лекин ҳали ҳам қабул қилингани йўқ. Айни дамда, дунёнинг бошқа бой қизлари ва бой ўғлонлари кир пулларини Лондонда ювишда давом этишаётган бўлса ажабмас.
Раддия ва таассуф

Сурат манбаси, Getty Images/Michel Dufour
Гулнора Каримованинг Лондонда яшаётган ўғли Ислом Каримов ўз онаси ҳақида чоп қилинган мақола борасида бизга қуйидагича муносабат билдирди: "Биз онамиз - Гулнора Каримовага қарши Британияда олиб борилаётган ишга қарши муваффақият билан курашяпмиз, ҳамда унинг пули билан харид қилинган ҳар қандай мулклар борасидаги саволлар жиноят эмаслиги аниқланишига ишончимиз комил."
Би-би-си билан интервьюда Изабел Душ Сантуш ҳам айбловларни рад қилди ва ўзига қарши олиб борилаётган терговлар "сиёсий қоралашлар" эканини даъво қилди. "Менинг компанияларим хусусий молияланган, биз тижорий банклар билан ишлаганмиз", деди у.
PricewaterhouseCoopers'нинг глобал раиси Боб Моритц Гардиан нашрига гапирар экан, ўз компанияси Душ Сантуш хонимга қандай хизматлар кўрсатганидан "ларзага келгани ва ҳафсаласи пир бўлган"ини айтди, ҳамда компания ички тергов ўтказиб чора кўришини билдирди.
Ғарб компаниялари, ҳисобчи ва юридик фирмалар, банклар Ангола ва Ўзбекистон каби давлатларга кириб бориш ва у ердаги ҳукуматлар ва бадавлат тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш орқали ўша давлатларга Ғарб андазаларини олиб киришда ёрдам беришаётганини даъво қилишади. Бу албатта бор гап. Лекин, шу билан бир вақтнинг ўзида, ҳозирда Ғарбда мавжуд бўлган қонунлар, тўғрироғи бу қонунларнинг йўқлиги ушбу компанияларга у давлатлар ҳисобига катта миқдорда даромад кўришга йўл очиб беряпти. Ғарб давлатлари, АҚШ, Британия ва бошқалар йиллар оша ўзга давлатлардаги коррупцияни қоралаб келишади, лекин афтидан, ўзларида қиладиган иш талайгина.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












