Ўзбекистон: Гулнора Каримова иши судга оширилди

Гулнора каримова

Сурат манбаси, Getty Images

Бош прокуратура Гулнора Каримованинг иши бўйича тергов жараёнлари тугаганини билдирди. Ўзбекистон биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ва унинг шериклари ишини суд кўриб чиқади.

"Бош прокуратура томонидан жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган Г.Каримова ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланди", дейилади Бош прокуратура хабарида.

Бош прокуратура Каримова унинг шериклари ишини қайси суд кўриб чиқиши ҳақида маълумот бермаган.

2019 йилнинг августида Бош прокуратура Гулнора Каримовага қарши янги жиноят иши очилганини маълум қилганди.

Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи 2015 йили 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида Бош Прокуратура 2017 йили хабар берган.

2017 йил 18 декабрида эса унинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани билдирилган.

Гулнора Каримова давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган.

АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилган.

Каримовага "жиноий йўллар билан топилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни ундириш мажбурияти" юкланган.

Ўзбекистон Бош Прокуратураси Гулнора Каримованинг хориждаги маблағ ва активларини Ўзбекистонга қайтаришда шаффофлик таъминланишини айтган.

Бироқ Гулнора Каримованинг қизи Имон ўзбек расмийларини онаси билан келишувни бузганликда айблайди.

2019 йилнинг 10 декабрида Бош прокуратура Гулнора Каримованинг швецариялик адвокати Грегуар Манжени Ўзбекистонга киришини тақиқлаганини билдирди.

Амалдаги қонунчиликка кўра чет эл адвокатларининг Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатиши назарда тутилмаган, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

"Ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Г.Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга ошириб, олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган".

2019 йилнинг 6 декабр куни Бош прокуратура Гулнора Каримова қарши очилган янги жиноят иши борасида расмий баёнот берди.

Расмий баёнотда маълум қилинишича, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги АҚШ, Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва Латвия каби хорижий давлатлар билан биргаликда иш олиб бормоқда.

Бу давлатлар билан "Гулнора Каримованинг жиноий йўллар орқали топган ва ушбу давлатларнинг айримларида жиноят ишлари доирасида 1,3 млрд. АҚШ доллардан ортиқ даромадларини қайтариш бўйича ҳамкорлик қилинмоқда".

"Муқаддам хабар берилганидек, мазкур ҳамкорлик давомида халқаро тузилмалар ва фуқаролардан Гулнора Каримованинг илгари эълон қилинган ҳукмларда назарда тутилмаган янги жиноятлари тўғрисида хабарлар келиб тушди. Ушбулар янги очилган ҳолатлар бўйича янги жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлди", — деб ёзмоқда Бош прокуратура ўз баёнотида.

Ушбу баёнот мазмунидан англашилишича, "тергов жараёнида Гулнора Каримова ўзига яқин шахслардан иборат бўлган бир неча уюшган жиноий гуруҳларни ташкил этган ҳолда жиноий уюшмани бошқариб келгани аниқланган".

Баёнот тафсилотлари

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, ҳозирги кунда, тергов томонидан Гулнора Каримова унга республика саноат корхоналарида фаолият юритган ва жуда кўп миқдордаги жиноий даромадлардан улуш бериб келган яна бир уюшган жиноий гуруҳга эга бўлганлиги аниқланган.

- Бундан ташқари, Гулнора Каримова фуқаролар ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўллари орқали уларнинг мулкларини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.

- Мазкур тергов қилинаётган жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг миқдори 165 млн. АҚШ доллари ва 85 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил қилган.

Бунинг ортидан баёнотда билдирилишича, Гулнора Каримовага янги айблов эълон қилинган.

Мазкур айблов "Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган товламачилик, талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш ва жиноий уюшмани ташкил этиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик"ни кўзда тутиши маълум бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз баёнотида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг ажрими билан Гулнора Каримовага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганини яна бир бор эслатган.

Қонуний ҳуқуқий ҳимоя

Прокуратурага кўра, ушбу жиноят иши тергови жараёнида Гулнора Каримованинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини 7 нафар адвокат ҳимоя қилмоқда.

Маълум бўлишича, бу адвокатлар Гулнора Каримованинг ўзи ва яқин қариндошлари томонидан жалб қилинган.

"Адвокатларнинг барча тергов ҳаракатларида иштироки ва у билан ҳеч қандай чекловларсиз ҳоли учрашиш имконияти таъминланган", — дея баён қилган Ўзбекистон Бош прокуратураси.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

.