Ўзбекистон, расман: Гулнора Каримовага қарши янги жиноят иши, янги айблов

Гулнора Каримова

Сурат манбаси, YVES FORESTIER/GETTY IMAGES

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон, расман: Гулнора Каримовага қарши янги жиноят иши, янги айблов - бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси расман баёнот берди. Ислом Каримов тўнғич қизи ҳуқуқлари ва манфаатларини етти нафар адвокат ҳимоя қилаётганини билдирди.

Расмий баёнотда маълум қилинишича, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги АҚШ, Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва Латвия каби хорижий давлатлар билан биргаликда иш олиб бормоқда.

Бу давлатлар билан "Гулнора Каримованинг жиноий йўллар орқали топган ва ушбу давлатларнинг айримларида жиноят ишлари доирасида 1,3 млрд. АҚШ доллардан ортиқ даромадларини қайтариш бўйича ҳамкорлик қилинмоқда".

"Муқаддам хабар берилганидек, мазкур ҳамкорлик давомида халқаро тузилмалар ва фуқаролардан Гулнора Каримованинг илгари эълон қилинган ҳукмларда назарда тутилмаган янги жиноятлари тўғрисида хабарлар келиб тушди. Ушбулар янги очилган ҳолатлар бўйича янги жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлди", - деб ёзмоқда Бош прокуратура ўз баёнотида.

Ушбу баёнот мазмунидан англашилишича, "тергов жараёнида Гулнора Каримова ўзига яқин шахслардан иборат бўлган бир неча уюшган жиноий гуруҳларни ташкил этган ҳолда жиноий уюшмани бошқариб келгани аниқланган".

Баёнот тафсилотлари

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, ҳозирги кунда, тергов томонидан Гулнора Каримова унга республика саноат корхоналарида фаолият юритган ва жуда кўп миқдордаги жиноий даромадлардан улуш бериб келган яна бир уюшган жиноий гуруҳга эга бўлганлиги аниқланган.

- Бундан ташқари, Гулнора Каримова фуқаролар ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўллари орқали уларнинг мулкларини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.

- Мазкур тергов қилинаётган жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг миқдори 165 млн. АҚШ доллари ва 85 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил қилган.

Бунинг ортидан баёнотда билдирилишича, Гулнора Каримовага янги айблов эълон қилинган.

Мазкур айблов "Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган товламачилик, талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш ва жиноий уюшмани ташкил этиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик"ни кўзда тутиши маълум бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз баёнотида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг ажрими билан Гулнора Каримовага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганини яна бир бор эслатган.

Қонуний ҳуқуқий ҳимоя

Прокуратурага кўра, ушбу жиноят иши тергови жараёнида Гулнора Каримованинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини 7 нафар адвокат ҳимоя қилмоқда.

Маълум бўлишича, бу адвокатлар Гулнора Каримованинг ўзи ва яқин қариндошлари томонидан жалб қилинган.

"Адвокатларнинг барча тергов ҳаракатларида иштироки ва у билан ҳеч қандай чекловларсиз ҳоли учрашиш имконияти таъминланган", - дея баён қилган Ўзбекистон Бош прокуратаси.

Расмий баёнотда ёзилишича, ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланган.

Гулнора Каримованинг жиноят иши ҳужжатлари билан адвокатлар иштирокида танишиб чиқмоқда.

Бош прокуратура Гулнора Каримова ва унинг жиноий шериклари уюшган жиноий гуруҳлар таркибида содир этган жиноятлар учун суд томонидан тайинланган жазони ўтаб келишаётганини ҳам эслатиб ўтган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг бу баёнотига ҳозирча Гулнора Каримова яқинлари ва адвокатларининг муносабатлари имконли эмас.

Аммо куни-кеча Гулнора Каримованинг Лондонда яшаётган қизи Имон ўзининг Instagram саҳифасида бу ҳақда хабар бергандек кўринган.

У 3 декабрь куни онасининг қамоқ муддати яна бир марта узайтирилаётгани борасида ёзганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси унинг бу постидан уч кун ўтиб, ўзининг расмий баёноти билан чиққан.

Қисқа тарихча ўрнида

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Афсуски, ҳозирда терговнинг асосий мақсади Гулнора Каримовани охирги бир неча йилда юз берган барча иқтисодий ва ижтимоий масалалар учун айбдор қилиш экани аниқ бўлиб қолди", - деганди Имон Каримова.

Унинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистон ҳукуматининг Гулнора Каримовага белгиланган қамоқ муддатини бешинчи марта узайтириши бўлади.

Имоннинг иддао қилишича, бу ҳаракатлар ортида "ҳукуматнинг кўпгина аъзоларига алоқадор ҳақиқатнинг очилишидан қўрқув" турибди.

Номаълум муддат

Аввалроқ Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа мижози билан кўришиш учун Тошкентга юборилган барча сўровлари рад этилганини маълум қилганди.

Манжанинг 25 ноябр куни Твиттер саҳифасида ёзишича, 2014 йилдан бери қамоқ жазосини ўтаëтган Гулнора Каримованинг ҳақиқатда қанча муддатга ҳукм этилгани ҳатто унинг ўзига ҳам маълум эмас.

Шу йил августида Бош прокуратура Гулнора Каримовага қарши янги жиноят иши очилганини маълум қилганди.

Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи 2015 йили 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида Бош Прокуратура 2017 йили хабар берган.

2017 йил 18 декабрида эса унинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани билдирилган.

Гулнора Каримова давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган.

АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилган.

Каримовага "жиноий йўллар билан топилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни ундириш мажбурияти" юкланган.

Ўзбекистон Бош Прокуратураси Гулнора Каримованинг хориждаги маблағ ва активларини Ўзбекистонга қайтаришда шаффофлик таъминланишини айтган.

Бироқ Гулнора Каримованинг қизи Имон ўзбек расмийларини онаси билан келишувни бузганликда айблайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek