Ўзбекистон: Адабиёт ўлдими деган савол бугун қанчалар долзарб?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Чўкаётган одам хасдан қанча умид қилса, мен учун ҳам адабиёт ана шунча бир умиддир", дейди ўзбекистонлик таниқли шоира Хосият Рустамова.
Хосият Рустамова 1971 йил 19 мартда Наманган вилояти, Чуст туманидаги Олмос қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1993). «Осмондаги уй» (1997), «Нажот» (2003), «Ридо» (2004), «Девор» (2006) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
Хосият Рустамовага кўра, «ҳар қандай жамиятда сиёсат таъсири бўлади, қайси замон бўлишининг фарқи йўқ...Масалан, сарой шоирлари бўлишган ўтмишда. Аммо ҳақиқий шоирлар ўша замонлардан замонларга ўтганларидир, яшаб қолганларидир. Бугунги кундан нолиб ёки хурсанд бўлиб, замонга мослашиб юрган шоирларини мен очиғи тушунмайман. Шамолга қараб тебранадиган бўлсак... бу қандай шоирлик бўлди?"
Кирил ва лотин алифбосига қурбон бўлган авлодлар ҳақида...
Хосият Рустамова: Бугунги айрим ёшларни, катталарни ва ҳатто ёзувчи-шоирларни ҳам мен тушунмайдиган айрим томонлари бор. Сабаби китоб ўқиш даражамиз жуда ҳам тушиб кетган. Ёшларимиз кирил алифбосида, катталаримиз лотинда ўқишолмайди. Биз, хўп, ўша пайт лотин алифбосига ўтдик, мен қарши эмасман, туркчани, инглизчани ўрганишим осонлашди.Нима учун матбуотимиз ўтмади? Бирдан ҳамма нарса ўтиб кетса яхши бўлмасмиди? Энг зўр нашриётларимизда ҳам бор-йўғи 3-4 минг ададда китоб чиқади. Шу қадар кам.Лекин у соҳада ҳам шу аҳвол. Лотинчани катталар, кирилчани ёшлар ўқимайди. Қачонгача давом этади бу? Ўйласам...бир зимистонга кириб қоламан. Ўттиз йилча яшадик шундай... Яна ўттиз йил керакми бундан чиқишга? Ҳужжат ишларимиз асосан кирилчада. Ёшлар келишади, қарашади, кирилча ёзув... Вилоятларга борсам хафа бўлиб келаман. Иқтисодий қашшоқлигидан кўра, руҳиятдаги қашшоқлик ёмон.
Руҳият қашшоқлиги ёмон!

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Яқиндан бери кўп ўйлайман... Шунча қийналиб китоб чиқарасан, газета чиқарасан, аммо кимга керак экан бу? Айниқса, раҳбарларимизнинг саводсизлиги менга азоб беради. Раҳбар зиёли бўлиши керак эмасми? Тасаввур қилинг, фарзандингиз бетоб бўлиб қолди. Нима қиласиз? Мажбурлаб бўлса ҳам дори ичиришга ҳаракат қиласиз. Шундай эмасми? Халқни, ёшларни китобга қайтарадиган, мажбурлаб "дори ичирадиган" ким бор? Зиёлилар шу йўлда ҳаракат қилмаса, бу руҳияти қашшоқ миллатнинг кимга кераги бўлади эртага? Руҳияти қашшоқ одам ўз ватанига қарши бемалол қурол кўтаради. Ўз миллатингдан чиққан айрим раҳбарлар ўз миллатингни хор қилиб турибди!
Хосият Рустамова билан Аваз Тоҳиров суҳбатлашган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















