Ўзбекистон: Аҳоли реал даромадларини оширамиз - Мирзиёев

Prezident matbuot Xizmati

Сурат манбаси, Prezident matbuot Xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг янги йил табригида 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш ва аҳолининг реал даромадларини оширишга ваъда берган.

У шунингдек, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ҳамда янги иш ўринлари яратишга алоҳида аҳамият қаратилишини таъкидлаган.

Аҳоли уйларининг ноқонуний бузилишлари, газ ва электр муаммолари, коррупция ва ҳокимларнинг ўзбошимчаликлари билан боғлиқ можаролар манзарасида якунига етган 2019 йилни сарҳисоб қиларкан, давлат раҳбари "қийинчилик ва синовларни бошимиздан кечирдик", деб айтган.

"2020 йилда ҳам иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларимизни фаол давом эттирамиз.Хусусий мулк, тадбиркорлик ва бизнес учун янада қулай муҳит яратишга, янги иш ўринлари ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратамиз. Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни, аҳоли реал даромадларини кўпайтириш эътиборимиз марказида бўлади. Одамларимизнинг яшаш шароитини, коммунал-маиший хизмат сифатини яхшилаш, арзон ва қулай уй-жойлар қуриш бўйича бошлаган ишларимизни янада кенгайтирамиз", деб айтган Шавкат Мирзиёев.

У 22 декабр куни Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар Ўзбекистон демократик тараққиёт йўлидан ортга қайтмаслигини яна бир бор исботлаганини таъкидлаган.

Мирзиёев ташқи сиёсатда "дунё ҳамжамияти, аввало, ён қўшнилар билан самарали ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтирилиши"ни айтган.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг президент сифатида учинчи Янги йил табриги бўлган.

Президент Ўзбекистон "миллий юксалишнинг муҳим босқичига қадам қўяётгани"ни таъкидлаган.

'Синов йили'

Бир кун аввал йил якунлари сарҳисоб қилинган ҳукумат йиғилишида Мирзиёев 2020 йил "синов йили" бўлишини билдирган.

У барча бўғиндаги раҳбарларни "ўз тизимида пастга тушиб" ишлашга чақирган.

Давлат раҳбари 2019 йилда йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариб, 2020 йилга белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш, масъул ижрочилар ва муддатларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидлаган.

Мирзиёев ҳукумат олдига истеъмол товарларни, айниқса, озиқ овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва харажатларни камайтириш орқали нарх-навонинг кескин ошишига йўл қўймаслик, шунингдек, 2020 йилда туристлар оқимини 7,5 миллионга етказиш ва хизматлар экспортини 1,5 миллиард доллардан ошириш" вазифасини қўйган.

Мустақил иқтисодий таҳлилчи, Тошкентдаги Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов фикрича, 2019 йили Ўзбекистонда иқтисодий соҳалардаги айрим ислоҳотларни ортга қайтариш ҳаракатлари кузатилди, матбуотдаги танқидий чиқишларга тоқатсизлик бошланган.

Унинг Би-би-си билан суҳбатла айтишича, 2019 йилнинг асосий воқеаси солиқ ислоҳоти бўлган.

"Эски солиқ тизимида мамлакатимизнинг барқарор самарали иқтисодий ривожланиши умуман имконсиз эди. Солиқ сиёсати бунинг учун имкониятлар барпо этади. Аммо унга ҳамма дардларнинг давоси, дарров мевасини беради, эртагаёқ мамлакатимизда иқтисодий мўъжиза юз беради, деб қараш ҳам керак эмас. Лекин солиқ ислоҳотисиз тараққиёт йўли ёпиқ эди, дейиш мумкин. Солиқ ислоҳотини ҳаётга татбиқ этишда қатор хатоларга йўл қўйилди. Булар эса бизнесларга, солиқ ислоҳотининг имиджига ҳам салбий таъсир қилди. Ҳукумат йилнинг иккинчи ярмида йўл қўйилган хатоларни тузатишга киришди. Бу, агар биз яна ушбу йўналишда ишлашни давом эттирсак, озроқ вақт ўтиб янада самарали солиқ тизимига эришамиз, деган умидни уйғотади", деб айтган Юлий Юсупов.

Аввалроқ Британияда чоп этиладиган Economist ҳафталиги Ўзбекистонни "йил мамлакати" деб топган.

Нашр уч йил аввал ёпиқ давлат бўлган Ўзбекистон қисқа вақт мобайнида муҳим ислоҳотларни амалга оширганини қайд этган.

Жумладан, мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, "Жаслиқ" қамоқхонасининг ёпилгани ва хорижлик журналистларнинг мамлакатга киритилаётгани ижобюий ўзгаришлар сифатида қайд этилган.

Айни пайтда Economist ҳафталига минтақдаги мухбири Жоанна Лиллиснинг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, ҳуқуқ-тартибот тизимларида ноқонуний ҳибсга олишлар ва қийноқлар йўқолмаган.

Унинг сўзларига кўра, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ўзгаришларга қарамай, аҳолининг энг тамал эҳтиёжлари, жумладан, газ ва электр таъминоти соҳасидаги муаммолар ҳал этилмай қолмоқда.

"Ҳукумат буларнинг устида ишлаши керак, "йил мамлакати" ҳали мукаммал мамлакат дегани эмас", деб айтган Economist мухбири аввалроқ Би-би-си билан суҳбатда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek