Ўзбекистон: Президент нутқи, умид сўнмаган, аммо...

Конституция қабул қилинган кунга бағишлаб ўтказилган маросимда президент Шавкат Мирзиёев матбуот эркинлиги ва жамоатлик назоратининг аҳамиятига кенг урғу берган. Бироқ ўзбекистонликлар президентнинг бундай гапларига қандай муносабатда?
8 декабрь куни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганига 27 йил тўлди, аммо кўплаб ўзбекистонликлар Бош қомус, дея аталувчи ушбу муҳим ҳужжатнинг фақат қабул қилинган кундагина эсланиши, амалда эса унинг кучи мутлақ эмаслигини айтадилар.
7 декабрь куни ушбу санага бағишлаб ирод қилган нутқида президент Шавкат Мирзиёев мансабдор шахслар қабул қилаётган ҳужжатлар, уларнинг хатти-ҳаракатлари, умуман олганда, бутун жамият ҳаёти Конституцияга мувофиқ бўлиши лозимлиги ва қонун устуворлиги таъминланиши шартлигини таъкидлаб ўтган.
Аммо президент Мирзиёев маҳаллий раҳбарлар ҳали қонунларни билмаслиги, қонунларга амал қилишга рўйхушлик бермаётгани, бунинг оқибатида сўнгги 1 йил ичида маҳаллий ҳокимликлар ва халқ ўртасида ўзаро совуқ муносабат юзага келганини эслаб ўтиб, мамлакатда ҳозиргача қонун устуворлиги таъминланмаганини тан олган.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ўзбекистон ўзи қудратга келгунга қадар ёпиқ мамлакат бўлгани, ҳозирда эса оммавий ахборот воситалари ва блогерлар муаммоларни очиқ олиб чиқаётганини эътироф этган.
«Оммавий ахборот воситалари муаммоларни одамларга қанчалик кўп очиб берса, раҳбар сифатида улардан шунчалик миннатдор бўламан», деган Мирзиёев.
Президент бундан кейин халқ дардини амалда, яқиндан билишга интилмаган, қонунларга амал қилмаган шахс Ўзбекистонда раҳбар бўлолмаслигини ҳам таъкидлаган.
Умуман олганда, президент нутқи давомида барча қонунларнинг Конституцияга мувофиқ бўлиши, қонун устуворлигини таъминлашда жамоатчилик назорати ва матбуотнинг ўрни, сўз эркинлиги аҳамияти, журналист ва блогерларнинг дахлсизлиги каби мавзуларга алоҳида урғу берган.
«Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ», таъкидлаган президент Мирзиёев.
Маҳаллий матбуот ҳам президентнинг айни таъкидларини бош сарлавҳаларга олиб чиққан.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
«Ишонгим келяпти, лекин ишонолмаяпман»
Би-би-си маҳаллий матбуот вакиллари ва одамларнинг президентнинг ушбу нутқига қандай муносабатда эканини билишга қизиқиб кўрди.
Би-би-си билан суҳбатлашган маҳаллий журналистлардан бири нутқ давомида айтилган гаплар «жуда чиройли» экани, аммо «асл ҳаётда ҳаммаси тескари бўлаётгани»ни билдиради.
«Кўпчилик журналистлар хурсанд бўлди, энди бизнинг ҳам кўксимизга офтоб тегадиган бўлди, дейишмоқда. Бироқ мен ишонмадим, ишонолмадим», сўзлайди у.
"Ҳоким сўкдиям, таҳдид қилдиям - чора кўрмадик. Шундай экан, президентимизнинг қуруқ гаплари нимани ҳам ўзгартирар эди", давом этади у.
Унинг сўзлашича, қудратга келгандан сўнг «тадбиркорларни бошимда кўтариб юраман», дея ваъда берган президент замонида тадбиркорларнинг «оғири енгиллашмаган».
"Қанча ҳуқуқини талашиб, хор бўлган тадбиркорларни кўрдим ва кўряпман. Журналистлар ҳам шу.
Биз тўлқинландик, раҳмат, дейиш учун айтилди бу гаплар. Амалда эса ҳаммаси ўша-ўша", дейди журналист.
Би-би-си фикрини олиш учун алоқага чиққан айрим маҳаллий матбуот вакиллари президент нутқини ҳали тўлиқ эшитмагани, фақат ундан парчаларни маҳаллий сайтларда ўқигани учун ҳам, ҳозирча, «бир нарса, дея олмаслиги»ни айтади.
Нутқ давомида «сўз эркинлиги борасида сиёсат қатъийлиги, бу сиёсатдан ортга қайтиш бўлмаслиги алоҳида қайд этилгани»ни хабар қилган Telegram'даги Davletov.uz канали Шавкат Мирзиёев сўзлари негизида «ортга йўл йўқ» хабарини сезгани ҳақида ёзади.
«Аввалги маърузаларида адолат, халқ фаровонлигига урғу берилар эди. Бу гал асосий эътибор демократия, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги масалаларига қаратилди», дея ёзади канал муаллифи.
«Нутқни эшитмадим, лекин коррупцияни йўқотишсин»
Би-би-си Тошкент кўчаларида микрофон тутган одамларнинг аксарияти 7 декабрь кунги президент нутқи мазмунидан бехабар эканини билдиради.
Би-би-би мухбири ўнга яқин одамга нутқда матбуот эркинлиги ва жамоатчилик назорати масалаларига асосий урғу берилганини айтганида эса улар бу борада бирор фикр билдира олмасликларини айтдилар.
Аммо талаба эканини маълум қилган бир қиз бу мавзуларданда муҳимроқ муаммолар борлигини таъкидлайди.
«Нутқни эшитмадим, лекин президентимиз одамларнинг фаолроқ бўлишга чақиришдан аввал ўқишлардаги коррупцияни йўқотишга эътибор қаратсинлар. Шу гапимни инобатга олиб қўйинг», дейди у.
Журналистика йўналишида ўқишини айтган бошқа бир талаба йигит эса президент нутқини охиригача эшитгани ва Шавкат Мирзиёев «оммавий ахборот воситаларини анчагина кўкларга кўтаргани» ҳақида гапиради.
Би-би-сининг «президент айрим мансабдор шахсларни қонунларни билмаслик ва халқ дардига қулоқ солмасликда айблади; сизнингча, амалдорлар матбуот ва халқ билан қандай ишлаши керак» деган саволига талаба шундай жавоб беради:
«Ҳукумат вакиллари, эндиликда, оммавий ахборот воситалари билан доимий алоқада бўлиши керак. Эндиликда, улар чиқарган қарорлар қарорлигича қолиб кетмаслиги керак. Матбуот қарорларни ёритсин ва халқ янги қарор чиққани, энди ўзгаришлар бўлишини билсин».
«Юртимизда Конституция борлиги эсланадиган кун…»
Ижтимоий тармоқларда матбуот эркинлиги ва жамоатчилик назорати мавзуларидан ташқари Конституциянинг мавқейига доир турли фикрлар ҳам илгари сурилди.
Айрим жамоатчилик фаоллари ва блогерлар ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Конституциянинг аллақачон фақат 8 декабрь куни ўтувчи байрамда эсланадиган қонунлар тўпламига айланиб қолгани ҳақида ёзиб чиқди.
Жумладан бир Facebook фойдаланувчиси «8 декабрь - юртимизда Конституция борлиги эсланадиган кун», дея киноя қилади.
Блогер Обиджон Латипов Facebook'да қолдирган постида агар конституция яхши ишласа, уни эслашга ҳожат қолмаслигини айтади.
Журналист Анора Содиқова эса Facebook'да мамлакат конституциясини кишанланган шерга қиёслайди.
"Йил бўйи буз-бузлардан дод деган хусусий мулк дахлсизлиги ҳуқуқи бузилган неча-неча одамлар мурожаат қилди. Прописка масаласинику эслатмай қўяқолай. Умуман олганда қонунлар тез-тез бузилганидан биз Конституция моддаларини ёдлаб олдик. Энди уни юқоридагилар ҳам ёд билиб, амал қилса бўлгани", дея ёзади Анора Содиқова.
Асли иқтисодчи, Бакиро номи билан ижтимоий тармоқларда машҳур Отабек Бакиров эса Ўзбекистонда йиллардан буён такрорлаб келинадиган «Конституция - бахтимиз қомуси» шиорига турли бадиий ўхшатмаларни ўз ўқувчиларига тақдим этади.
«Конституция ишласагина бахтимиз қомуси, ишламаса, амал қилинмаса, бахтсизлигимиз боши, қашшоқлигимиз, ёввойилигимиз, қолоқлигимиз асоси... ижтимоий тенгсизлик тегирмони, сиёсий суверенитет савдосига айланади,» дея фикрини билдиради Бакиров ўзининг Telegram'даги каналида.
Яна бир таниқли блогер Муҳрим Аъзамхўжаев кўплаб фуқаролар Конституцияда ўзларини ҳимоя қилувчи моддалар борлигини билмаслиги, аммо бу билмаслик одамларнинг айби эмаслигини билдиради.
«Бу масалада ҳам уларни айблаб бўлмайди — ким Конституциямизнинг аниқ бир моддасига орқа қилиб, бирор бузилган ҳуқуқини тиклабди?» савол ташлайди Аъзамхўжаев.
Муҳрим Аъзамхўжаев Конституцияга шу пайтга қадар 14 марта ўзгартириш киритилганини маълум қилиб, кенг омма таъбири билан айтганда, амалдорлар учун "лазейкалар" яратиб берувчи «қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно» деган жумлаларни Конституциядан чиқариб ташлаш, бундай жумлалар билан Конституциянинг асосий қонун мавқейига путур етказилишини тақиқловчи 15-ўзгартириш киритишни билвосита таклиф этади.
«Шундагина юртдошларимиз Тошкентга келганда прописка деган балодан қутилиб, Конституциямиз ҳам халқ ичида танилиб кетар», дея ёзади Аъзамхўжаев Telegram'да.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












