Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёевга етиб бўлмайдими ёки ишлаш керак...

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёевга етиб бўлмайдими ёки ишлаш керак... - ўзбекистонлик мулозимларнинг ишлаш тартиби Ғарбда худди шу каби мулоҳазаларни пайдо қилган. Таҳлилчиларга кўра эса, бу энг аввало Ўзбекистонда ҳали ҳам давлат сиёсий тизими авторитар экани далолатидир.

Ўзбекистондаги мавжуд вазият яқинда Буюк Британиянинг нуфузли "Рейтер" ахборот агентлиги диққатига тушган.

Агентлик ўз ўқувчисини узоқ куттириб ўтирмасдан, шу саволнинг ўзини сарлавҳага олиб чиқиб қўя қолган.

"Фақат иш, ўйнаш йўқ: Ўзбек мулозимлари ишчан раҳбарларига бас кела олишмаяптими?", - деган.

Нашрнинг Тошкентдаги ўз кузатувларига таяниб ёзишича, Ўзбекистонда узоқ йиллар амалда бўлган раҳбардан олдин ишдан кетмаслик одати ҳалиям йўқолмаган.

Аксинча, ислоҳотчи Шавкат Мирзиёев қудратга келгач, янада кучайган, таъбир жоиз, мулозимларнинг ҳаётлари янада қийинлашган.

Агентлик ўз мақоласини мисол билан бошлаган.

Тошкент халқаро анжумани чоғида юз берган бир воқеани ёдга олган, тасвирлаган.

Ёзилишича, ҳамма иштирокчилар ўз жойларини эгаллашаркан, келишувни тасдиқлаш билан овора ўзбек мулозими сўнгги дақиқада ҳушдан кетган.

Олиб чиқиб кетишаркан, ҳамкасблари буни унинг тадбир олдидан қаттиқ сиқилганига йўйишган.

Муаллифга кўра, бу икки ҳолат Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг уч йилдан буён дам олишсиз, кунига 15 соатлаб ишлаб, ҳушларини йўқотиш даражасида ҳолдан тойиб қолишаётганига оид кенг тарқалган қарашларнинг яна бир ифодаси бўлган.

Мирзиёевнинг ўз издошидан ҳам кўпроқ ишлаш одати қуйи бўғинлардаги барчани ҳам шундай йўл тутишга ундамоқда, деб ёзади нашр.

Фавқулодда ҳолат...

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

2017 йилнинг апрелида видеоселектор йиғилишига тааллуқли деб ишонилган ва интернетда тарқалган аудиоёзувда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда юзага келган ижтимоий-иқтисодий вазиятни "ниҳоятда оғир" деб таърифлаган.

"Аҳвол ниҳоятда оғир", - деб айтган Мирзиёев.

Президент мамлакатда кадрлар тайёрлаш дастури барбод бўлганини тан олган ва ҳукумат келаётган икки йил мобайнида "фавқулодда ҳолат"да ишлашини эълон қилган.

У вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ҳокимлардан ўзи эълон қилган ислоҳотлар режаси ва халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан ҳар ҳафта шахсан ҳисоб беришни талаб қилган.

"Икки йил фавқулодда иш тизимига ўтамиз,мен ўзим назорат қиламан", - деб айтган.

У мулозимларни "ё муаммони ҳал қилиш ёки ишдан кетиш" ҳақида огоҳлантирган.

"Ҳаммаси илгаригидек қолади, деб ўйладингизми? Йўқ, энди асло аввалгидек бўлмайди", - деган Шавкат Мирзиёев.

Буни агентлик ҳам ўз мақоласида алоҳида тилга олиб ўтган, унга тўхталган.

"Рейтер"нинг ёзишича эса, натижада ўз иқтисодини ташқи дунёга очаётган Ўзбекистонга оқиб келаётган хорижликлар ишбилармонлар учрашувлари чоғида маҳаллий мулозимларни бедор тутиш каби ноодатий ва қўшимча вазифа қаршисида қолишмоқда.

Агентликнинг Ғарблик бир молиячидан иқтибос келтиришича, тушдан кейинги учрашувлари чоғида ўзбекистонлик ўрта бўғин мулозимини икки бор ухлаб қолган.

Тизимдаги ҳолдан кетиш ҳолатини сезган шекилли, Мирзиёев ўтган ой мулозимларга бироз енгиллик берди.

Уларнинг шанба кунлари кечки соат 17:00 да ишдан кетишлари мумкинлигини айтди.

Якшанбани эса, ўз оилалари билан бирга ўтказишлари кераклигини уқтирди, деб давом этилади бу мақолада.

Аммо, шунда ҳам, бир ўзбек мулозимининг "Рейтер"га айтишича, "амалда ҳеч нарса ўзгармаган". Яъни, ҳаммаси деярли ўша туришича қолган.

Бу нима дегани?

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Би-би-си Ўзбек хизматининг худди шу саволига жавоб бераркан, "менинг назаримда, бу ерда бир қанча нуқталар бор", - дейди Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Суҳбатдошимизга кўра, бу, биринчидан, Ўзбекистонда Меҳнат кодекси ишламаётганидан далолат беради.

Иккинчидан, Ўзбекистонда давлат сиёсий тизими ҳамон авторитар экани нишонаси бўлади.

"Чунки инсон ҳуқуқлари, жумладан, давлат мулозимларининг ҳуқуқлари тўлақонли, тизимли топталаётгани ишора қилади".

Таҳлилчининг айтишича, бу ўринда яна бир жиддий масала бор, у ҳам бўлса, давлат бошқаруви самарадорлигининг даражаси ниҳоятда паст эканлигидир.

Унга кўра, мавжуд ҳолатни ўнглаш учун дунё тажрибасини Ўзбекистонга олиб кириш, янги бир сиёсий зеҳният, янги бир сиёсий маданиятни шакллантириш, сиёсий тизимнинг самарадорлигини ошириш ва одамларни расман иш вақтлари тугагандан кейин, кетишларига изн бериш керак.

"Бундан бошқа муқобили йўқ. Бу тизимни қанчалик тезроқ жорий қилинса, шунчалик Ўзбекистоннинг ўзига, жамиятга, халққа, давлатга яхши бўлади", - дейди таҳлилчи.

"Инерция ҳолатида қолаяпти мана шу муаммо", деркан, Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, "Янги, иккинчи маъмуриятда мана шу вазиятни ислоҳ қилиш, ўзгартириш имконияти мавжуд".

"Акс-ҳолда, бунинг хавфли жиҳати шундаки, Ўзбекистоннинг маълум бир муддатдан кейин яна ўша қаттиқ авторитаризмга қайтиш эҳтимоли юқори бўлиб қолаверади".

Таҳлилчига кўра, инсон ҳуқуқларини таъминлаш хусусида сўз кетганда, у одам танламайди, ҳаммага бир хилда тааллуқли тушунча бўлади.

"Давлат мулозимининг ҳақ-ҳуқуқи бузилар экан, ҳақ-ҳуқуқлари бузилган мулозим жамиятнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди. Уни ҳурмат қилмайди. Демакки, жамиятда мана шундай занжирли реакция кетиши эҳтимоли пайдо бўлади", - дейди суҳбатдош.

Камолиддин Раббимовнинг айтишича, "бу - Ўзбекистоннинг глобал имижи ва Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларга катта зарба бўлаверади".

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Унга кўра, "Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ниҳоятда заиф, инсон ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилиш жуда ҳам заиф, Ўзбекистон парламентида, давлат тизимлари ичида инсон ҳуқуқларини талаб қиладиган бирор бир мулозим ёки сиёсатчи мавжуд эмас, яъни, раҳбарият учун ҳам кичкина ойликка икки-уч баробар кўп ишлатиш доим қулай".

Аммо, таҳлилчининг энг сўнггида алоҳида қайд этишича, " алал-оқибат буларнинг барчаси раҳбарият учун салбий оқибатсиз кечмайди".

Шу йил август ойидаги расмий хабардан эса, Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ўн етти йиллик раҳбарлик фаолияти давомида биринчи бор расман меҳнат таътилига чиқиши экани маълум бўлган.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг декабрь ойида расман Ўзбекистон президенти ўлароқ қасамёд келтирган. Унгача 4 йил давомида мамлакат Бош вазири сифатида ҳам хизмат қилган.

Ўшанда Мирзиёевнинг расман қисқа меҳнат таътилига чиқишига оид расмий хабар Ўзбекистон билан боғлиқ ижтимоий мулоқот тармоқларини устма-уст қизитаётган хабарларнинг навбатдагисига айланганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek