Ўзбекистон: Давлат аралашмаган шу иш қолувди ёки ҳамма нарсада халқнинг ўзи айбдорми?

Сурат манбаси, President.uz
Ўзбекистон: Давлат аралашмаган шу иш қолувди ёки ҳамма нарсада халқнинг ўзи айбдорми? - бу яқинда Сенатнинг яна бир зиддиятли қарорига оддий ўзбекистонликларнинг муносабатлари. Шундай экан, ўзбекларга давлат назорати керакми?
Ўзбекистон Сенати эса, ўзбекларнинг энг ҳаётида энг муҳим ўрин тутувчи тўй ва маросимларни ихчамлаштиришга қарор қилган. Бу ҳақда махсус Низомни тасдиқлаганди.
Бу мавзу мустақил Ўзбекистоннинг чорак асрдан ортиқроқ давом этган тарихида ҳар икки президенти эътибор қаратган, ҳукумат даражасида ечим топишга уринган мавзулардан бири саналади.
Жумладан, ўтган йил Шавкат Мирзиёев ва ўзбекистонлик сенаторларнинг тўйлар борасида фикри икки жойдан чиққан.
Президент тўйларни қарор билан ихчамлаштиришга тарафдорлик қилган.
Сенат эса, тўйлар ихчам ва камхарж бўлиши учун юқоридан қарор шарт эмас, балки пастдан онгли равишда бўлиши лозим, деган мавқеъни тутганди.
Дабдабали тўйлар ва маросимлар мавзуси қайта-қайта кун тартибига чиқаётган, аммо ҳануз ўзининг якуний ечимини топа олмаётган Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта сон(33 миллиондан ортиқ-таҳр.)даги давлати ҳисобланади.
Аксарият аҳолиси чекка қишлоқ ҳудудларида яшовчи ва асосан мавсумий қишлоқ хўжалик юмушларида банд бўлган Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳануз ўзининг самарали ечимини кутиб ётган энг ўткир, долзарб муаммолардан иккитаси бўлади.
Миллионлаб ўзбекистонлик ва улар оилаларининг тирикчилиги, йилларки, четда меҳнат муҳожирлигида банд оила аъзоларининг орқасидан ўтади.

Сурат манбаси, umida ahmedova
Устига устак, курси расман эркин қўйилиши манзарасида ўзбек сўми АҚШ доллари муқобилига қадрсизланиб бораётган сўнгги ойларда бутун Ўзбекистон бўйлаб нарх-наволарнинг янада жадаллик билан ортиб бораётгани кузатилади.
Худди шундай бир ҳолатда, айниқса, охирги йилларда Ўзбекистон минтақанинг бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут анчайин шиддат билан кенгайиб бораётган давлати сифатида ҳам эътироф этила бошлангани ҳам кўзга ташланади.
Экспертлар орасида эса, Ўзбекистон олигархик капитализм йўлини тутаётганига оид баҳолар умумийлашиб бораётгани кўрилади.
Тўйлар эса, жамияти анъанадор бўлган Ўзбекистонда ҳали-ҳануз аксарият аҳоли ҳаётида энг муҳим ўрин тутувчи воқеъликлардан бири бўлади.
Мамлакатдаги мавжуд иқтисодий вазиятга қарамай, тўйлар ва маросимлар ҳашами ҳамда бунинг муқобилида сарф-харажатларининг ҳам йил сайин шитоб билан ортиб бораётгани кузатилади.
Сенатнинг ушбу масалага аралашуви сабабига тўхталаркан, раиси Танзила Норбоева ҳам буни дабдабали тўйлар деб, одамларнинг қанчалик қарзга ботиб бораётгани ва уни узиш учун ҳатто четга ишлаш учун кетишга мажбур бўлаётгани ҳолати билан изоҳлаган.
Акс-садолар

Сурат манбаси, courtesy
Аммо, шунда ҳам, Сенатнинг 14 сентябрь кунги Низоми ўзбекистонликлар томонидан бир хилда кутиб олинмаган, ўта кескин ва қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган.
Мазкур Низомга мувофиқ эса, тўйларни ўтказишда бундан буёғига "шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўйилмайди".
Тўйларда "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш" каби қўшимча расм-русмлар бекор қилинади.
Мазкур янгилик Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги акаунтларида ҳам ойнинг энг кўп эътибор қаратилган, фолловерлари орасида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган мавзуларидан бири бўлади.
Акаунтларимиздаги ҳар бир пост ўнлаб коментларга сабаб бўлгани кўрилади.
Ўзбекистонликларнинг бу хусусдаги коментлари умумиятла уч нуқтада бирлашади, инсонларнинг шахсий ҳаётларига аралашув, чеклов, ўтопик ёндашув қабилида ўзининг талқинини топади.
"Давлат авваламбор ўзининг ишини уддаласин. Нарх-наво, коррупция, ишсизлик...", - деб ёзилади ана шундай коментларнинг бирида.
Бошқасида эса, "Чеклов билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Буни тарихда кўрганмиз", - дейиларкан, тўйларда ароқ қўймаслик тўғрисидаги фармойишлар эслатилади.
Яна бир ўзбекистонлик, "Давлатни аралашмаган иши шу қолувди, одамлар ўзи фаросатини озгина ишлатса, кўпгина чиқим қилмас эди", - деган.
Айрим ўзбекистонликлар наздларида эса, "Улар (Сенатдагилар - таҳр.) ҳам еган нонларини оқлаб егилари келаяпти-да. Хаёлларига келган нарсани қонун қилишмоқчи". "Уларга раҳмим келаяпти", - дея якун ясалган ана шундай коментларнинг бирига.
Худди шу фикрнинг узвий давомидек кўрилган бошқа бир коментда эса, "Олий мажлисдагиларнинг бошқа қиладиган иши қолмабди, шекилли. Шунча муаммо турибди, улар тўйларни қисқартиришни ўйлайди. Нарх-наво ошиб ётибдию. Ҳа, ўзбеклар кўп гўшт егани учун гўштнинг нархи ошди, энди катта тўй қилани учун қарзга ботиб, чет элга ишга кетишаяпти ўзбеклар🤣🤣🤣, бошқа нарса ўйлаб топишолмади шекилли, халқнинг ўзи ҳамма нарсада айдор, гўшт ема, тўй қилма🤣🤣🤣", дея ёзилган.
"Назорат қилиниши шарт", деган яна бир интернет фойдаланувчиси эса, "лекин фақат оддий халқ эмас. Балки шу қонунни қабул қилиб, тасдиқловчилар ҳам назорат қилиниши керак(ишониш қийин бўлса-да). Ўшанда адолатдан бўлади", - дея ўз фикрларини давом этдирган.
Бошқа бирига кўра, "Ленин ҳаммани тенглаштирмоқчи бўлди, халёпараст бўлиб чиқди".
Ўзбекистонликлар орасида Сенат Низомини муттасил ошиб бораётган нарх-наволар муаммосининг ечими сифатида кўрганлар ҳам бўлган.
Яна бир интернет фойдаланувчиси буни порахўрлик ҳолларига барҳам бериши мумкин бўлган чора сифатида ҳам талқин этган.
Бир сўз билан айтганда, қолдирилган кўпчилик коментлар, гўёки, Ўзбекистон бугун юз тутиб турган актуал муаммолар билан уйғунликда таҳлил, талқин этилган.
"Керак, сабаби нарх-наволарга кескин таъсир кўрсатади. Кўпгина оилалар шунинг учун бузилиб кетаяпти. Агар, халқ онгли равишда ўзи қилганида, давлат аралашмаган бўларди", - дейилади ана шундай коментларнинг бирида.

Бошқа бир ўзбекистонлик наздида эса, "мана шундай чекловлар эвазига тўйхоналар ўрнига завод-фабрикалар қурилади". Яъни, бу Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг асосларидан бири бўлиб хизмат қилади.
Коментлар орасида, "Аллоҳ бу ишларни бошлаганларга куч-қувват ва сабр берсин", деганлари ҳам кўрилган.
"Буни қонун билан тасдиқлаб, йўлга солиш керак. Тартибни бузганларга катта жарима солиш керак.", - деганлари ҳам анча-мунча учраган.
Қолдирилган фикрлар орасида кам бўлса-да, "Шунчаки ҳамма айб ўзимизда, ўзбекларда, ўзимизча ғурурлимиз, паст келгимиз келмайди, бировдан ортда қолиш биз учун, худдики, шармандалик ва шу нарсаларни тўғри қабул қилишни умуман билмаймиз", деганлари ҳам кўзга ташланган.
"Тўғри, айрим бачкана урф-одатларни йўқ қилиш керак, лекин дабдаба ва ҳашамат ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатиши керак, деб ўйлайман. Керак бўлса, 40 кун тўй қилсин, қурби етса ТИТАНИК каби ҳашаматли кораблда ўтказсин тўйини.... Энг муҳими, инсон ўз даражасини билсин, айниқса, биз ўзбеклар. Ахир қишлоқда яшасангиз, "ФEРРАРИ" сотиб олиб, ҳайдай олмайсиз-ку, чунки қишлоқ йўлларида бу машинани хўрлайсиз, холос. Худди қурбингиз етмаган ҳашаматли тўйни қарз кўтариб қилиб, кейин ўзингиз хўрлангандай. Қисқаси, ўзбек ўз даражангни бил ва шунга яраша иш қил!!!", - дейилган.
Тўйлардаги сонлари чекланишини назарда тутаркан, Сенатнинг Низоми ҳатто ўзбекистонлик аксарият санъаткорларни нафақат беэътибор қолдирмагани, ҳатто, хавотирга солгани ҳам кўрилган.
Айни шу хабар манзарасида Ўзбекистондаги қатор номдор, эл таниган хонандалар ўзига хос флешмобга қўл уришган.
Ўзларининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги акаунтларида ўз даромадлари акс этган роликларни чоп этишга киришишган.
Асосий даромадлари тўй ва маросимлардан эса-да, топаётган пуллари сенаторлар хаёл қилган даражада кўп эмаслигини кўрсатмоқчи бўлишган.
Бунақаси ҳам Ўзбекистоннинг тўйларни ихчамлаштириш билан боғлиқ бу яқин тарихида кузатилмаган воқеъликка айланган.
Сиз-чи, юқоридаги қай бир фикрга қўшиласиз? Ёки бу масала борасида сиз қандай қараш ва муносабатдасиз?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












