Ўзбекистон, Мирзиёев: Демократик жараёнлар ортга қайтмайдиган тус олдими?

Сурат манбаси, President.uz
31 август куни Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тантанада сўзга чиққан президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги «демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олган»ини таъкидлади. Би-би-си Ўзбек Хизмати айнан ўтиш даврида меҳнат қилаётган, сўз эркинлиги учун курашаётган ўзбекистонлик журналистларнинг президент билдирган бу сўзларга нисбатан муносабатини билишга қизиқиб кўрди.
«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида нутқ ирод қилган президент Мирзиёев шундай деган:
"Бугун бир фикрни қатъият билан таъкидлашни зарур, деб биламан: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди.
Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати - мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз!
Ўз мақсадларимизга албатта етамиз - келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!"
Тошкентлик журналист Хуршид Йўлдошевнинг фикрича, замонавий даврда демократиянинг мустаҳкамланиши тўсқинлик қилиб бўлмас глобал воқеликдир.
«Замонавий коммуникация воситалари, глобаллашган иқтисод ҳукуматларни очиқроқ бўлишга мажбур қилади. Ҳукуматлар истагани учун эмас, мажбур бўлганидан ҳам фуқароларга эркинлик беради. Айни шу нуқтаи назардан демократик жараёнлар глобал тенденциянинг бир кўриниши,» дейди у.

Сурат манбаси, facebook
Бироқ Йўлдошев ортга тисарилишлар бўлмаслигига кафолат йўқлигини ҳам таъкидлайди.
«Аммо ортга тисарилишлар бўлмайди деб айта олмайман. Бизда сайловлар бор, ҳокимиятлар бўлиниши қоғозда бўлсада бор, журналистлар аввалгидан кўра эркинроқ ёзмоқда, мансабдорлар ҳисоб беришга мажбур бўлмоқда. Аммо давлат бошқарувида ҳамон қонун эмас, шахслар, қонуности ҳужжатлари ҳукмрон. Парламент ва суд ҳокимияти мустақил ва таъсирли эмас. Келаётган парламент сайловларидан сўнг кўрамиз, бу парламент ўзгарадими ёки эски ҳаммом, эски тослигича қоладими.»
Журналист Никита Макаренко демократик ислоҳотларни амалга оширишга жамиятнинг ўзи халал бераётганини айтади. Унинг фикрича, одамларнинг ўз шахсий фикри ҳали шаклланиб етилмаганлиги, масъулиятсизлик, лоқайдлик жамиятдаги энг жиддий муаммолардир.
"Ҳозирча, Ўзбекистондаги барча демократик ташаббуслар фақат бир муаммога бориб тақалмоқда. Бизда фуқаролик жамияти ақл бовар қилмас даражада ношуддир. Одамлар ўзлари учун масъулиятни ўз гарданларига олишни истамайдилар. Жамиятда шундай фалсафа ҳукмрон: «Ҳаммаси яхши бўлиши учун яхши раҳбарни тайинлаш керак.» Ва ҳамма нарсани ундан кутадилар, агар у ёмон чиқса - янгисини кутадилар," сўзлайди Макаренко.

Сурат манбаси, Nikita Makarenko
Никита Макаренко асл демократия тамойиллари ишлай бошлаши учун нодавлат ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилиши, фуқаролик уюшмалари ва ҳаракатлари фаоллашиши лозим, деб ҳисоблайди.
"[Ўзбекистонда] жамият фаровонлиги учун ўзи мустақил ҳаракат қилиш фалсафаси мавжуд эмас. Шу сабабдан ҳам бизда нодавлат-нотижорат ташкилотлар, уюшмалар, ҳаракатлар, кўнгилли ташаббуслар каби фуқаролик институтлари мутлақо ривожланмай қолиб кетган. Қайд этиш лозим, узоқ йиллар давомида барча ташаббуслар жамиятни фалажлантириб келди. Ҳозир жамоатчилик фаолияти билан саноқли жонбозлар шуғулланмоқда, холос."
Бундан ташқари журналист Макаренко демократик жараёнлар юқоридан эмас, пастдан бошланишини таъкидлаб, биринчи навбатда маҳаллий ҳокимликларга сайловлар ташкил қилиш зарурияти ғоясини илгари суради.
«Айнан шу ердан асл демократия ва халқ ҳокимияти бошланади. Бошқарувчи раҳбарлар сайланиши лозим бўлган ўз уйимиздан. Агар, масалан, эртага вилоят ҳокимлигига сайловлар ўтказилса, одамлар сиёсий ҳаётда фаол иштирок этадими? Ўз номзодлигини таклиф этадими? Баҳслашадими? Баҳслар уюштирадими? Гуруҳлар ва партиялар атрофида бирлашадими? Тажрибамиз йўқ. Уни мисқоллаб йиғиш керак. Аммо бошлаш лозим. Энг қуйидан, энг оддий нарсалардан бошлаш зарур. Парламент сайловлари арафасида одамларда сиёсий жонбозликни кўрмаяпман. Демократияни оддий нарсалардан ўрганмоқ керак. Туман ҳокимларини сайлаш ажойиб дебоча бўлар эди.»
Муносабат: «Президент асл вазиятдан бехабар»

Сурат манбаси, Kamola Shermatova
Асосий журналистлик фаолиятини «Тошкентда эмас, балки халқ орасида, қишлоқ-овулларда» ўтказишини таъкидлаган Камола Шерматова маҳаллий ҳокимлар туфайли вилоятларда одамларнинг президент ўтказаётган ислоҳотларга нисбатан ишончи сусайгани ҳақида сўзлайди.
Ўз касбий бурчини бажариш чоғида маҳаллий амалдорлар босимига дуч келган Шерматова ҳокимиятнинг қуйи бўғинидаги мансабдорлар президент Мирзиёев ўтказишга уринаётган демократик очиқлик сиёсатига қарши зимдан тоқатсизлик билдирмоқда.
«Вилоятларда журналистлар фаолиятига тўсқинликлар бўляпти, очиқлик сиёсатига қарши раҳбарлар ҳам бор. Мен сизга буни исботлаб ҳам беришим мумкин,» дейди у.
«Лекин менда барибир умид бор. Президентимиз арқонни узун ташлаб қўйибдилар. Вақти келганда, унга ҳўлу қуруқ барибир осилади. Фақат бунга озгина вақт керак, халқимиз ҳам ўз ҳаққини талаб қилишни ўрганиши керак… Президентимиз ҳам шу талаб қиляпти - одамларимиз ҳаққини талаб қилсин, деяпти,» давом этади Шерматова.
Камола Шерматова журналист ўлароқ халқ дарди билан яшай ва ишлай бошлаганидан бери бир жойда муқим ишлолмай қолганини айтади.
"Журналистларни ҳеч ким ҳимоя қилмаяпти. Бу сизга Сурхондарё мисолида айтаман: «Обод қишлоқ» дастури доирасида муаммоларни ёритгани бордим. У ерда аварияга учрадим. Бир аҳволда ишга қайтсам, бошлиғимга босим бўлибди - келишимга ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғим тайёр турибди. Бу ҳақиқатни ёритганим оқибати. Меҳнат дафтарчамни кўрсангиз, ишонмайсиз, 52 жойда ишлаганман. Кимнинг меҳнат дафтарчасида 52 ташкилотнинг печать-штампи бор? Вилоятларга чиқаман, мақола ёзаман, ортга қайтсам, ишдан бўшатилган бўламан."
«Сиз ўзингиз маҳаллий раҳбарлар демократик очиқликка қаршилик қилаётганини айтяпсиз. Унда президентнинг куни кеча бу борада таъкидлаганлари баландпарвозликми ё асл вазиятдан бехабарликми ёки била туриб кўз юмишми?» деган саволга у президент Шавкат Мирзиёев «ҳақиқатни ундан яширувчи амалдорлар» орасида қолиб кетганини айтади яна ишидан айрилиш хавотири туфайли ҳозирда меҳнат қилаётган ташкилоти номини сир сақлашни афзал билган журналист аёл.
Кун.уз нашри журналисти Зафар Солижонов эса мутлақ демократик жамият барпо этиш йўлида ҳукумат «ёш қон»га муҳтож эканини билдиради.

Сурат манбаси, Zafar Solijonov
"Ҳозирги замонда ҳукуматимиз ёш, билимли, куч-ғайратга тўла, миллатини севадиган ёш «жангчи»га эҳтиёж сезмоқда. Эски техника билан узоққа бориб бўлмайди, буни бизгача катта давлатлар ўз тажрибасида синаб бўлган. Давлат чиндан ҳам ҳақиқий демократия қурмоқчи бўлса, халқ яхши яшашини истаса, муҳим лавозимларни профессионал ёш кадрларга (синов тариқасида бўлса ҳам) топшириши керак," деган қарашни илгари суради у.
Шунингдек, у парламент фаолиятини кучайтириш заруриятига ҳам эътибор қаратади.
"Шу билан бирга, жамиятда сиёсий партиялар роли ва халқнинг «тили» бўлган - парламент нуфузини ҳам ошириш лозим. Шунда кўзланган мақсадларга эришса бўлади."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












