Ўзбекистон адабиёти ва санъати бош муҳаррири нега ишдан олинди? O'zbekiston, adabiyot

Сурат манбаси, Facebook
Ўзбекистон адабиёти ва санъати таҳририяти ходимларининг Би-би-сига билдиришларича, газета бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр лавозимидан четлатилган.
Рўзнома ходимлари бош муҳаррир ишдан бўшатилганидан хабардор бўлганлар, бироқ сабаби нима экани таҳририятга айтилмаган.
"Биз ҳам шу хабарни эшитиб, ҳайрон ва хафа бўлиб ўтирибмиз", деди Ўзбекистон адабиёти ва санъати таҳририятида ишлайдиган ходимлардан бири.
Бош муҳаррир лавозимидан бўшатилишига таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст билан суҳбатнинг газетада босилгани сабаб бўлганми, деган саволга жавоб беролмадилар газета таҳририятининг бир неча ходими.
Бундан олдин социал медиада Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг мақоласи учун ишдан олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Унда таниқли ёзувчи Ўзбекистонда қурилаётган ситиларни пуфакка қиёслаган.
"Саноқсиз ситилар, йилда бир марта мажлис ўтадиган ҳашаматли бинолар, зўрлаб тиқиштирилаётган турли "намунали" уйлар, бойларга аталган, лекин ҳалигача харидор топилмай бўм-бўш турган қасрнамо уйлар узра буюк бир пуфак шишиб келмоқдаки, бир-икки йил ичида пақ этиб ёрилиб кетиши муқаррар. Пуфакни ва шу баҳона ҳамённи шишираётган муттаҳамлар четга қочади, алданган эл қолади, бўғзигача қарзга ботган мамлакат қолади. Кейин нима бўлишини ўйлашга юрагим бетламайди", деб ëзган адиб.
Би-би-си манбаларига кўра, ушбу фикрлар "юқоридаги раҳбарларга" ёқмаган ва уларнинг фармойиши билан бу йил 70 йиллигини нишонлаган таниқли ёзувчига қарши ахборот кампанияси бошланган.
Интернет нашрларига кўра, ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстга қарши информацион кампанияга Канадада яшайдиган журналист Исмат Хушев ҳам қўшилган.
- "Маҳалла" телеканалидаги Фикрлар чорраҳасига қизил чироқни ким ёқди?
- Ўзбекистон: Матбуот очилмоқда, аммо одамларчи?
- Бош вазир: Қачон блогерлар давлат мукофоти олганди?
- Журналист ҳибсда, Тошкент Лондондаги матбуот эркинлиги анжуманига ҳайъат юборади
- "Снослар", норозиликлар ва... МТРК нима ҳақда сукут сақламоқда?
"Ҳукуматдаги баъзи гуруҳларга яқинлигини рўкач қилишни хуш кўрадиган Хушев жонли эфирда Ислом Каримовнинг собиқ матбуот котибини "снос"лар масаласида одамларни тинчлантириш ўрнига норозилигини кучайтиришда айблади", деб хабар қилади minbar.uz
Тажрибали журналист Ўктам Мирзаёр жамиятдаги салбий ҳолатларга ҳам ўз муносабатини билдириб келади.
Хусусан, яқинда у халқни бой ва камбағалга ажратадиган қонунларни қабул қилаётганларни танқид қилди "Маҳалла" телеканали намойиш этган "Журналист нигоҳида "чала" қонунлар" кўрсатувида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















