Дунё, Ислом ва Ўзбекистон: Мусулмонлар Ислом, масжид ва намозхонлар ҳимоясига отланишди

Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

(Бу видео BBC Ўзбек хизматининг Афғонистон учун Ўзбек тилидаги ТВ дастуридан олинди).

АҚШ: Мусулмонлар Ислом, масжид ва намозхонлар ҳимоясига отланишди. Кўнгилли Қўриқчилар Хизматини ташкил қилишди. Аммо ўта кескин муносабатларга ҳам тўқнаш келишди. Америкада юз минглаб ўзбекистонликлар ҳам яшашади.

Хавфсизликлари Америка Қўшма Штатларидаги мусулмонларни кўп вақтлардан бери ташвишга солиб келаётган энг муҳим масалалардан бири бўлади.

Бир томондан, Американинг ҳозир қудратда бўлган республикачи президент Дональд Трамп ўзининг мусулмонларга қарши кескин чиқишлари билан танилган.

Унинг бу каби ошкора чиқишлари ва бунинг ортидан қабул қилаётган қарору фармонлари Америка жамиятида аксилмусулмон кайфиятларни янада кучайтирмай қолмаган.

Бошқа тарафдан, сўнгги йилларда дунёнинг бошқа нуқталарида мусулмонлар ва уларнинг масжидларига қарши қаратилган қонли ҳужумлар ҳам уларни бундан-да ҳушёр торттирган.

Жумладан, шу йил март ойида Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида қўшалоқ масжид нишонга олинган.

Мамлакат Бош вазири "террорчилик амали", дея таърифлаган ҳужумлар ўнлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлганди.

Маълум бўлишича, Нью-Йоркнинг Бруклин мавзесидаги мусулмонларнинг бу каби ташаббус билан чиқишларига ана шу ҳужумларнинг ҳам таъсири озмунча бўлмаган.

Ана шу қонли ҳодиса ортидан, хавфсизлик у ердаги мусулмонлар учун кун тартибидаги асосий масалага айланган.

Кўнгилли Мусулмон Қўриқчилари ўтган бир неча ой ичида масжидлар ичкарисию ташқарисида ўз ҳозирликларини кучайтиришган.

Айниқса, бу йилги Рамазон ойида бутун диққат-эътиборларини масжидлар ва намозхонларнинг хавфсизликларига қаратишган.

Мусулмонлар

Сурат манбаси, courtesy

Акс-садолар

Уларнинг бу ташаббуслари Бруклиндаги кўпчилик томонидан хуш қаршиланган.

Аммо ижтимоий мулоқот тармоқларида бир хилда қарши олинмаган.

Қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган, таҳлилчилар ва экспертлар эътиборини ҳам тортган, баҳсу мунозараларни яхшигина қизитган.

Ўта ўнгчи қарашда бўлган айрим шарҳловчилар мусулмонларнинг бу ишларини, ҳатто, "Шариатни жорий этиш"га ҳам тенглаштиришган.

Бошқа томондан, Нью-Йорк кўчаларида полиция кучларининг етарли сонда экан, ҳатто шаҳар полицияси департаменти қошида Мусулмон Зобитлар Уюшмасининг фаолиятда экани ҳам бу каби хизматга қанчалик ҳожат бўлганига оид турли саволларни пайдо қилган.

Хизматнинг асл мақсадини шубҳа остига олган фикрлар ўртага чиққан.

"Биз улар (кўнгилли мусулмон қўриқчилари - таҳр.) ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Бу гуруҳ жамоамиздан четда туришларини истайман. Зеро, улар туфайли келиб чиққан бир кичик муаммо мусулмон жамоамизга ёмон таъсир қилиши мумкин", - дейди жумладан Араб Америка Уюшмаси вакиласи Сомия Алровмэйм.

АҚШ ва мусулмонлар

Мусулмонлар

Сурат манбаси, courtesy

Ислом Америка Қўшма Штатларидаги учинчи йирик дин саналади.

"Пью" халқаро тадқиқот марказининг 2017 йилги ҳисоб-китобларига таянилса, Америкадаги мусулмонларнинг сони уч ярим миллион кишидан ортади.

Нью-Йорк ва Бруклин Америка Қўшма Штатларининг ўзбекистонликлар ҳам энг кўп сонда яшовчи шаҳри ва мавзеларидан бири бўлади.

Кўнгилли Мусулмон Қўриқчилари Хизмати ҳамасосчиси Нур Рабаҳнинг айтишича, маҳаллий мусулмонлар кўпчилиги беҳаловат, кўнгиллари нотинч ва нимадир рўй бериши мумкинлиги хавотирида яшашади.

2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин Америка Қўшма Штатларида мусулмонларга нисбатан кайфиятни ҳануз бир хилда ижобий, деб бўлмайди.

Америкадаги мусулмон жамоалари орасида ҳам полицияга нисбатан ишончсизлик ҳисси ҳам кучли.

Кўнгилли Мусулмон Қўриқчилари Хизмати машинаси

Сурат манбаси, courtesy

Аммо Бруклиндан ташқаридаги қолган мусулмон жамоаларининг бу кўнгилли қўриқчилар хизматини ҳимоячи куч сифатида қабул қилиш-қилмасликлари саволи ҳам очиқ.

Лекин, маълум бўлишича, хизматга ёлланаётган мусулмон кўнгиллилари сони ортмоқда ва улар келаси йилдан бошлаб ўз фаолиятларини бутун Америка Қўшма Штатлари бўйлаб йўлга қўйиш режасидалар.

Хизмат ҳамасосчиси сўзларидан маълум бўлишича, кўнгилли мусулмон қўриқчилари полиция каби кучишлатар ваколатига эга эмас.

Асосий мақсад ва вазифалари мусулмонларга нисбатан зўравонлик ва бошқа салбий ҳолатлар кузатилганда, бу ҳақда расмийларни бохабар этишдан иборат, холос.

АҚШ, Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар

Президентлар

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон айнан аксар аҳолиси мусулмон давлат контекстида Америка Қўшма Штатлари янги республикачи президенти Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси чоғида хосан тилга олган давлатлардан бири бўлади.

Дональд Трамп Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номига Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тўхталиб ўтган.

Сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, 2013 йилда Америка Қўшма Штатларининг Айдахо штатида террорчилик айблари билан ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг номини тилга олган, "бундайларни ўз мамлакатида истамаслигини" баён қилган.

Худди шу ўринда, "Қаерда жойлашганини биласизми, ҳаҳ?", - деган такрорий саволлари билан эса, республикачи номзод дунё харитасида Ўзбекистон, деган давлат борлигидан ўзининг қанчалик бохабар эканини ҳам намойиш этган, қатор нашрларнинг ҳажв ва танқидлари остида ҳам қолиб кетганди.

Ўзбекистонни "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, бошқа мамлакатлардан мусулмонларни Америкага киришини тақиқлаш ғоясини эсларкан, Дональд Трамп уларни "террорчилар", деб ҳам атаганди.

Алал-оқибат 2016 йилги президент сайловида ғолиб чиққан республикачи номзоднинг 4 август куни Портланд шаҳрида янграган бу сўзлари турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликларнинг ғазабнок муносабатларига сабаб бўлганди.

2017 йилнинг 20 январь куни расман АҚШ президенти сифатида қасамёд келтиришидан саноқли ойлар ўтиб, Трамп Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини ҳайит билан табриклайди.

Худди ўша йил якунида Дональд Трамп Ўзбекистоннинг ўзига ўхшаб янги президенти бўлган Шавкат Мирзиёевни Америкага расман таклиф қилади.

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Шу санага яқин бир пайтда эълон қилган Афғонистонга оид янги стратегиясида эса, президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини ҳар томонлама яхшилаш, таъбир жоиз, ҳатто, қайтиб минтақага "кириб бориш" истагида эканликлари маълум бўлади.

Уларнинг бу режасидан АҚШ маъмурияти афғон можаросига Марказий Осиё давлатларининг ҳар томонлама фаол иштироклари воситасида ҳам ечим топиш истагида экани англашилади.

Орада айнан Нью-Йоркда Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Сойипов томонидан уюштирилган "террорчилик амали" ҳам томонларнинг илиб бораётган муносабатларига соя ташлай олмаган.

Ўзбекистон алал-оқибат Дональд Трампнинг тақиққа учраган исломий ёки аксар аҳолиси мусулмон давлатлар рўйхатига четда қолган.

Аммо бу - 2017 йил ҳисобидан миллати ўзбек экани айтилаётган шахс томонидан четда уюштирилаётган тўртинчи ҳужум бўлган.

Сўнгги икки-уч йил ичида Америкада камида етти нафар ўзбек терроризмда айбланиб, судга тортилган.

Ҳозиргача суд иши якунланганларнинг ҳаммаси узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилишган.

Мавжуд воқеълик хориждаги ўзбекистонликлар радикаллашмоқдами, деган саволларни ўртага отмай қолмаганди.

Нью-Йоркнинг Бруклинидаги Кўнгилли Мусулмон Қўриқчилар Хизмати сафларида ўзбекистонлик мусулмонларнинг бор-йўқликлари маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek