Вашингтон, Оқ Уй: Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ўз сўзларига ишонтира олдими?

Оқ Уй

Сурат манбаси, President.uz

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон ва АҚШ президентлари ўртасидаги тор ва кенг доирадаги музокаралар ўзаро ишонтириш ва нисбатан эътирофлар манзарасида кечган.

Асосий эътибор минтақавий, иқтисодий, ҳарбий ҳамкорлик, ислоҳотлар ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Маълум бўлишича, Трамп билан музокаралари чоғида президент Мирзиёев, "Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган прогресс орқага қайтмаслик хусусиятига эга эканлигини" таъкидлаган.

Вашингтон, Оқ Уй: Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ўз сўзларига ишонтира олдими? - журналист Навбаҳор Имамова:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистондаги "виждон маҳбуслари", болалар меҳнатидан мунтазам фойдаланиш ва мажбурий меҳнат ҳоллари билан боғлиқ бугунги аҳволга ҳам эътибор қаратилган.

Расмий хабарларга кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида Ўзбекистон бу соҳаларда сезиларли ютуқларга эришганини қайд этган.

Қайд этиш эса, Ўзбекистонда "виждон маҳбуслари" озод қилингани, болалар меҳнатидан мунтазам фойдаланишнинг тугатилганлиги ва мажбурий меҳнат кўламини қисқартиришга эришилгани мазмунида талқин этилган.

Оқ Уйдаги музокаралар ортидан маълум қилинишича, ҳар икки президент инсон эркинликларини ҳимоя қилиш ва диний эркинликни илгари суриш бўйича амалий ҳамкорликни фаоллаштиришга тарафдорлик қилишларини айтишган.

Ўзбекистон президенти эса, диний эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли "йўл харитаси"ни ҳаётга тадбиқ қилишга қатъий тайёр эканлигини айтиб ўтган.

Ўзбекистондаги "виждон маҳбуслари", инсон ҳуқуқлари, диний эркинликлар ва болалар меҳнати билан боғлиқ аҳвол, йилларки, расмий Вашингтоннинг диққат марказидаги, жиддий хавотирларию танқидларига сабаб бўлиб келаётган мавзуларнинг энг муҳимларидан бири бўлади.

Минтақавий ҳамкорлик

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ янги президентининг Жанубий Осиё бўйича стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган бир манзарада АҚШ раҳбари кучли ва мустақил Марказий Осиёнинг муҳимлигини қайд этган.

АҚШ маъмуриятининг ўтган йил якунида эълон қилган Жанубий Осиё бўйича янги стратегияси Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро алоқаларни аввал кузатилмаган бир даражада мустаҳкамлашни кўзда тутади.

Президент Дональд Трампнинг айни мазмундаги баёноти геосиёсий рақиблари бўлган Россиянинг сўнгги йилларда минтақада ўз манфаатлари парваришлаш ҳаракатига тушиб қолган бир манзарада янграган.

Сиёсий таҳлилчилар эса, Россия билан мавжуд геосиёсий танглик манзарасида расмий Вашингтон минтақа давлатлари билан яқинлашиш сиёсатида, асрларки, ўзлари учун муҳим бўлган келган қадрият ва тамойилларга кўз юмишгача бориши мумкинлигини башорат қилишганди.

Чоршанба кунги музокаралар тафсилотларидан маълум бўлишича, президентлар Афғонистон, хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорлик масалалаларига ҳам эътибор қаратишган.

Томонлар Афғонистон дуч келаётган хавф-хатарларга барҳам бериш бўйича ўз мулоқотларини кенгайтириш аҳдида содиқ қолишган.

АҚШ Давлат Департаменти ва АҚШ Қуролли Кучлари Марказий Қўмондонлиги қўмондони ортидан, шу йил март ойидаги Тошкент халқаро анжумани Дональд Трампнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Ўзбекистон томони сўнгги икки ўн йилликда Афғонистондаги халқаро иттифоқ кучлари учун муҳим бўлган Шимолий таъминот тармоғини қўллаб-қувватлашда давом этишга ҳам ваъда қилган.

Томонлар Афғонистон билан чегаралар хавфсизлигини таъминлаш ва гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласининг олдини олишдан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиш истагида эканликлари маълум бўлган.

Афғонистонга бевосита чегарадош бошқа минтақа давлатлари билан солиштирганда эса, Ўзбекистонники энг кучли ҳимоя этилганларидан бири бўлади.

Худди шу боис ҳам, Афғонистон билан чегаралар хавфсизлигини таъминлаш масаласи нега Оқ Уйдаги музокаралар кун тартибига чиққани саволи минтақавий ҳарбий таҳлилчилар эътиборини ўзига тортган нуқталардан бири бўлган.

Устига устак, бу каби янгилик расмий Тошкент афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш ҳаракатларида яна бир бор дипломатик воситачи бўлиш ташаббуси билан халқаро саҳнага чиққан бир манзарада кузатилган.

Ўзбекистон ва АҚШ мудофаа соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш истагида эканликлари, бунинг учун беш йилга мўлжалланган илк ҳарбий режа ижросининг муҳим эканлигини урғулашган.

Ҳозирча, Оқ Уйда тилга олиб ўтилган бу режа тафсилотлари маълум эмас. Аммо бугун - Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифининг сўнгги кунида Ўзбекистон президентининг Пентагонда ҳам музокаралари режалаштирилган.

Сўнгги янгилик эса, расмий Тошкент АҚШ каби дунёдаги яна бир қудратли стратегик шериги Россия билан ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорликни кучайтириш ҳаракатлари манзарасида кузатилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик

Томонларнинг, шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иқтисодий ҳамкорликларини чуқурлаштириш, бу билан янги иш ўринлари яратиш истагида эканликлари маълум бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ компаниялари ва инвесторларига Ўзбекистон бозорига кириш имкониятини яратиш ва тақдим этишга тайёр эканлигини билдирган.

Расман маълум қилинишича, илк "тарихий расмий ташриф"нинг дастлабки икки кунида Ўзбекистон ва АҚШ ширкатлари ўртасида 20 дан ортиқ йирик шартнома имзоланган.

Улар тўлиқ ҳаётга тадбиқ этилган тақдирда, умумий қиймати 4.8 миллиард долларни ташкил этиши чамаланган.

Бу эса, АҚШда 10 минг иш ўрнини сақлаб қолиши ва ўз навбатида, келгусида бир неча миллиард доллар миқдоридаги шартномалар учун янги имкониятлар яратиши эътироф этилган.

Марказий Осиёдаги аҳолиси энг каттаси (30 миллиондан ортиқ) саналувчи Ўзбекистонда ҳам ишсизлик, йилларки, энг долзарб муаммолардан бири саналади.

Ўзбекистонлик энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари эса, айнан Америка Қўшма Штатларининг минтақадаги геосиёсий рақиби бўлган Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Аммо Вашингтонда имзоланган янги шартномалар Ўзбекистондаги ишсизлик муаммосини қанчалик енгиллатишига оид рақамлар ҳозирча расмий хабарлар тафсилотларидан ўрин олмаган.

Дастлабки хабарларда сўз умумий қиймати 8 миллиард АҚШ долларидан ортувчи шартномалар, имзоланиши кутилаётган 40 дан ортиқ ҳужжатлар ҳақида кетган.

Аммо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи давом этмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek