Дональд Трамп Ўзбекистон ҳақида нима билади?

Сурат манбаси, courtesy
Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари янги республикачи президенти Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси чоғида хосан тилга олган саноқли давлатлардан бири бўлади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Дональд Трамп Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номига Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тўхталиб ўтган.
Сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, 2013 йилда Америка Қўшма Штатларининг Айдахо штатида террорчилик айблари билан ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг номини тилга олган, "бундайларни ўз мамлакатида истамаслигини" баён қилган.
Худди шу ўринда, "Қаерда жойлашганини биласизми, ҳаҳ?", - деган такрорий саволлари билан эса, республикачи номзод дунё харитасида Ўзбекистон, деган давлат борлигидан ўзининг қанчалик бохабар эканини ҳам намойиш этган, қатор нашрларнинг ҳажв ва танқидлари остида ҳам қолиб кетганди.
Ўзбекистонни "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, бошқа мамлакатлардан мусулмонларни Америкага киришини тақиқлаш ғоясини эсларкан, Дональд Трамп уларни "террорчилар", деб ҳам атаганди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Алал-оқибат 2016 йилги президент сайловида ғолиб чиққан республикачи номзоднинг 4 август куни Портланд шаҳрида янграган бу сўзлари турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликларнинг ғазабнок муносабатларига сабаб бўлганди.
Ўша пайтда Ўзбекистон муваққат президенти бўлган Бош вазир Шавкат Мирзиёев эса, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон лидерларидан кейин Дональд Трампни ғалабаси билан қутлаган тўртинчи Марказий Осиё давлати раҳбари бўлганди.
Ўз табригини бу учовлондан бир кун кейин йўллаган ҳозирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг 45-президентига "соғлиқ ва масъулиятли давлат мансабида улкан муваффақиятлар, бутун Америка халқига тинчлик, осойишталик ва тараққиёт тилаб" қолганди.
Сайловолди амалиёти чоғида мусулмонларга қарши қайта-қайта янграган баёнотлари ва чиқишлари мисолида бўлгани каби аксарият таҳлилчилар республикачи номзоднинг Портланддаги сўзларини ҳам жиддий хавотир билан қарши олишган, аммо, Трамп ўз ваъдасида турган тақдирда, янги рўйхатга улардан айнан қайсиларининг тушажаги борасидаги саволга жавоб беришдан ожиз эканликларини ҳам ошкора тан олишганди.
Аммо, лекин, бироқ
2017 йилнинг 20 январь куни расман АҚШ президенти сифатида қасамёд келтиришидан саноқли ойлар ўтиб, Трамп Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини ҳайит билан табриклаган.
Худди ўша йил якунида Дональд Трамп Ўзбекистоннинг ўзига ўхшаб янги президенти бўлган Шавкат Мирзиёевни Америкага таклиф қилган.
Шу санага яқин бир пайтда эълон қилган Афғонистонга оид янги стратегиясида эса, президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини ҳар томонлама яхшилаш, таъбир жоиз, ҳатто, қайтиб минтақага "кириб бориш" истагида эканликлари маълум бўлган.
Уларнинг бу режасидан АҚШ маъмурияти афғон можаросига Марказий Осиё давлатларининг ҳар томонлама фаол иштироклари воситасида ҳам ечим топиш истагида экани маълум бўлганди.
Минтақавий таҳлилчилар, бошқа томондан, расмий Вашингтоннинг бу режасини Кремлнинг сўнгги йилларда минтақада кучайиб бораётган империалистик амбицияларига қарши туриш истаги билан ҳам изоҳлашган.
Эски-янги Россия ва АҚШ президентлари ўртасида давлат бўладими ва ёки расмийси, ҳалича бирор бир ташриф амалга ошмаган бир манзарада Ўзбекистон янги раҳбарининг қисқа вақтнинг ўзида Вашингтонга таклиф этилиши воқеълигини ҳам улар худди шунга йўйиб, талқин этишганди.
Ўзбекистон ва Америка ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йили ўрнатилган.
2006 йили Ислом Каримов Америка Қўшма Штатларига ташриф буюриб, ўша вақтдаги Президент Билл Клинтон билан учрашган.
Ўзбекистон ва Америка муносабатлари 2005 йилгача яхши ривожланган.
Бироқ Ғарб давлатларининг худди ўша йилги Андижон қирғини юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказилиши талаби ушбу илиқ муносабатларга чек қўйди.
Хонободдаги АҚШ ҳарбий базаси ёпилди. Мамлакатнинг бир қанча нодавлат ташкилотлари Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбурланди.
Янги Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда минтақа давлатлари Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори бўлиб қолишини таъкидлади.
Аммо расмий Тошкент Россия бўладими ва ёки АҚШ, дунёнинг глобал сиёсатда муҳим ўрин тутган қудратлари билан ўзаро манфаатли алоқаларини бирдек тутиш истагида эканликларини ҳам билдирди.
Худди шу манзарада Мирзиёев ҳукуматининг расмий Кремль баробарида Ғарб билан яқинлашиш сари қадамлар қўяётгани кузатилади.
Ўзбекистон янги президентининг Америка Қўшма Штатларига расман таклиф этилиши ҳам ушбу ҳаракатларнинг самараси сифатида кўрилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












