Томонлар расман тасдиқлашди: Шавкат Мирзиёев келаси ҳафта Америка Қўшма Штатларига боради

Мирзиёев ва Трамп

Сурат манбаси, president.uz

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Бу - Ўзбекистон янги президентининг Америкага илк расмий ташрифи бўлади.

Расмий хабарларга кўра, ташриф 15-17 май кунларига режаланган ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифи асосида амалга ошади.

Расмий Вашингтон Ўзбекистон президентининг "Оқ Уйга ташрифига "тарихий", дея баҳо бермоқда.

Маълум қилинишича, расмий ташриф "Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб беради".

Шавкат Мирзиёев эса, президент Дональд Трампдан ташқари, АҚШ Конгресси, Мудофаа вазирлиги, Давлат департаменти ва Жаҳон Банкида ҳам икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Президентларнинг учрашуви чоғида Ўзбекистондаги муҳим ислоҳотлар ижросининг ҳолатига ҳам эътибор қаратилади.

Икки ўртада савдо-сотиқ ва сармоя кўламини кучайтириш масаласи ҳам муҳокама этилади.

Хабарларга кўра, икки давлат раҳбарларининг музокаралари чоғида Афғонистон ва афғон можароси ҳам марказий мавзулардан бири бўлади.

Мирзиёев-Трамп, Ўзбекистон-АҚШ: 'Тарихий ташриф'дан томонлар нимага умид қилишмоқда? - Америкадан асли ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Мувозанатли ташқи сиёсат"

Таъкидлаш жоиз, расмий ташриф янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида Ўзбекистон дунёнинг икки қудрати - АҚШ ва Россия билан ҳар томонлама алоқаларини бирдек кучайтириш ҳаракатида бўлган бир манзарада амалга ошади.

Расмий Москва сўнгги йилларда ҳам геосиёсий ва ҳам геоиқтисодий маънода ўзининг империалистик амбицияларига зўр берган.

Худди шу ҳаракатлари манзарасида анъанавий равишда кўп томонлама ҳали-ҳануз ўзининг таъсири остида бўлган минтақа давлатларига ҳам кўз тиккан.

Янги президенти Дональд Трамп бошчилиги остида АҚШ маъмурияти ҳам афғон можароси фонида Марказий Осиё давлатлари билан ўзининг алоқаларини ҳар томонлама кучайтирмоқчи, "кириб бормоқчи".

Сиёсий таҳлилчиларга кўра, бу икки давлат ўртасидаги алоқаларга жиддий дарз етган ва икковлоннинг геосиёсий манфаатлари сабаб, минтақада танглик кучайиб бораётган бир манзарада Ўзбекистон дохил қолган Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари учун ҳам бу иш осон бўлмайди.

Бирдек ўзаро манфаатли алоқаларни "парваришлаш" учун бу ҳукуматларнинг икковлонга нисбатан мувозанатли, яъни "сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган" сиёсат олиб боришларига тўғри келади, бунинг учун эса, ҳатто, йиллар тақозо этилиши мумкин бўлади.

Афғон можароси ва ташқи сиёсат

Афғон можаросига тинч йўлда ечим топиш билан боғлиқ энг сўнгги саъй-ҳаракатлар эса, айнан Ўзбекистоннинг ҳиссасига тўғри келади.

Расмий Тошкент шу йилнинг 26-27 март кунлари худди шу мавзуга қаратилган олий даражадаги йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилган.

Анжуман янги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида Ўзбекистоннинг афғон можароси ечимида минтақада янги дипломатик воситачи сифатида ўртага чиқиш истагининг ифодаси сифатида талқин топган.

Бу каби тадбирга мезбонлик қилиш билан Ўзбекистон халқаро саҳнада ўзининг геосиёсий қудрати ва аҳамиятини янгилаш ниятида экани айтилган.

Таъкидлаш жоиз, ораларида Ўзбекистон каби, йилларки, қуролли низолар ичида бўлган Афғонистонга бевосита чегарадошлари бўлса-да, қолган бирор бир Марказий Осиё давлати бу яқин орада шунга ўхшаш ташаббус билан чиқмаган.

Россиядагисидан фарқли ўлароқ, Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент халқаро анжуманини расмий Вашингтон ҳам беэътибор қолдирмаган.

Тадбирга АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннонни юборган.

Анжуман ортидан унинг аҳамиятига АҚШ Давлат департаменти ҳам расман изоҳ бериб ўтган.

"Америка Қўшма Штатлари Афғонистон ҳукуматини тинчликка эришиш йўлида қўллаб-қувватлаши ҳамда Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар раҳбариятининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаши"ни билдирган.

Анжуманда АҚШ, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Туркия ва энг муҳими собиқ Толибон тузумининг ваколатхонаси жойлашган Қатар каби афғон можароси ечимида муҳим ўрин тутган барча йирик халқаро ва минтақавий ўйинчи давлатлар вакиллари ҳозир бўлишган.

Анжуман арафасида кузатилган анчагина гап-сўзларга қарамай, тадбир толиблар ўзларининг иштирокисиз кечган.

Аммо Қатарнинг ундаги ҳозирлиги Тошкент анжумани мақсадини "самарали бир тарзда" толибларга етказиш учун кифоя қилишига оид фикрларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek