Ўзбекистон ва Малибу-2 можароси: "Халққаям раҳм қилинг, эй ҳоким бойваччалар"

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи, Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов

BBCUZBEK.COM'нинг турли платформадаги ўқувчилари Навоий вилоят ҳокимининг ўринбосарларига сотиб олган қимматбаҳо машиналарига ғазабнок фикр билдирди.

Уларнинг кўпчилиги вилоят ҳокими ўзини Россия губернатори билан солиштирганига норози бўлган бўлса, бир тоифа ушбу пулларни нималарга сарфлаш мумкинлиги ҳақида фикр билдирган.

"Олдинлари подшоҳлар биронта шаҳар ёки давлатни босиб олсалар, подшоҳнинг яқинлари ўша ерларни бойликларини хоҳлаганча талон-тарож қилишга ҳақлари бўларди. Ўрта асрларга қайтиб қолмадикми? Булар биз танлаган раҳбарларми ёки бизни босиб олган босқинчиларми?", деб сўрайди Би-би-си мухлиси.

Норози оҳангда битилган изоҳлар жуда кўпчиликни ташкил қилган. Биз уларнинг айримларини келтириб ўтмоқчимиз.

"27 йилдан бери битта светни ёқишолмайсан, яна малибуга бало борми? Уят борми сенларда?".

Видео тагсўзи, Ўзбекистон: Дунёнинг қашшоқ давлатларидан бирининг амалдорлари нега қиммат машинада юради?

"Газини босинг, Навоий халқини ўйламанг. Тўқ қоринни оч қоринга иши йўқ!!!"

Изох қолдирувчилардан бири ҳокимнинг дунёқарашини савол остига олган.

"Ҳокимни дунёқарашига қаранг, бунақа ҳокимлар билан 100 йилда ҳам ривожланмайдику", дейди у.

"Шу бечора қишда қийналиб битта уйиниям иситишга қийналаётган халқниям ўйласа бўларди. Бунақа олди қочди гапларни гапиравермасдан халққаям раҳм қилила, эй ҳоким бойваччалар".

Ўқувчилардан бири Навоий вилоят ҳокими миниб юрган Toyota Prado машинаси учун ҳам норозилик билдирган.

"Ҳоким сен ўзингиз юрган машинани пулига 11 та Нексия 3 беради. Буни ёш болаям билади. Ўйлаб иш қилиш керак. Шу вилоят аҳолиси бор экан шуларга ҳокимлик қиласиз аҳолиси бўлмаса-чи".

Изоҳ қолдирувчилар ҳоким Қобул Турсуновнинг "қиммат машина олиш ваколатини бизга муҳтарам Президентимиз берган" деган гапларига ҳам эътироз билдиришган.

"Бу самолёт, виллани, қиммат иномаркани орзу қилган шу билан биргаликда президентга яхши пахта қўйиб давлатни халкни тунаб юрибди. Ман буни интервьюсини эшитдим 1 соат 4 минут ичида "муҳтарам юртбошимиз" деб бир сўзни 26 марта қайтарди. Одам шунчалик хам маддоҳ бўладими? Астағфируллоҳ, давлатни мана шунга ўхшаган маддоҳлар бошқариб ўтирибди. Президент ўзини жойлардаги вакилларини олигарх бўлиб яшашини орзу қилаётган, пахтакор маддоҳларни атайлаб ҳоким килиб тайинлаганми ёки бунга ўхшаган одамлар халки қашшоқ давлатда бир котта вилоятга ҳоким бўлиб қолиши тасодифми?", - дея сўрайди у.

Яна бир изоҳ қолдирувчи ҳоким Президент томонидан берилган пулни ихтиёри билан ишлатиш ваколатини бошқача тушунганини ёзган.

"Бу ҳокимнинг гапларидан кўриниб турибди-ку, Ҳурматли Президентимиз кўрсатма ёки топшириқлари бўйича маҳаллий солиқ тўловларидан туширилган маблағларини ўзларини ихтиёрида қолади, деб. Лекин Президентимиз томонидан айтилган топшириқлар бўйича маҳаллий ҳокимиятга қоладиган маблағларни ижтимоий сохаларга йўналтирилишини унутиб қўйибди. Кейинги сафар ўзингизга самолёт олинг, кейин ҳашаматли виллалар сотиб олинг ва ҳаммаси қолган маблағ ҳисобидан деб".

"Муҳтарам президентимиз айтдилар ялтиллаган оёк кийимларни ечинглар, этик кийинглар дедилар. МАЛИБУга мининглар демадилар", дея норозилик билдиради изоҳ қолдирганлардан бири.

Изоҳ қолдирганларнинг ичида саноқли сонда ҳокимнинг бу амалини оқлаганлар ҳам бор.

Улардан бири Навоийга келадиган хорижликлар учун ҳам амалдорлар қиммат машинада юриши кераклигини айтади.

"Навоий вилояти бутун дунё ишбилармонлари ва иктисодчиларининг нигоҳида. Тасаввур килинг, дунёда ўз ҳурматига эга шахс Навоийга келса, уни ҳоким ўринбосари велосипедда ёки Газ 24да кутиб олса, у инсон кайтиб Навоийга келмайди", дейди у.

Фикр қолдирувчилар ҳокимият амалдорлари учун олинган люкс машиналарнинг пулини нималарга ишлатиш мумкинлиги ҳақида ҳам ўз таклифларини ёзган.

"Энди самолёт олади бу. Қишда Малибунинг ичи роса иссиққина бўлса керак-а? Халқ совуқ уйда печка атрофида бола чақаси билан зимистон уйда ғужанак бўлиб ўтирса, бу ҳоким ва ёрдамчилари иссиқ, қиммат машиналарда, қасир уйларда ўтиришади. Машина ўрнига мактаб, боғча қуриб бер халққа", дейди YouTube каналимизда изоҳ қолдирган томошабин.

Яна бир фойдаланувчи шундай дейди: Ҳозир ҳам кеч эмас Бу барча малибуларни сотиб ижтимой соҳага мақсадли таьминотга пулларни ўтказиб берсангиз.

"Шунча пул сарф қилганча. Кам таъминланган оилаларга кичкина цех очиб берса бўларди. Тадбиркорларга ер ажратсин. Е-аукционга пулини тўлаб. Қанча иш ўрни яратилади. Э бу ҳокимларга тушунмадим".

"Навоий вилоятида ҳақиқат йўқ", деб ёзади навоийлик мухлис.

"Вилоятда бир қанча ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз оналар мавжуд. Ёрдам сўраб боришганда ҳоким ўринбосари, хотин қизлар қўмита раиси Содиқова Насиба Халиловна ҳокимдан ҳомий сўранг, сизга ёрдам беролмаймиз деган жавобни берган. Нечта аёл ёрдам сўраб борган бўлса, ёрдам беришмайди. Шунчаки ўзини айбдор қилиб, босим ўтказиб қайтариб юборишади", дейди у.

"Ундан кўра, мактаб боғчаларга дамас бериб, узоқдан келадиган болаларни оборадиган қилишса яхши бўларди".

Яна бир изоҳ қолдирувчи Навоий вилоятидаги муаммоларни санаган.

"Навои вилоятининг чекка қишлоқларида халк ичимлик сувидан газ йўқлигидан ўтин-кўмир йўқлигидан йиғлаганда бу қиммат машиналар ҳокимларимиз, ҳоким ёрдамчиларига ярашармикин ёки виждонларини ебдими булар. Томди Учқудуқ Қизилтепа, Хатирчи, Зарафшон, Навбаҳорда ишсизлик. Қишлоклар ёппасига четга ишлашга кетган. Хатирчида Лангарда аҳвол ўта оғир".

"Яна маънавият ҳакида гапирадия. Маънавият бу сенларни бюджет пулини совуриб юришингми? Ундан кўра ёш болали қийналган оилаларга, қарияларга бева-бечора, етим-есирларга, ногиронларга ёрдам бер. Қишни кунида кўмир олиб бер ун-ёғ"

Яна бир изоҳ қолдирувчи 5 та Malibu нинг пулига 5 та кичик цех очиб, 10-20 кишини иш билан таъминласа ҳамма раҳмат дейишини айтади.

Бошқаси 8 та малибунинг пулига 8 жиҳозланган тез тиббий ёрдам машинаси олиш мумкинлигини айтган.

Умумун изоҳ қолдирувчилар Навоий вилоятида ишсизлик катта муаммо эканлигини ва одамлар оила боқиш учун Россияга кетишга мажбур бўлаётганини айтган.

"Битта машинасини пулига битта замонавий боғча қурилса. Анчагина одам иш билан таъминланаркан. Анчагина оила аьзоларини оилавий бюжетига фойда келтираркан. Кўпгина болачалар замонавий боғчаларга бориш насиб қилган бўларди. Энди 8 та машинани пулига қанчалар одамлар иш билан таъминланиши мумкин эди".

Изоҳ қолдирганлардан бири Навоийнинг чекка қишлоқларида ичимлик суви муаммо бўлиб турган вақтда амалдорларнинг люкс машиналарда юришини қоралаган.

"Канимех деган томонларга чекка шўркўл деган жойлага одамлада на ичишга сув, на газ, на кўмир бор. Биз меҳмонга бориб кўриб келдик. Газ балон ҳам келса ҳар вақтда бир келаркан".

Фойдаланувчилардан бири ҳокимнинг машина олиб ривожланган давлатлар қаторига қўшиляпмиз, деган гапига шундай эътироз билдирган.

"Ривожланган давлат деганда булар факат коррупция ривожланган давлатни тушуниши аниқ. Канада қанчалик бой давлат ҳисобланмасин, рахбари ремонт талаб бўлган давлат идорасини халқнинг солиқлари эвазига катта маблағга ремонт қилишдан бош тортган. Агар бу дохийчаларнинг ишлаётган ва яшаётган жойларини улар кўрса... Йилни фаол инвестиция деб эълон қилгандан кўра раҳбар лавозимларга ҳалол ҳақиқий инсонпарвар одамларни олиб келган маъкулмиди".

Фикр билдирганлар ривожланган Европа давлатларида амалдорларнинг ишга жамоат транспорти ёки велосипедда қатнашига эътибор қаратган.

Кун.уз сайтига интервью берган вилоят ҳокими интернетда шов-шув бўлиб кетган ўринбосарларига 8 та Malibu-2 олиш масаласига батафсил тўхталган.Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов ўринбосарларига олиб берган 8 та Malibu-2 русумли машиналар масаласига изоҳ берди. Ҳокимга кўра Президент Мирзиёев маҳаллий ҳокимларга бюджетга тушадиган пулларни ўз ихтиёрлари билан ишлатиш каби "катта ваколат" берганидан сўнг машиналарни олишга имконият пайдо бўлган.

"Биз ваколатимиз доирасида, манба нуқтаи назаридан бизда бўш турган, фойдаланмаётган ер майдонлари, биноларни сотишдан тушган маблағлар ҳисобига. Яна бир нарсани ман ўзимга қайд этиб ўтишни жоиз деб биламан. Муҳтарам юртбошимиз томонидан маҳаллий бюджетга тушадиган, прогноздан, режадан орттириб бажарилган қисмини ўзларининг ихтиёрига қолдириш нуқтаи назаридан бизга жуда катта ваколатлар берилган".Ҳокимнинг таъкидлашича, вилоятда бўш турган бинолар ва ерларни сотиб ўз ўринбосарларига люкс русумдаги Malibu-2 олиб берган.

"Ман Россиянинг губернаторлари, губернатор ўринбосарлари қандай кечиряпти, экан деган нарса билан боғлиқ бўлди. Ман биламан биз билан ҳамкорликда бўлган ўша вилоятлар ҳам дотацияда турибди. Бу дегани улар давлат таъминотида турибди. Лекин вилоятини айтолмайман, узр сўрайман, ўша губернаторимизнинг ўзини самолёти, ўзининг хизмат вилласи, 3 та чет элдан сотиб олиб келган, бизнинг кеча тилга тушган мошиннинг қийматидан биттасининг нархи 8 баробар қиммат хизмат машинасида юрар экан", дейди у.У Навоий вилояти билан ҳамкорлик қилаётган Россия губернияларидан бирини ўзининг ҳолатига солиштириб кўрган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek