Марказий Осиё ва дунё: Ўғирланади, аксаран жинсий зўрланади, гоҳида ўлдирилади...

Бурулай

Сурат манбаси, шахсий архивдан

    • Author, Наргиза Рисқулова
    • Role, Би-би-си, Бишкек

Бишкекда келин ўғирлаш бўйича жамиятда кучли акс-садо берган иш устидан ҳукм ўқилди. Мажбуран никоҳига олиш мақсадида одам ўғирлаш ва қасддан қотилликка қўл уришда айбланган 30 ёшли Марс Бодошев 20 йил умрини қаттиқ тартибли колонияда ўтайдиган бўлди.

Суд Бодошевнинг айби тўла исботланди, дея ҳукм чиқарди. Унинг шериги Акмат Сеитов одам ўғирлашда иштирок этгани учун етти йилга озодликдан маҳрум этилди.

БМТ берган маълумотларга кўра, Қирғизистонда оилаларнинг 20 фоизи ҳамон келин ўғирлаш асосида қурилади.

Хўш, қирғиз жамиятида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур воқеа қандай содир бўлган эди ва унинг тафсилотлари нималардан иборат?

Бундан ярим йил муқаддам Бурулай исмли қиз билан содир бўлган фожиа қирғизистонликларни даҳшатга солган эди. Май ойида 19 яшар қиз ўзини ўғирлаб, турмушга чиқишга мажбурлашга уринган эркакнинг қўлида ҳалок бўлган.

Бурулай Турдали қизи - Қирғизистонда мажбуран никоҳлаб олиш мақсадида ўғирланадиган минглаб қизларнинг бири. Freedom House инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти мамлакатда ҳар йили 8 мингдан то 12 мингга қадар қиз бундай ўғирлик қурбонига айланишини тахмин қилади.

Бироқ минглаб олиб қочиш ва юзлаб фожиалар ичида айнан Бурулайнинг ўлими жамиятда катта шов-шувга сабаб бўлди: қиз бевосита милиция бўлимининг ўзида қотиллик қурбонига айланди.

27 май куни Марс Бодошев синфдоши Акмат Сеитов билан Бурулайни уйининг ёнидан олиб қочиб кетади. Воқеадан хабар топган қизнинг ота-онаси дарҳол милицияга мурожаат қилади ва келин ўғрилари тушган машина пойтахтдан 70 километр нарида тўхтатилади.

Ўлим билан тугаган «бахтга элтувчи» ўғирлик

Машина тўхтатилгандан сўнг жабрдийда билан икки ўғрини милиция бўлимига олиб келадилар. Қиз билан хонада ёлғиз қолган ўғри эркак тўсатдан эшикни ичидан қулфлаб олади. Милиция ходимлари эшикни бузиб очишганда, бир неча марта пичоқ еган Бурулай қонга беланиб ётар, қотил ҳам ўз жонига қасд қилишга уринган эди.

Эркак ва қиз оғир ҳолда касалхонага олиб борилади. Афсуски, Бурулайнинг жонини сақлаб қола олмайдилар.

Машинани тўхтатган йўл патруль ходимлари ва Бурулай ҳалок бўлган милиция бўлими хизматчиларидан иборат 23 нафар ички ишлар органи ходимлари интизомий жавобгарликка тортилган, беш нафар милиционерга нисбатан эса лоқайдлиги учун жиноий иш қўзғатилган.

"Бурулай ўлимининг олдини олиш мумкин эди. Бу бутун қирғизистонликлар учун мактаб бўлсин - келин ўғирлаш фожиага олиб келиши мумкин. Ёшлар икки томонлама истак асосида оила қуриши лозим ва оталар фарзандларини дафн қилмаслиги шарт," дейди Бурулайнинг отаси Турдали Кожоналиев.

Бурулайнинг ота-онаси қизининг ўта ваҳшийлик билан ўлдирилганини исботлаш йўлида етти ой судма-суд югурдилар. Улар милиция ходимларини гумондор ва жабрдийдани узоқ вақт ёлғиз қолдиришда ҳам айблаганлар.

Жабрланувчи томон маънавий товон сифатида қотилнинг оиласидан 2 миллион сом (таҳминан, $40 минг) талаб қилган. Шунингдек, улар суддан Бодошевни умрбод озодликдан маҳрум қилинишини сўраган.

Судланувчи ва айбдор

Сурат манбаси, courtesy

Суд уларнинг талабини қисман қондирган: Бодошевнинг оиласи моддий ва маънавий товон сифатида 800 минг сом тўлайди.

Бурулайнинг ота-онаси ўзини қизини асрай олмасликда айблаётганини маълум қилади.

Фожиага қадар бир неча ой муқаддам ҳам Марс Бодошев Бурулайни ўғирлаб кетади, аммо қариндошларнинг қистови билан уни яна уйига ташлаб келади. Ўшанда қизнинг ота-онаси деди-деди кўпаймаслиги учун милицияга арз қилмайди.

Ҳозир улар ўша бепарволигидан афсус чекаётганини айтади.

Ўтган ярим йил ичида кенг жамоатчилик ва турли инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Бурулайнинг оиласини беминнат қўллаб келган.

Суд давомида Бодошевнинг ҳимоячилари қизнинг ўзи ўғирлашга розилик билдирганини исботлашга уринган. Бироқ суд ўғирланиш жараёнига бевосита гувоҳ бўлганларнинг кўрсатмасини инобатга олган.

«Бахтли қурбон»

Келин ўғирлаш одати (Қирғизистонда "ала качуу" деб аталади) кучли патриархал анъаналарга эга Кавказ ва Ўрта Осиё жамиятларида мавжуд.

Маълумотларга кўра, Қирғизистонда мазкур одат азалдан турли ижтимоий табақа вакиллари ўртасидаги никоҳнинг асосий имконияти бўлиб келган. Масалан, икки ёш тўй учун ота-она рухсатини қўлга кирита олмаса ёки куёвнинг қалин пулини тўлашга қурби етмаса, қиз олиб қочилган.

Қадим қирғиз анъаналарига биноан, куёвликка номзод дўстлари ёрдамида ўғирланган қизни ота-онаси уйига олиб келади. Шундан сўнг йигитнинг қариндошлари қизни келинликка розилик белгиси бўлмиш оқ рўмол ўрашга кўндира бошлайдилар.

Бундай ҳолларнинг аксариятида аёллар қизни кўндириш учун ўзларини ўғри эркак билан умргузаронлик қилаётган «бахтли қурбон» сифатида тасвирлайдилар.

Сўнг уйга мулла келади ва никоҳ ўқийди. Диний маросим якунланиши билан куёвнинг қариндошлари қизнинг уйига йўл оладилар.

Совет даврида бу одатга деярли чек қўйилган эди. Бироқ иттифоқ қулаши ортидан у яна оммалаша борди. Кузатувчилар бунга мамлакатдаги беқарор иқтисодий муҳит сабабчи, дея тахмин қиладилар.

Келин ўғирлашнинг баъзи қисми қизнинг розилиги билан амалга оширилса, кўп ҳолларда, йигит ўзи учун бегона ёки унча яхши танимайдиган қизни ҳам ўғирлаб кетади.

Қирғизистон жазони ижро этиш Давлат хизматининг маълум қилишича, ўтган беш йил ичида мажбуран никоҳга киритиш мақсадида одам ўғирлаш ҳолати юзасидан бор-йўғи 895 нафар аёл шикоят қилган, холос. Айни вақтда арзларнинг 80 фоиздан ортиғи қайтариб олинган.

Натижада атиги 161 та жиноят иши очилиб, қиз ўғирлашда айбланган фақат 73 одамгина шартли жазо ўтамоқда. Қирғизистон жазони ижро этиш Давлат хизматига кўра, 2018 йилда жазони ўташ муассасаларида қиз ўғирлаш айби билан озодликдан маҳрум этилган бирор фуқаро бўлмаган.

Жуда кам қизларнинг ўғирлик ҳолатлари юзасидан милицияга арз қилишининг сабаби атрофдагиларнинг дастаги йўқлиги билан изоҳланади. Агар қиз бундай ҳолат ҳақида шикоят қилса, у ҳолда қариндошлар ва жамиятнинг маломатига қолади.

«Муаммо шундаки, қизлар ва уларнинг яқинлари ўз ҳуқуқини билмайди. Ҳатто, улар арз қилган тақдирда ҳам терговчилар жиноий иш қўзғашни истамайди, қизни йигитнинг уйида қолишга кўндиришга уринадилар. Агар иш судгача борган тақдирда ҳам судьялар жабрланувчининг ўзига босим ўтказади, натижада ҳаммаси бир жойда айланиб юраверади. Муаммо жамиятнинг онгида ётибди,» тушунтиради одам ўғирлиги қурбонига айланганларга ёрдам қўлини чўзувчи "Открытия Линия" фонди раҳбари Мунара Бекназарова.

Қонун нега ишламайди?

Бурулай

Сурат манбаси, courtesy

Никоҳга мажбуран киритиш мақсадида қиз ўғирлаш Қирғизистонда 1994 йилдаёқ жиноят, дея белгилаб қўйилган. 2013 йили ўнлаб инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг босими билан бундай жиноятга нисбатан жазо қаттиқлаштирилган: эндиликда қиз ўғрилари 7 йилдан 10 йилга қадар озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Бироқ қонунчиликдаги бу ўзгариш ортидан қизларни ўғирлаш камаймади. Ўғрилар ва жабрланувчилар бундай ҳолатни жиноят эмас, балки миллий қадрият ҳисоблагани қонуннинг ҳаётга кенг татбиқ этилиши йўлидаги асосий муамо бўлиб қолмоқда.

Бир вақтнинг ўзида Бурулай билан юз берган каби воқеалар Қирғизистоннинг халқаро обрўсига жиддий путур етказмоқда.

Қирғизистонда қиз ўғирлаш одатига қарши фақат ҳуқуқ фаоллари курашмоқда. "Открытия Линия" фонди ўғирлик қурбонига айланганларни ҳимоя қилиш йўлида деярли тўққиз йилдан буён ишлаб келади.

«Вилоятлар бўйлаб сафарга чиққанимизда, бу жирканч жиноят жамиятнинг ҳаммасига панжа орқали қараши ортидан юзага келаётганини тушуниб етдик. Одамлар ушбу одатда ҳеч қандай салбий бўёқ кўрмайди,» сўзлайди фонд раҳбари Мунара Бекназарова.

Аксар ҳолларда қиз ўғирлаш жараёни жинсий зўрлаш билан якун топади.Шундан сўнг иснодга қолишни истамаган қиз зўравонга мажбуран турмушга чиқади.

Вилоятларда ала качуу ҳолати пойтахтдагидан икки баробар кўпроқ рўй беради.

Қишлоқ қизларининг аксарияти ўз ҳуқуқини билмагани, ўзига ишончи пастлиги ва ёш бўлгани туфайли ўғирланганидан сўнг никоҳга розилик беради.

Плакат

Сурат манбаси, TATIANA ZELENSKAYA/UN

Гулмира (исм ўзгартирилган) ўзини ўғирлаб кетган эркак томонидан ўн кун тутиб турилган. У ўз жонига қасд қилишга урингандан сўнггина йигит уни уйига ташлаб келган.

Уйига қайтарилган пайти Гулмира кома ҳолатида бўлган ва уч ой беҳуш ётган. Ўзига келгандан сўнг ногирон бўлиб қолган. У ҳозирда ишлай олмайди ва ногиронлик нафақаси эвазига кун кечиради. Айнан Гулмиранинг иши таъсири остида депутатлар 2013 йилда қиз ўғриларига қарши жазони кучайтирган эдилар.

Бугунги кунда Мунара бошқа фаоллар билан биргаликда чекка ҳудудларда яшовчи қирғизларга ўз ҳуқуқларини ўргатмоқда, қиз ўғирлаган ҳолатда уларни қандай жазо кутиб тураётганидан огоҳлантирмоқда.

Қиз ўғирлаш ҳолатлари юзасидан шикоят қилиш бўйича тезкор тармоқ ҳам ишга туширилган. Кам бўлса-да, одамлар кўчада ўзлари дуч келган ала качуу бўйича хабар бермоқда.

Бурулайнинг ўлими кўпчиликни даҳшатга солган эса ҳам, ҳали мамлакат келин ўғирлаш борасида очиқ муҳокамаларга тайёр эмас, дейди кузатувчилар.

Қирғизистонлик таниқли телебошловчи Алия Суранова машҳурлар ва жамият арбобларини ала качууга қарши фикр билдиришга ундаб чиққан, лекин унинг даъватига фақат бир неча одамгина жавоб қайтарган.

"Одамлар ўзгаларнинг андуҳи ҳақида гапиришни истамайди. Бироқ бу бошқаларнинг ғами ҳам эмас ва ҳукумат бирор нарсани эплай олмаётган бўлса, жамоатчилик ташаббусни ўз қўлига олиб, бу мавзуни кўтариб чиқиши зарур, токи ала качуу бизнинг жамиятга ёт тушунчага айлансин," дейди Алия Суранова.

Тошкент ва Бишкек: "Сарвиқомат Дилбарим", Қорасув, Дўрдой ва чегарани кўринг

Шоҳруҳ Соипов,

Ўш, Қирғизистон

Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош вазирлари

Сурат манбаси, courtesy

Қирғизистон Бош вазири Муҳаммедкалий Абилгазиев ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Ўш шаҳрида бўлиб ўтган чегарадош вилоят раҳбарлари кенгашининг иккинчи йиғинида иштирок этишди.

Икки давлат Бош вазирлари аввалига тор доирада ўзаро, сўнгра тегишли идора раҳбарлари иштирокида йиғин ўтказдилар. Ҳар иккала йиғин ҳам ёпиқ эшиклар ортида бўлиб, унга журналистлар киритилмади.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур йиғин натижасида протокол, савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлиги бўйича йўл харитаси имзоланди.

Йўл харитаси доирасида савдо, бирлашган қурилиш кооперацияси, карантин ва ветеринария соҳаларида ҳамкорлик қилиш, божхона процедураларини осонлаштириш, халқаро ва бошқа масалаларда ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.

Шунингдек, икки давлат Бош вазирлари Ўш шаҳридаги Алишер Навоий мактабига ташриф буюришган.

Мазкур мактаб ўтган йили давлатлараро келишув асосида Ўзбекистон тарафидан қурилиши бошланиб, жорий йилнинг сентябр ойида янги ўқув йилига топширилган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарадош вилоят раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғини жорий йилнинг март ойида Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган.

Расмийлар учрашувидан халққа нима наф?

Йиғин

Сурат манбаси, courtesy

Қирғизистон ва Ўзбекистон Бош вазирларининг бўлиб ўтган учрашувлари, икки давлат муносабатлари ҳақида ўшликлар фикрларини билиш мақсадида уларга микрофон тутдик.

Суҳбатдошларимиз расмийлар учрашувини ижобий баҳолаб, қардош бўлган ўзбек ва қирғиз халқлари орасидаги муносабатлар янада ривожланишидан умидвор эканликларини билдирдилар.

Муҳиддин Юлдашев Ўшга Ўзбекистон Бош вазири ҳар доим ҳам келавермаслигини, унинг бу ташрифи шаҳарликлар учун қувонарли ҳол эканини таъкидлайди.

"Бош вазирлар Ўшга келмаганига ҳам кўп даврлар бўлди. Президент Мирзиеёв даврида ҳам Бош вазир ёки муовини бу ерга келганини эшитмаганмиз. Ўшда Ўзбекистон Бош консуллиги очилиши тўғрисида хабар эшитдик. Бу албатта одамни хурсанд қилади" - дейди хусусий компания менежери.

Унинг фикрича, охирги йилларда икки давлат орасида сиёсий ҳамкорлик ривожланиши билан бир қаторда санъаткорлар орасида ҳам илиқлик пайдо бўлди. Қирғизистон Ўзбекистон билан биргаликда кинофильмлар суратга олаётгани, улардан бири "Сарвиқомат Дилбарим" киносининг яқиндагина премьераси бўлиб ўтгани ва томошабинлар тарафидан илиқ кутиб олинганини айтади.

Узоқ йиллар давомида ёпиқ турган ўзбек-қирғиз чегараси икки йил аввал очилган. 2016 йилнинг сентябрида вафот этган президент Ислом Каримовдан кейин қудратга келган Шавкат Мирзиёв қўшни давлатлар билан чегараларни очиб, алоқаларни яхшилашга киришган.

Андижон вилоятининг "Ёрқишлоқ" тумани билан чегарадош "Суратош" қишлоғида яшовчи Мадалиева Дилафруз, "Дўстлик" чегараси очилганидан икки давлат фуқаролари, айниқса, чегараолди ҳудуд яшовчилари жуда хурсанд эканликларини айтади.

"Чегара очилгани ҳаммага яхши, фойда бўлди. Қариндош-уруғларни истадик. Ўзбекистонга бемалол бориб, айланиб келаяпмиз. Чегарадагилар ҳам яхши гапиришаяпти, яхши кутиб олиб, кузатишаяпти" - дейди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон чегараси очилиши ортидан икки давлат фуқаролари учун қатор имкониятлар пайдо бўлди. Улар қўшни давлат ҳудудларига ўтиб, турли хил соҳаларда иш юритиб келмоқдалар. Айниқса, Ўшда сўнгги икки йил давомида наманганлик нонвойлар кўпайган. Шунингдек, қурилиш соҳаларида ҳам ўзбекистонликлар ишчи кучи арзон ва сифатли ҳисобланади.

"Бизнинг ёшларга ҳам Ўзбекистонга бориб ишлаш имкониятлари бўлса яхши бўларди. Уларнинг ёмон йўлларга кириб кетиш олди олинарди" - дейди Муфаззалхон Абдураҳманова.

Минтақавий бозорлар...

Бош вазирлар

Сурат манбаси, courtesy

Марказий Осиё давлатларига товар етказиб турган йирик савдо бозори ҳисобланган Бишкекдаги "Дўрдўй", Ўшдаги Қорасув бозорлари чегаралар очилиши ортидан яна ўзбекистонлик савдогарлар билан гавжум.

Асосан Хитой моллари сотилувчи бу бозорлардан ўзбекистонлик хадирорлар арзон кийим-кечак ҳамда маиший техник буюмларини олишади. Бу эса, ўз навбатида, давлат ичидаги маҳаллий маҳсулотлар сотувига таъсир этади.

"Чегара очилганидан бери савдо масаласида олдинга силжиш бўлди. Ўзбекистонлик савдогарлар бизга келиб, кўп бўлмаса ҳам, озроқ ўзларига олиб бориб сотишаётган эди. Лекин 3-4 ойдан бери бу нарсаларга ҳам чеклов қўйилди. Яъни президентнинг янги фармонига кўра, бир инсон маиший техника буюмларини бир ойда бир марта растоможка қилмаган холатда, кийим-кечакларни эса кунига 10 килогача олиб ўтиши мумкин. Бу фармон бир ой давомида ишлади, кейин бу чегарачилар яна бошқа масалани кўтариб чиқишди, яъни умуман товар олиб ўтманглар, деган талабни савдогарларга қўйишаяпти экан. Энди бизга чиққан савдогарлар товар олгани қўрқишаяпти, 1-2 та олсак ҳам чегарачилар мусодара қиламиз, деб қўрқитишаяпти, деб. Шунга айримлари умуман товар олмаяпти, айримлари 1-2 донадан олишаяпти, мусодара бўлишидан қўрқиб. Бу чекловларнинг ортидан Қорасувдаги савдо яна сустлашди" - дейди Қорасув бозорида савдо қилувчи, харидорларининг аксарияти ўзбекистонликлар ҳисобланган Дилшодбек Токурбоев.

Қирғизистон бозорларидаги сабзавот ва меваларнинг аксарияти Ўзбекистондан келтирилади. Қурилиш моллари дўконларида ҳам қўшни давлат маҳсулотларини кўриш мумкин. Улар маҳаллий ёки Россия молларига нисбатан арзон ҳисобланади.

Авваллари Қирғизистон фиқаролари Ўзбекистонга махсус таклифнома ёки телеграмма билан қатнаб келган бўлсалар, икки йил аввал чегара очилгандан кейин бу чеклов олиб ташлаган. Эндиликда икки давлат фуқролари 3 кун давомида қўшни давлат ҳудудида бемалол юришлари мумкин бўлади. Ундан кейин эса рўйхатга қўйишлари керак.

Яна бир суҳбатдошимиз Зайнабхон Ибайдуллаева Ўзбекистон ҳудудида қўшни давлат фуқароларини рўйхатга қўйиш ишлари осонлаштирилса, у ерга зиёрат ёки даволаниш учун бораётган инсонлар учун қулай бўларди, дейди.

"Андижонга бориб, қариндошимизникида икки кун турсак, кейин Тошкентга борадиган бўлсак у ердан, бир кунни ичида яна тезроқ қайтиб келиб, ёки у ерда рўйхатга қўйиб, қайд қилишимиз керак бўлаяпти. Шу нарсаларни йўқ қилишнинг имкони бормикин? Даволаниш учун бориб, касалхоналарда ётишимиз мумкин. Шунақа пайтларда рўйхатга қўйдириш учун ҳам овора бўлиб қолинаркан. Шу тарафлама ҳам бизларга енгиллик қилиб берса яхши бўларди" - дейди онахон.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара вилоятлари раҳбарлари Кенгаши 2017 йил сентябрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган Битим асосида ташкил этилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek