Ўзбекистон ҳайъати Ўшга ташриф буюрди

Сурат манбаси, kyrgyz.gov
Қирғизистон делегациясининг шу ой бошида Андижонга ташрифи ортидан 26 октябр куни Ўзбекистон ҳайъати ҳам Ўш шаҳрига борди.
140 кишидан иборат Ўзбекистон ҳайъатига Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов бошчилик қилган.
Ўзбекистон ҳайъати таркибида Президент девони ва Ташқи Ишлар вазирлиги расмийлари, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоят раҳбарлари, маданият, спорт вакиллари, диний уламолар бор.

Сурат манбаси, Kyrgyz.gov
Ўзбек делегациясини Дўстлик чегара масканида Қирғизистон бош вазири биринчи ўринбосари Муҳамметқалий Абулғазиев раҳбарлигида расмийлар, жумладан, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дониёр Сиддиқов, Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилояти раҳбарлари, оқсоқоллар, жамоат ва маданият вакиллари кутиб олганлар.
Ташрифдан мақсад қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш экани айтилган.

Сурат манбаси, facebook
Ўзбекистонликлар Ўш шаҳрида Қирғизистон халқлари ассамблеяси вакиллари билан учрашганлар, Бобур номидаги драма театрида "Семетей Манас ўғли" дастурини томоша қилганлар.

Сурат манбаси, kyrgyz.gov
Шунингдек, маданий тадбирлар доирасида ўзбек делегацияси учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишув, Ўш давлат университетида учрашув, тарихий "Сулаймон-Тоғ" га саёҳат уюштириш режалаштирилган.
Ташриф сўнггида расмийларнинг икки томонлама ҳужжатларни имзолашлари кутилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Айни шу куни, 26 октябрда Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев ҳам телефон орқали мулоқот қилиб, икки мамлакат ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг бугуни ва истиқболларини муҳокама қилганлар.
Каримовнинг сиёсий вориси - муваққат президент Шавкат Мирзиёев бундан кейинги Ўзбекистон ҳукуматининг устувор сиёсий йўналишларидан бири минтақадаги қўшнилари билан ўзаро алоқаларни яхшилаш бўлишини билдирганди.
Октябр ойи бошида Қирғизистон ҳайъати Андижон вилоятида меҳмон бўлган бўлса, икки ҳафта ўтиб ўзбекистонлик тадбиркорлар Тожикистоннинг Суғд вилоятида меҳмонда бўлдилар.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафоти ортидан расмий Тошкентнинг қўшнилар билан яхши муносабатлар ўрнатишга томон ҳаракатлари сўнгги ўн йилликларда юзага келган таранг муносабатлар яхшиланишига умид уйғотган.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












