Ўзбекистон: "Андижон шаҳрининг қоқ марказида 7 ойки вайроналарда яшаяпмиз"

Мустақиллик кўчасининг бугунги кўриниши

Сурат манбаси, Mustaqillik ko'chasi vakili

Сурат тагсўзи, Мустақиллик кўчасининг бугунги кўриниши
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Андижон шаҳри марказидаги Мустақиллик кўчаси (собиқ Пушкин кўчаси) аҳли еттинчи ойдирки вайроналар ичида яшаётганларини айтишмоқда.

Би-би-си суҳбатлашган аҳоли вакилларига кўра, Андижон вилояти ва Андижон шаҳри ҳокимлиги уларнинг шароитларидан хабардор, аммо шу вақтгача ҳеч қандай ёрдам бергани йўқ.

Би-би-си бу борада Андижон шаҳри ҳокимлигидан муносабат олишга уринди, аммо ҳозирча бунинг уддасидан чиқмади.

Баъзи хабарларга кўра, шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган бу ҳудуддаги эски уйлар ўрнига "Андижон Сити" мажмуаси қурилиши кўзда тутилган. Аммо, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги сайтларида бу борада маълумот йўқ.

Аввалроқ мазкур маҳалла аҳлига бу ерда обод маҳалла дастури доирасида "кўп қаватли уйлар" қурилиши билдирилганди.

Маҳалладаги оилаларга Андижон шаҳри чеккасидаги "Қозоқ маҳалла" ҳудудидан икки сўтихдан ер ажратилиши кўзда тутилган. Бироқ, ҳовлиларда яшаётган 15 нафарча оила бу ҳудудга кўчишдан бош тортиб келмоқда.

Мустақиллик кўчасининг бугунги кўриниши

Сурат манбаси, Mustaqillik ko'chasi vakili

Сурат тагсўзи, Мустақиллик кўчасининг бугунги кўриниши

Уларнинг айтишларича, таклиф қилинаётган "Қозоқ маҳалла" шаҳар марказидан 18 километр узоқликда жойлашган, ҳамда икки сўтих ер улар учун етарли эмас. Ундан ташқари, улар кўчиши кўзда тутилган уйлар ҳали қурилмаган.

12 соатлик огоҳлантириш

Маҳалланинг 92та хўжалигига жорий йилнинг 7 майида зудлик билан кўчиб чиқиш ҳақида огоҳлантириш хати тарқатилганди.

Бу оилаларга 12 соат ичида уйларини бўшатиш буюрилган ва бульдозерлар билан уйлар бузилиши бошланган.

Қатор оилалар ётохоналарга кўчирилган, бошқалари эса "Қозоқ маҳалла"даги палаткаларга кўчиб ўтганлар. Шаҳар ҳокимияти уларга беш ой ичида уйлар қуриб беришни ваъда қилган.

Андижон марказидаги Мустақиллик кўчаси ҳозирда хароба тусини олган. У ерда қолаётган оилалар вайроналар ичида доимий босим остида яшаётганларини айтишади.

Исми сир қолишини сўраган бир оила вакилига кўра, фарзандлари вояга етган, аммо эртага нима бўлишини билмайди ва уларнинг келажагини таъминлаб бера олмайди.

Мустақиллик кўчасининг бугунги кўриниши

Сурат манбаси, Mustaqillik ko'chasi vakili

Сурат тагсўзи, Мустақиллик кўчасининг бугунги кўриниши

У, шунингдек, оилалар мунтазам руҳий босим ва қўрқув остида яшаётганлари, ҳамда бу уларнинг саломатлигига кескин салбий таъсир кўрсатаётганини билдирди.

Мустақиллик кўчасидаги ҳовлилардан бири қиймати 30 минг доллар атрофида дея белгиланган, аммо уларга таклиф қилинаётган ер бунга мутаносиб эмас.

Кўчишдан бош тортаётган оилалар ҳокимликдан уларга нақд пул билан товон тўлашни ёки шаҳар ичидан уй ажратишни сўрашмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 августида имзолаган 5495-сонли қарорига кўра, "...ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади".

Бироқ, Андижондаги Мустақиллик кўчаси аҳли уларнинг кўчмас мулки қиймати ва етказиладиган зарар тўлиқ қопланмасдан кўчиб чиқиш талаб қилинаётганидан норозилар.

Би-би-си жорий йилнинг май ойида бошланган бузилишлар чоғида Мустақиллик кўчаси яшовчиси билан суҳбатлашганди. Қуйида шу суҳбатни тинглашингиз мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek