Ўзбекистон, Россия ва миграция: Уйга мигрантлар пуллари ёки ўзлари эмас, тобутлари қайтаяпти...

Ўқилиш вақти: 2 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россия - Ўзбекистон йўналишидаги автобуслар, енгил машиналардаги йўл-транспорт ҳодисалари кун сайин ортиб бораётгани ва бу ҳақда матбуотда тинмай ёритилаётганига қарамай, меҳнат муҳожирлари ҳамон қатнов учун автобусларни танлашмоқда.

Афсуски, уч минг километрли йўл ва совуқ ҳаво нафақат техник кўрикдан ўтмаган лицензиясиз автобуслар, балки ҳар қандай транспорт воситасининг ҳавфсизлигига ҳам дахл қилмай қолмайди.

Бу йўналишдаги маршрутларнинг хизмат ҳақи самолёт авиачиптасидан икки-уч баробар арзон. Бу вазиятда муҳожирларга нисбатан "пулни тежаш учун" деган иборани қўллаш ноўрин. Улар автобусга етгулик йўлкирани аранг топиб, чорасизликдан йўлга чиқишмоқда. Афсуски, бу ноиложлик ҳам муҳожирлар учун қимматга тушаяпти: ҳалокатлар, бахтсиз ҳодисалар туфайли ватанга уларнинг пуллари ёки ўзлари эмас, тобутлари қайтаяпти...

17 ноябрь куни Саратов вилоятининг Озинск тумани ҳудудида рўй берган йўл-транспорт ҳодисасида 5 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганлиги ҳақида хабар берган эдик. Бахтсиз ҳодиса юзасидан Саратов вилоятидаги "Турон" ўзбеклар жамиятининг раҳбари Равшан Турсунхўжаев билан боғландик.

- Инсон психологияси шундайки, ҳамма билан шундай нарса бўлиши мумкин, аммо мен билан бўлмайди, деб ўйлашади. Муҳожирларда ҳам вазиятга шундай ёндошиш бор. Аввало, бу бахтсиз ходисаларга молиявий жиҳат сабаб деб ўйлайман. Менимча, йўловчи автобусларда янада арзонга кетиш мақсадида чиқилаяпти. Поездлар ҳам арзон, аммо барибир автобусда ҳайдовчи билан "келишиб" нархни янада тушириш имкони бор. Енгил машиналардаги такси ҳайдовчилари эса ярим баҳода ҳам одам олиб кетишаяпти. - дейди ўзбеклар жамияти раҳбари Равшан Турсунхўжаев.

Саратовдаги автобус ва поезд тўқнашувида қурбон бўлган 5 нафар ўзбекистонликларнинг ёши 31-42 оралиғида бўлган. Турсунхўжаевга кўра, айни пайтда марҳумларнинг яқинлари жасадларни ватанга олиб кетиш ҳаракатидалар.

"Самолётда олиб кетиш учун жасадларни Қозон шаҳрига олиб бориб, у ердан Ўзбекистонга кетиш керак экан. Яна кетиш учун қулайроқ йўл автобус бўлаяпти, - дейди Равшан Турсунхўжаев.

Жорий йилнинг январ ойида Қозоғистондаги йўл-траспорт ҳодисасида 52 нафар ўзбекистонлик тириклай ёниб кетганидан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати Россия - Ўзбекистон йўналишида қонуний автобуслар қатнови йўлга қўйилишини маълум қилган эди. Аммо ҳалигача натижа бўлгани йўқ.

Кеч куздан баҳорнинг сўнггига қадар Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон йўналишларида йўл транспорт ҳодисалари ёз ойларига нисбатан икки-уч баробар кўп қайд этилади. Жабрланувчилар ва қурбонлар асосан, Россияга ишлашга келаётган, ёки ишлаб уйига қайтаётган ҳамда миграция варақасини янгилаш учун Қозоғистон чегарасига бориш-келишда аварияга учраган ўзбекистонликлардир.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Саратов вилоятининг Озинск тумани ҳудудида 17 ноябрь куни йўловчи ташийдиган автобуснинг юк поезди билан тўқнашуви оқибатида беш Ўзбекистон фуқароси ҳаётдан кўз юмган.

"Мерседес" русумидаги автобус Саратов шаҳридан Қозоғистоннинг Уралск шаҳрига йўл олган бўлган.

Расмийларга кўра, автобуснинг қозоғистонлик ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи қизил чироғи ёниб турганига қарамасдан, темир йўлдан ўтмоқчи бўлган.

Юк поездининг автобусга келиб урилгани оқибатида уч аёл, икки эркак ҳалок бўлганлар.

Уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари бўлганлар.

Худди шундай ҳалокат 2017 йилнинг октябрида Россиянинг Владимир вилоятида юз берган эди.

Йўловчи автобусга поезд бориб урилгани оқибатида 19 инсон ҳаётдан кўз юмган, уларнинг аксари ўзбекистонликлар эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek