Россия: автобус ва поезд тўқнашуви оқибатида ўзбекистонликлар ҳалок бўлдилар

Сурат манбаси, AFP Getty Images
Россия йўлларда ҳаракатланиш идораси расмийлари хабар қилишларича, йўловчи ташийдиган автобуснинг юк поезди билан тўқнашуви оқибатида беш Ўзбекистон фуқароси ҳаётдан кўз юмган.
Ҳодиса Россиянинг Саратов вилоятининг Озинск тумани ҳудудида 17 ноябрь куни туш пайти рўй берган.
"Мерседес" русумидаги автобус Саратов шаҳридан Қозоғистоннинг Уралск шаҳрига йўл олган бўлган.
Расмийларга кўра, автобуснинг қозоғистонлик ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи қизил чироғи ёниб турганига қарамасдан, темир йўлдан ўтмоқчи бўлган.
Юк поездининг автобусга келиб урилгани оқибатида уч аёл, икки эркак ҳалок бўлганлар.
Уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари бўлганлар.
Худди шундай ҳалокат 2017 йилнинг октябрида Россиянинг Владимир вилоятида юз берган эди.
Йўловчи автобусга поезд бориб урилгани оқибатида 19 инсон ҳаётдан кўз юмган, уларнинг аксари ўзбекистонликлар эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















