Поезд остидан омон қолганлар депортация қилинади

Сурат манбаси, Россия ИИВ
Владимир вилоятидаги даҳшатли ҳалокатда омон қолган мигрантлар Россияга кириш қонунларини бузганликда айбланиб Ўзбекистонга депортация қилинади. Айни дамда Ўзбекистонда ўлганлар учун мотам куни эълон қилинмаганлиги баҳсларга сабаб бўлган.
Россия полицияси ҳодисадан омон қолганларнинг 17 нафарига нисбатан миграция қонунларини бузганлик ҳолати юзасидан маъмурий жавобгарлик белгилаган.
Ҳалокатда омон қолган ўзбекистонликларнинг хужжатлари полиция томонидан текширилганида, Россияга кириш қоидаларини бузганлик ҳолатлари аниқланган.
Полиция фожеа жабрланувчиларга нисбатан маъмурий қоидабузарлик бўйича баённомалар тузиб, уларнинг ишини судга оширган
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Владимирда рўй берган йўл-траснпорт ҳодисасида қурбон бўлганлар ва жабрланганларнинг рўйхатини расман эълон қилди.
Рўйхатга кўра, ҳалокатга учраган автобус йўловчиларининг аксари сурхондарёликлар бўлиб улар орасида аёллар ва 2 нафар ёш бола ҳам бор.
Айни пайтда ЙТҲ қурбонлари сони 19 нафарга етганлиги маълум қилинмоқда. Улардан 14 нафарининг шахси маълум, қолган жасадларнинг шахсини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон меҳнат муҳожирлари учун мотам тутадими?
Автаҳалокатда 19 Ўзбекистон фуқаросининг ҳалок бўлиши ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва муҳожирлар ўртасида уларга нисбатан мотам куни эълон қилиш керак деган баҳсларни пайдо қилган.
"Тириклигида қадр топмаган муҳожирга вафотидан сўнг ҳурмат кўрсатилармиди?!", - дейди Москвадаги меҳнат муҳожири Мақсад Ўринов.
"Ўлганлар учун мотам куни муҳим эмас, муҳими уларни оилаларига катта миқдорда моддий ёрдам кўрсатилиши", деб ёзади Азиз исмли Твиттер фойдаланувчиси.
-Бир инсон ўлса ойлаб аза тутамиз, бу ерда ўнлаб ўзбеклар ўлган-ку. Мотам куни аҳамиятли эмасдай кўринади, аммо бу марҳумларнинг яқинларига ҳамдардликнинг бир кўриниши, - дейди муҳожир Шоҳида Усмонова.
"Ўтганлар руҳига тиловат ўқиш учун кун ажратилиши шарт эмас. Муҳожирлар вафоти учун мотам куни эълон қилинса вазият қанчалик жиддийлиги кўринса керак. Россияда ёш-ёш ўзбекистонлик йигит-қизлар ўлиб кетаётгани билиниб қолади", - дея фикр билдирди самарқандлик ишчи Фурқат Собитов.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларини "фарзандларимиз" деган эди.
Бундан олдинги йирик йўл-транспорт ҳодисаларида ҳам кўплаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қурбон бўлганлиги қайд этилган.
Жумладан, 22 июнь куни Чимкент шаҳридан Волгоград шаҳрига кетаётган автобус ағдарилиб, 9 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган.
Бироқ меҳнат муҳожирлари ўлими билан боғлиқ фожеалар муносабати билан мамлакатда ҳали мотам тутилмаган.
Ўзбекистонда "Мотам куни" эълон қилиниши ҳоллари жуда кам кузатилади.
2016 йил 2 сентябрда собиқ давлат раҳбари Ислом Каримов вафоти муносабати билан мамлакатда мотам куни эълон қилинган.
Бундан олдин эса 2004 йил 15 январь куни "Тошкент-Термиз" йўналишида учувчи Як-40 самолёти халокатида вафот этган 37 нафар киши муносабати билан мотам куни ўтказилган.
Қўшниларда таъзияли кунлар
Қирғизистон ҳукумати Россияда қурбон бўлган меҳнат муҳожирлари ва ҳодисаларда қурбон бўлган қирғизистонликлар учун бир неча бор мотам кунларини ўтказди.
2016 йил 29 август куни Москвада юз берган ёнғинда 14 нафар қирғизистонлик меҳнат муҳожири ва Ўш-Бишкек йўлидаги автоҳалокатда 9 нафар қирғизистонликнинг ҳалок бўлгани муносабати билан эълон қилинди.
Қирғизистон 2017 йилнинг 17 январида авиалокат, 30 апрелида эса Ўш вилоятида ер кўчкиси оқибатида одамлар қурбон бўлгани муносабати билан мотам кунини ўтказди.
Татаристондаги йирик ЙТҲда ҳалок бўлган 14 нафар киши учун 2017 йил 2 июлда мотам куни ўтди.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












