Мирзиёев Путинни табриклади, президентлар ҳалок бўлган мигрантларни хотирламади

Сурат манбаси, Россия ИИВ
Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиб туғилган куни билан табриклади. Суҳбатда Москва ва Бутун Рус патриархи Кириллнинг Ўзбекистонга ташрифи ҳам эътироф этилган. Бироқ унда Владимир вилоятида поезд остида қолиб вафот этган 19 ўзбекистонлик эсланмаган.
7 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Россия Федерацияси Президенти ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтгани ҳақида Мирзиёевнинг расмий сайти president.uz хабар берди.
"Давлатимиз раҳбари мулоқот аввалида Россия Федерацияси Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этди. Давлатларимиз ўртасида кўп режали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришда ҳамда стратегик шерикчиликни ривожлантиришда Россия раҳбарининг улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади", - дейилади фақат рус тилида чоп этилган хабарда.
Суҳбат давомида Ўзбекистон Президентининг апрел ойида Россияга давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликни олий даражада мустаҳкамлагани айтилган.
Шавкат Мирзиёев бир ҳафта олдин Ўзбекистонга келган Москва ва Бутун Рус патриархи Кириллнинг ташрифи икки халқ ўртасида дўстликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилганини таъкидлаган.
Суҳбат сўнггида Мирзиёев яна бир бор Владмир Путинни туғилган куни билан "илиқ" табриклаган.
Россия Президенти табрик учун Ўзбекистон раҳбари ва халқига ўз миннатдорчилигини билдирган.
Суҳбат ҳақидаги расмий хабарда президентлар Владимир вилоятидаги поезд остида қолиб ҳалок бўлган ўзбекистонлик мигрантларни эсламаганини кўриш мумкин.
Матбуотда Россиядаги фожиа юзасидан Ўзбекистон раҳбари номига ёзилган бирорта ҳамдардлик чоп этилмаган.
Кузатувчилар Президент Шавкат Мирзиёев ўзга давлатлардаги ҳалокатли фожиаларга муносабат ва ҳамдардлик билдиришда анча фаол эканлигини айтишади.
Мирзиёев сўнгги бор 7 октябр куни автаҳалокатда вафот этган Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Темир Жумақодиров ўлими юзасидан Алмазбек Атамбаевга ҳамдардлик мактуби йўллаган.
Россиянинг Владимир вилоятидаги темир йўл кесишмасида 57 нафар йўловчини ортиб олган автобус поезд остида қолиб кетган. Натижада расмий маълумотларга кўра, 19 Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган.
Ҳалок бўлганлар ичида 2 нафар ёш бола ҳам бор.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












