Ўзбекистон-Россия: Янги элчи элчихонадаги вазиятни ўзгартира оладими?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида 8 ой ишлаган Ботиржон Асадов Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди.
Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси ва консуллиги ўзбекистонликлар учун "ёпиқ" ташкилотлиги билан танилган.
Элчихона ва консуллик биноси ёнида иш кунларида ҳамиша узунқатор навбатларни кўриш, меҳнат муҳожирларининг хужжатларини ойлаб ололмаётганликлари ҳақидаги шикоятларини эшитиш мумкин. Элчихонанинг расмий сайтида берилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб боғланиш имконсиз.
Россиядаги паспортини йўқотган ёки яроқсиз ҳолда келтирган меҳнат муҳожирлари ватанга қайтиш учун консуллик томонидан бериладиган шахсини тасдиқловчи хужжатни олиш учун ойлаб кутишларини айтишади.
Элчихона томонидан ташкиллаштириладиган Ўзбекистоннинг миллий байрам тадбирлари фақат хос тоифа: Россия ва Ўзбекистон ОАВлари, дипломатлар, расмийлар учун дабдабали қилиб ўтказилади. Ўзбекистонлик минглаб меҳнат муҳожирлари учун тадбир ёки йиғилишлар бўлмаган.
Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқий кўмак ёки маслаҳат учун қабул қилинмайди.
Ўзбекистонлик мигрантларнинг катта қисми ўз элчихоналари ва консуллиги фаолиятидан норози.
Бу ҳақида консулликнинг исм-шарифини сир сақлаган масъул ходимларидан бири Би-Би-Сига шундай изоҳ берди:
- Бизда штатлар жуда оз. Муҳожирларимиз эса минглаб. Саноқли ходимлар билан уларга хизмат қилиш у ёқда турсин, телефонга жавоб беришга улгурмаймиз. Ҳужжатларни расмийлаштириб топширишни ўзи асосий вақтимизни олади.
Оғир аҳволга тушиб қолган муҳожирларга ёрдам кўрсатилмаслигидан кўп шикоят қилишаётгани ҳақида сўрадик.
- Ҳар бир муҳожирнинг аҳволидан хабардормасмиз. Яна айтаман, улар жуда кўпчилик, бизда эса саноқли ходимлар ишлайди. Мурожаатлар жуда кўп. Шунга қарамай, ёрдам беришга ҳаракат қилаяпмиз.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва консуллиги фаолияти бўйича шикояту арзлар тўлиб кетган. Мурожаат қилувчилар консуллик ходимларининг қўпол муомаласи акс этган тасвирларни жойлаштиришган.
Жорий йилда Россиянинг яна бир қатор шаҳарларида консуллик очилди. Аммо бу ўзбекистонлик муҳожирларнинг консуллик ишидан норозилигини камайтиргани йўқ.
Россияда расман 2 млнга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бор. Уларнинг кўпчилиги хужжатсиз юргани, ёки паспортига чегарага чиқиб келганлигини тасдиқловчи сохта муҳр босдирганлиги боис, ватанга қайтишда вақтинчалик паспорт ўрнини босувчи сертификат билан қайтишади. Айнан шу хужжатни олиш учун консулликда тирбандлик ва ойлаб кутишга мажбурлик норозилиги юзага келган.
Элчихона ва консуллик бу борада матбуот учун ҳам, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун изоҳ бермай келмоқда.
- - Ҳозирги кунда элчихона ва консуллик муҳожирларга ёрдам беролмаётганига асосий сабаб, уларнинг ишлаш тартиби ҳали ҳам Россиядаги ўзбеклар сони 2000-3000 киши бўлган вақтлардагидек. Яъни бугунги кунда муҳожирларнинг сони 2 миллионга етгани элчихона фаолиятида инобатга олинмаган. Буни нафақат ходимларнинг сони камлигида, балки иш тартиби қандай ташкиллаштирилганидан ҳам кўриб, билсангиз бўлади. Бир томондан, элчихона фаолиятига оид ҳуқуқий - норматив актлар ҳам янгилинмаган. Элчихона ҳали ҳануз Россиядаги мигрантларнинг сонини ва аҳволини мустақил равишда назорат қилолмайди, чунки уларнинг инструментлари бўлган тартиб ҳужжатлари асосан консуллик қайдида турган фуқаролар билан ишлашга қаратилган.
Муҳожирлар ва Россияга яшаш учун келган фуқаролар эса консуллик қайдида турмайди. Умуман бизда ҳеч ким консуллик қайди ҳақида гапирмайди ҳам, амал ҳам қилмайди. Менимча, тартиб ҳужжатларини мана шундай омиллардан келиб чиқиб, янгилаш даври келган. Чунки асосий мақсад - фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унга эришиш учун бу ўзгаришлар муҳим, - дейди ҳуқуқшунос Зарнигор Омониллаева.
Сентябрда Баҳром Ашрафхоновнинг элчиликни тарк этгани тўғрисидаги хабарлар ортидан меҳнат муҳожирларининг янги элчига ва уларга нисбатан яхши муносабатга умидлари ортган.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчисининг алмаштирилиши 18-19 октябрь кунлари Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида кечмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












