Ўзбекистонда Facebook дан ким қўрқади?

Сурат манбаси, Uztelecom
Ўзбекистонда Facebookдан фойдаланишда юзага келган муаммолар ўз маҳсулотларини ижтимоий тармоқларда фаол тарғиб қилиб келган тадбиркорларга салбий таъсир кўрсатган.
Бу ҳақда Smartgov Consulting ширкати ижрочи директори ва жамоатчи фаол Азиза Умарова ўзининг Facebookдаги саҳифасида ёзди.
Унинг сўзларига кўра, Facebook Ўзбекистонда "ўлгани ҳақиқатга яқинроқ".
Азиза Умарованинг фикрича, бу мамлакатдаги кичик бизнес ва фуқаро жамиятига зарар етказмоқда.
"Масалан, "Вкусная история" саҳифаси бор. Унда Facebook орқали шаҳарликлар буюртмага (помидор қоқи, хумус, торт ва ҳ.к ) егулик тайёрлайдиган аёл ҳақида маълумот оладилар. Кўпгина аёллар декрет таътилида ижтимоий тармоқларда реклама қилинадиган бизнесларни бошлашади. Айнан шундай аёлларни биз мижозларидан маҳрум қилаяпмиз. Facebook уларга оилаларини боқиш, фарзандларини оёққа қўйиш имконини берган эди", - деб ёзади Азиза Умарова.
Унинг илова қилишича, Facebook атрофидаги вазият ҳунармандларга ҳам таъсир қилган.
"Масалан, Карина Кенжаева (Бухоро) ва Юлию Завертайло (Тошкент) ўз қўллари билан ажойиб кўкрак безакларини ясашади. Facebook туфайли фойдаланувчилар уларнинг ишларини кўриб, буюртма беришган. Ижтимоий тармоқларни ўлдириш билан кўпчилик ҳунармандларни буюртмаларидан маҳрум қиласиз", - дейди Азиза Умарова.
Унинг ёзишича, Ўзбекистонда Facebook амалда фуқаро жамияти вазифасини бажараётган эди ва кўплаб ташаббус гуруҳларига майдон яратганди. Facebookдаги муаммолар кўпгина ёрдамга муҳтож одамларни ҳаётий зарур кўмакдан маҳрум қилиши мумкин.
Asaxiy.uz интернет дўкони асосчиси Фируз Аллаевнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Facebookдаги муаммолар бошланиши ортидан, интернетдаги буюртмалар сони ҳам тушиб кетган.
"Биз вазиятни ўнглаш учун асосий рекламани Instagramга йўналтирдик ва шу орқали буюртмалар ўрнини қоплаб олдик", - дейди Фируз Аллаев.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистонда Facebookка киришдаги муаммолар шу йил 3 сентябридан, ижтимоий тармоқда фаол қатор блогерларнинг ҳибсга олиниш ортидан кузатила бошлаган.
Ҳукумат расмийлари муаммолар юзасидан изоҳ бермаяпти.
Халқаро телекоммуникация тармоқларига уланишни назорат қилувчи ва интернет соҳасида монополиячи ҳисобланган "Ўзбектелеком" ширкати Facebookдаги муаммоларга алоқаси йўқлигини айтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












