Ўзбекистон, муносабат: “Тож Маҳални ўзим кўрдим, бузиш керак деб ваҳима қилманг”
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Бобур" халқаро жамғармаси раисининг айтишича, куни-кеча шахсан ўзи Ҳиндистонга бориб, Тож Маҳалнинг аҳволини кўриб қайтган.
Зокиржон Машрабовга кўра, бу тенги йўқ иморатнинг аҳволига оид сўнгги пайтларда интернетда кучайиб кетган "хавотир" ва "ваҳима"ларга асос йўқ.
"Шахсан ўзим кўп йилдан бери қурилиш ишлари билан шуғулланаман. Геологман. Иморатнинг зилзилабардошлиги, туриши, ҳолатининг фарқига бораман. Мен шуни сезганим йўқ", - дея баён қилган жамғарма раиси Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, Тож Маҳални айни шу гап-сўзларни инобатга олган ҳолда зиёрат қилган. Имкон қадар ҳар бир қиррасига эътибор қаратишга ҳаракат қилган.
Зокиржон Машрабовга кўра, сўнгги беш-ўн йил ичида у ерга уч-тўрт маротаба борган, "иморат ўша пайтда қандай фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир ҳам худди ўшандай фаолият кўрсатмоқда".
"Бу гап-сўзлар тўғри эмас. Ваҳимага асос йўқ. Бузиб ташлаш керак, бошқа қилиш керак...Бу - миллатчи партия вакилининг гапи бу!", - дейди у.
"Бобур" халқаро фонди раиси Тож Маҳалнинг атрофи, Жамна дарёсининг бўйлари ифлос экани баҳосига қўшилиши, аммо "бу - Ҳиндистонга хос умумий ҳолат" эканини айтади.
"Хавотир" ва "ваҳималар"

Сурат манбаси, AFP/Getty Images
Охирги йилларда Ҳиндистонда кучайиб бораётган "хавотир" ва "ваҳима"ларнинг мазмунига қаралса, ифлосланиш оқибатида Тож Маҳалнинг ранги ўзгариб, унга дарз етмоқда.
Бобурийлар даври меъморчилигининг дурдонаси бўлган обида, ҳатто, "вайрон бўлиш хавфи остида".
Ўтган ой бу каби "хавотирли вазият"га Ҳиндистон Олий маҳкамаси ҳам эътибор қаратиш даражасига борган.
Маҳкама ҳинд ҳукуматини "Тож Маҳални асрай олмаслик"да танқид қилган.
"Тож Маҳални ёпасиз, уни ё таъмирлайсиз ва ё бузасиз", дея ҳукм қилган.
17-асрда барпо этилган бу обида ўзининг қанчалар гўзаллиги, ҳассосияти, нафосати, шукуҳи, бетакрорлиги, ноёб меъморчилик услуби ва ақлларни шоширувчи ҳашамати билан ҳақли равишда жаҳоннинг "етти мўъжизасидан бири" сифатида эътироф этилган.
Тож Маҳални ўзининг севимли рафиқаси Мумтоз Маҳалнинг вафоти ортидан унинг хотирасига атаб Бобурий шоҳларидан Шоҳ Жаҳон қурдирган.
Аграда қад ростлаган бу мақбара, асрларки, ўзига сайёҳларни оҳанрабодек тортиб келаётган дунёдаги саноқли қадимий меъморчилик обидаларидан бири бўлади.
"Бу - нафақат Ҳиндистон халқи, балки бутун башариятнинг ноёб мўъжизаси", - дейди "Бобур" халқаро фонди раиси ҳам.
Унга кўра, "Барибир, ҳар қандай мўъжиза қаровга муҳтож. Қараш керак. Эътибор бериш керак. Атрофини тозалаш керак".
"Мен (Ҳиндистонда эканман - таҳр.) Тож Маҳалнинг атрофини тозалаш ва бунақа "беъмаъни" гапларни чиқармасликлари ҳақида керакли жойларга айтиб келдим", - дейди Зокиржон Машрабов.
"Зарурият бўлса, шу каби "ножўя" гап-сўзлар ҳақиқатан ўзининг исботини топса, унда "Бобур" халқаро фонди ҳам қараб турмайди!".

Сурат манбаси, AFP
Улуғ шоир, олим, атоқли саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги жамоат фонди 1992 йил феврал ойида Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида таъсис этилган. Фонд сиёсий бўлмаган, мустақил жамоат ташкилоти саналади.
Фонднинг асосий мақсади ўз ҳаёти ва ижоди билан Шарқ халқлари маданиятини яқинлаштирган буюк алломалар, шоир ва мутафаккирлар, биринчи навбатда, темурийлар, бобурийлар ҳаёти ва ижоди ҳамда илмий-адабий меросларини ўрганиш, уларни бу халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилдиришдан иборат экани айтилади.
Жамғармага 1992 йилда Зокиржон Машрабов асос солган ва шу кунгача унга раҳбарлик қилиб келмоқда.
Ўзи ҳам асли андижонлик бўлган Зокиржон ака Машрабов Геология-минералогия фанлари номзоди.
2000-2005 йиллар оралиғида Олий Мажлис депутати сифатида ҳам фаолият олиб борган.
Зокиржон ака Машрабов Ўзбекистон давлатининг "Меҳнат шуҳрати" ордени (2003), "Эл-юрт ҳурмати" (1993) ва "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" (1993) унвонларига лойиқ, деб топилган.
У киши "Бобур" халқаро мукофоти совриндори ҳам бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












