"Қўшиқ айтишни бошлаган эркак эркакликдан чиқади"

Одилжон Абдуқаҳҳоров соқол қўйган ва масжидда тушган суратларини Интернетда тарқатаётган санъаткорларни танқид қилди.

Сурат манбаси, xabar.uz

Сурат тагсўзи, Одилжон Абдуқаҳҳоров соқол қўйган ва масжидда тушган суратларини Интернетда тарқатаётган санъаткорларни танқид қилди.

1 июнь куни Би-би-си Ўзбек хизмати динини "кўз-кўз қилаётган" санъаткорлар "Ўзбекконцерт" томонидан огоҳлантирилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Муассаса раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров 31 май куни Тошкентда бўлиб ўтган "Маънавият соати"да соқол қўйган ва масжидда тушган суратларини Интернет ижтимоий тармоқларига юклаётган касб эгаларини танқид қилиб, "Ислом дини санъаткорларнинг тарғиботига муҳтож эмас", деб айтган. Бундан ташқари, "Ўзбекконцерт" раҳбари Рамазон саҳарлиги ва ифторлик суратларини улашаётган ҳамда соқол қўйган қўшиқчиларни ҳам танқидга тутган.

Би-би-си Ўзбек хизмати бўлиб ўтган йиғилиш тафсилотлари юзасидан "Ўзбекконцерт" бирлашмаси вакили Музаффар Сайфуллаев билан боғланди. Суҳбат давомида жаноб Сайфуллаев "йиртиқ жинсида саҳнага чиқиб, айнан Рамазон ойига келганда "ибодатдаман", "тақводаман" дейдиган санъаткорлар амалини "риё" деб атади.

Айни мулозим билан суҳбатга нисбатан Би-би-си Ўзбек хизматининг қатор ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кўплаб ўқувчилар турлича муносабат билдирдилар.

"Соқолга осиляпти, бировнинг шахсий ишига аралашяпти бу раҳбар! Ҳар хил баҳоналарни қилиб, Ислом дини ривожига тўсқинлик қиляпти баъзи раҳбарлар. Гапининг тайини йўқ!" деб изоҳ қолдирган Абдуллоҳ Муборак исмли фойдаланувчи.

Мадина Алимкулова эса "Бу қарорни тўғри, деб биламан. Пропаганда ёки ўзини пок кўрсатиш керак эмас", деган.

Рабия Рабия: "Соқол мода бўлди. Соқолни фақат мусулмонлармас, кофирлар ҳам қўяди. Соқолни ярашган қўяди".

Мамуржан Бахтиёр Огли Туркиймуслим номли фойдаланувчи "Эркак қўшиқ айтиб, рақсга тушишни бошлаши билан эркакликдан чиқади", дея, бу сўзлар Умар розияллоҳу анҳудан иқтибос эканлигини эслатиб ўтган.

Ноза Алҳамдилуллаҳ: "Ҳақ гапларни гапирибдилар. Ҳаммага кўз-кўз қилиш шартмас. Аллоҳ билса бўлди. Кибр, риёдан сақланинг".

Тоиб Мир эса "Аёл артистлар соқол қўйсаям бўлмайди эканми? Эркак артистлар қошини терсачи? Майли, тинч қўйинглар шу қўшиқчиларнинг раҳбарларини. Нимадир қилишяптида, энди. Асосийси Президентимиз омон бўлсин, шунчалик ислоҳотлар қиляптилар," деб ҳаммани шукрона келтиришга чақирган.

Зилола Икромова "Ўзбекконцерт"нинг бу қадамини қўллаб-қувватлаган: "Зўр бўпти. Санъаткорларнинг кўпи ҳаддидан ошиб кетган… Тўғри қарор."

Фазлиддин Салоҳиддинов "Риё, риё, деб гапираётганлар, ўзларинг қачон [таҳорат олиб] масжидга борганингизни эслоласизми?" деб "Ўзбекконцерт" мулозимларини саволга тутган.

Улуғбек Ашурнинг фикрича, "йиғилишда бўлиб ўтган гаплар конституцияга зид".

Жафаруллоҳ Асрорийнинг бўлиб ўтган гаплардан ҳафсаласи пир бўлган: "Энди хурсанд бўлгандим, дарров тақиқлашни бошлашди каззоблар!"

Муслим Муслимов: "Тўғри гап. Санъаткорлар ё санъатини ташласин ёки намоз ўқисин. Бу икки хил мавзу. Бири Ислом динимиз, иккинчиси умуман динга тескари ҳаром қилинган иш! Ҳамма ишлар ўз номи билан аталсин".

Ойбек Алимовнинг эса Би-би-сининг ҳар хил гапларни "ковлаб" юришидан жаҳли чиққан.

Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek