Би-би-сига айтаман: Санъат мардикор бозор эмас

"Би-би-си Ўзбек" сайтида берилган “Қўшиқчига берилган лизензия- унинг ноними?» сарлавҳали мақолага бир қанча изоҳлар келган.

Жумладан, ўзбекистонлик, исмини маълум сабаблар билан айтишимизни хоҳламаган хонанда ҳозирги қўшиқчилик билан ҳолат, тўйлар ҳақида ўз фикрларини билдиришни лозим топган.

У шундай деб ёзади:

"Тўйга бориб халқнинг 4-5 соат хизматини қилиш осон эмас. Лекин шинавандаларингиз атрофида куйлаш бу бахт.

Аммо санъатни ҳам мардикор бозорга айлантириб қўйишди гўё. Тўйларниям ҳозирги гуруҳлар, яна ўзлари пул тикиб продюссерлик қилаётганлар мадикор бозорига ўхшаб талашиб тўй эгаларини бошини айлантириб, ўзларини тиқишади.

Ким телевидениеда кўп чиқса тўйи кўп бўлади, дейишяпти ҳозир. Мен бунга унча қўшилмайман.

Хақиқий шинавандалар бу каби одамларнинг йўлларига юрмайди.

Афсус ҳақиқий санъаткорлар камайиб кетишяпти. Баъзилар санъатни бизнесга айлантириб олишди.

Ҳозир эшитишимча, баъзи қўшиқчилар икки-уч кунда 10 минг доллар ишлаб олаяпти, ёмонмас тўғрими?

Тўйни ташкилотчилари бор, улар тузукроқ ресторанлар билан келишиб олиб ўзлари манфаат кўриши мумкин бўлган саньаткорларни тавсия қилишади.

Биласиз, тўй қилаётган одам ҳар хил хаёлда юради, нима бўлсаям тўйим ўтса бўлди, дейди.

Тўйдан кейин ўтириб «вой тўй қилсам, фалончини олиб келаман дегандим-а» деб қолаверади.

Илгари одамлар боласини қўшиқчи бўлишини унча хоҳламас эди. Ҳозир ўзлари етаклаб юриб «мени қизим ёки ўғлимни эшитиб кўринглар», деб юришипти.

Ҳақиқий санъаткор бўламан, деганларга бунақа ҳолатлар бегона. Тўй бошқа, санъат бошқа. Олдинлари санъаткорни вақтига қараб тўй қилишар эди, ҳозир у бўлмаса бошқасида, дейдиганлар кўп.

Мен бир нарсанинг гувоҳи бўлганман. Бир ашаддий шинаванда оламдан ўтаётганда болаларига васият қилиб, қачон яхши кунларингни ўтказаётганингда мен ёқтирган кўшиқчиларни олиб келинглар, шунда руҳим шод бўлади, деганлар. Ўзимнинг ҳам ҳаётимда кўп учрайди, ҳақиқий мухлис фақат ўзи хоҳлаган санъаткорни яхши кунига олиб боришни хоҳлайди.

Халқимиз саньатсевар. Водийда масалан, ҳозирги қўшиқчиларнинг ҳаммасиниям тўйларига олиб боришавермайди. Агар фонограмма ишлатиладиган тўйларга боришмаса, бошқа тўйлари фақат жонли бўлади водийда.

Кейин тарбияси бошқачароқ, ахлоқи билан «ном чиқарган» қўшиқчиларни ҳам тўйларига айтишмайди, ор қилишади одамлар.

Масалан ҳозирги «машҳур»лар…кўпку буларнинг уруғи, ҳатто халқ артисти булганлар ҳам тўйда жонли айтишмайди.

Бир хил санъаткорлар ўзига кераксиз нарсага аралашади, бир-бири билан муштлашиб обрўсини тўкади ёки пули кўпайиб бошқаларни менсимай қўяди, кейин уларнинг лицензияси олиниб сал пастга тушириб қўйилади. Кўп ҳолатда қўшиқчилар фақат тўй учун лицензия олиб тўйма-тўй юришади кейин.

Кейин яна ачинарли ёки қўрқинчли бир нарса бор санъаткорлар орасида: рақиб қўшиқчиларнинг расмини кўтариб юриб фолбинларга ўқитишади, «иссиқ-совуқ» қилишади. Санъаткорлар бир-бирини еб қўйгудек, қандай қилиб меҳр-оқибат бўлади унда.

Мен бу нарсаларни куйиниб айтаман холос. Худога шукур ҳали ҳам ҳақиқий санъатни қадрлайдиганлар бор. Устозларимизнинг меҳрини қозонганмиз.

Қачонки, Ўзбек санъатининг тақдирини ўйлайдиганлар бирлашса, сохталикларга кўз юмилмаса ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади. Шу таниш- билишчилик йўқолиб, ҳақиқий санъаткорлар саҳнани эгалласа, халқ ҳам хурсанд бўлади, кайфияти ошади".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02