Президент Мирзиёев Рамазон ойи ҳақидаги қарорни имзолади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорга имзо чекди.
Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси муборак Рамазон ойи бошланиши бу йил 17 май кунига тўғри келишини маълум қилганди. Президент қарорида ҳам айни сана урғуланган.
Бу ҳақида хабар тарқатган кун.уз сайтига кўра, Рамазон ойини "азалий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириши ҳужжат билан назарда тутилмоқда".
"Ушбу муқаддас ойда ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият бериш зарур", дейилган давлат раҳбари қарорида.
Исломий тақвимга мувофиқ, Рамазон ойининг боши ва охири янги Ой чиқишига қараб белгиланади.
Дунёдаги аксарият мамлакатларида ҳайит қачон бўлиши эса, рўзанинг охирги кечасида маълум бўлади.
Аммо, Ўзбекистонда 1992 йилдан буён давом этиб келаётган тажрибага мувофиқ, Рамазон ойининг боши ва охири махсус фармон билан олдиндан белгиланади.
Бу эса кузатувчиларга кўра, баъзи чалкашликларни юзага келтиради.
Кўп ҳолларда Ўзбекистон олдиндан эълон қилинган президент фармони туфайли кўп мамлакатлар, ҳатто минтақа давлатларидан бир кун кейин ҳайитни нишонлагани кузатилган.
Бироқ ҳайитни қачон нишонлаш борасида бошқа мамлакатларда ҳам тушунмовчиликлар юзага келиб туради.
Кўп мусулмонлар одатда ҳайитни Саудия Арабистони эълон қилган сана бўйича нишонлашади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












