Ўзбекистон хориждаги маданий бойликларини ортга қайтармоқчи

Фирдавс Абдухолиқов Катта лангарда сақланган Қуръони Каримнинг факсмимеле нусхаси билан
Сурат тагсўзи, Фирдавс Абдухолиқов Катта лангарда сақланган Қуръони Каримнинг факсимеле нусхаси билан

Ташаббускорлар хориждаги бир вақтлар Ўзбекистонга тегишли бўлган қимматбаҳо маданий бойликларни Ўзбекистонга қайтаришга бел боғлаган. Халқаро аукционларда сотувга қўйилган осори-атиқаларни ҳукумат ва йирик тадбиркор ҳомийлар эътиборига ҳавола қилинган ҳолда у ортга қайтарилади.

18 апрель куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида "Ўзбекистоннинг маданий бойликлари Буюк Британия тўпламларида" номли анжуман бўлиб ўтди.

Анжуман "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳаси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Ўзбекистоннинг Британиядаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил қилинди.

Британия кутубхонасида туркийларга оид 4 мингдан ортиқ қўлёзма сақланади
Сурат тагсўзи, Британия кутубхонасида туркийларга оид 4 мингдан ортиқ қўлёзма сақланади

Унда Ўзбекистоннинг Британия музейлари ва шахсий коллекцияларида сақланаётган қўлёзма асарлари ҳамда осори-атиқаларига бефарқ бўлмаган олим ва профессорлар қатнашди.

Анжуман давомида Ўзбекистон дунё бўйлаб сочилиб кетган маданий меросини қандай қилиб тўплаб уни жамоатчиликка тақдим қилаётгани ҳақида айтилди.

Лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдухолиқовнинг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, шу вақтгача Қашқадарё вилоятининг Катта лангар қишлоғида сақланиб келинган ҳалифа Усмон (р.а)га буйруғи билан ёзилган илк Қуръони Каримнинг факсимеле нусхаси тайёрланиб тарқатилмоқда.

Факсимеле нусха китоб ва қўлёзмаларни аслига мослаб нусха кўчириш демакдир.

Масалан, факсимеле нусхада Қуръонга тушган қон доғлари аслида қандай бўлса шундай кўриш мумкин.

осори

Ёки қадимий китобларда тилло суви юритилиб ёзилган қўлёзмалардан факсимел нусха кўчирилганда нусхаларга ҳам тилло суви юритилади.

Бир йил ичида Катта лангар қишлоғида сақланиб келинган Қуръондан ташқари Амир Темурнинг "Темур тузуклари", Ҳусайн Байқаронинг "Девони Ҳусайни", ва "Мерожнома" каби асарларнинг факсимиле нусхалари яратилган.

Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, лойиҳа бу каби асарларни фақатгина нусхасини яратиб тарқатмасдан, балки қийин бўлса-да уларни Ўзбекистон қайтаришни ҳам мақсад қилган.

"Маданий меросни Ўзбекистонга қайтаришнинг қонуний йўли бор. Халқаро аукционни кузатиб, уларда сотувга қўйилган бойлигимиз ҳақида маълумотномани тўплаб олиб, ҳукумат ва ватанпарвар йирик ҳомийларга етказиш ва уларнинг эътиборини шу масалага жалб этиш", дейди Фирдавс Абдухолиқов.

Бироқ қачонлардир четга чиқиб кетган ёки айримлари арзимас пулларга сотилган маданий бойликларни ортга қайтариш осон бўлмайди.

Мирзо Улуғбекнинг нефритдан ишланган пиёласи Британия музейида сақланади
Сурат тагсўзи, Мирзо Улуғбекнинг нефритдан ишланган пиёласи Британия музейида сақланади

Масалан, айни дамда Британия музейида сақланаётган Мирзо Улуғбекнинг нефритдан ишланган пиёласи 1960 йилда бир коллекционердан 50 фунтга сотиб олинган.

Кейинчалик унинг қиймати маълум бўлган ва айни дамда жуда қимматбаҳо матоҳ саналади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek