"Тошкент ГУВДси энди акамга 10 йил олдинги туҳматни илмоқчи"

Муҳаммад Рашидов барча айбларни рад этмоқда
Сурат тагсўзи, Муҳаммад Рашидов барча айбларни рад этмоқда

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси терговчиси 32 ёшли Муҳаммад Рашидовни дастлаб қариндошларига диний сабоқ бериш ва "Ҳизбут таҳрир" даъват қилишда айблади. Айбланувчи дастлабки терговда қийноқ туфайли бўйнига олган айбидан воз кечганидан сўнг терговчи Сарвар Юсупов унга 10 йил олдинги "ҳолат" бўйича айблов эълон қилди.

Муҳаммад Рашидовнинг синглиси Мўмина Рашидованинг Би-би-сига айтишича, 2017 йилнинг 16 феврал куни Ички ишлар идораси ходимлари акасини ҳужжатларга имзо чекиб қайтиб келишини айтиб олиб кетгандан буён қайтиб келмаган.

Суҳбатни BBCUZBEK.COM нинг YouTube каналида тингланг.

Унинг таъкидлашича, Тошкент ГУВД биносида акасини ички ишлар идорасининг 10 ходими резина таёқлар билан аёвсиз калтаклаган.

Калтаклар натижасида у 2008 йилдан бери қидирувда бўлган турмуш ўртоғи Гўзал Тўхтахўжаева билан биргаликда қариндошлари бўлган Насиба Узоқова, Умида Узоқова ҳамда Муҳаммадамин Абдураҳмоновларга диний таълим бериш ҳамда "Ҳизбут таҳрир" оқимига даъват қилиш айбловини тан олиб қўл қўйиб беришга мажбур бўлган.

14 декабрда Муҳаммад Рашидов бошқа нарсаларда айбланган.
Сурат тагсўзи, 14 декабрда Муҳаммад Рашидов бошқа нарсаларда айбланган.

Тошкент шаҳар прокуратураси Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи адлия катта маслаҳатчиси Б. Деҳқоновнинг Мумина Рашидовага берган жавоб хатида Муҳаммад Рашидовнинг нимада айбланаётганини кўриш мумкин.

Бироқ кейинчалик, мустақил адвокат тайинланиши ҳамда дарс бергани айтилган қариндошларининг ушбу айб уйдирма ва туҳмат эканлиги тўғрисида кўрсатма бериши ортидан унга қўйилган айб айблов хулосасида йўқ бўлиб қолган.

Муҳаммад Рашидовнинг 28 феврал куни адвокати билан биргаликда кўриб чиққан ва имзо чеккан айблов хулосасида унинг қариндошларига диний сабоқ бергани ва "Ҳизбут таҳрир" га даъват қилгани ҳақидаги айб кўринмаган.

Мўмина Рашидованинг айтишича, терговчи Сарвар Юсупов томонидан тузилган айблов хулосасида акаси Муҳаммад Рашидовга нисбатан қамоқдаги икки маҳбуснинг 2008 йил "ҳолати" юзасидан берган гувоҳлиги айб сифатида эълон қилинганини кўриш мумкин.

"Зонадан олиб келинган гувоҳлар 2008 йили, Учтепа туманидаги сомсахонада акамдан диний дарс олганини айтган. Аммо акам уларни биринчи марта кўриб турганини айтиб, бу айбни ҳам инкор қилган. Айблов хулосасига ундан норози эканлигини ёзиб қўл қўйган", дейди Мўмина Рашидова.

Муҳаммад Рашидов билан бирга айбланаётган унинг турмуш ўртоғи Гўзал Тўхтахўжаева, қариндоши Насиба Узоқова, Умида Узоқова ва Муҳаммадамин Абдураҳмоновлар устидан тергов ишлари тугаган.

Улар 28 феврал куни айблов хулосаси билан таништирилган. Айбланувчилар ўзларига қўйилаётган айбларни туҳмат ва ёлғонлигини айтиб имзо чекиб беришган.

Энди иш тасдиқлатиш учун прокуратура оширилади.

Прокуратура унда жиноят аломатлари йўқлиги боис бекор қилиши, қайта терговга юбориши ёки судга ўтказиши мумкин.

Ушбу ишни олиб борган терговчи Солиҳ Раҳмоновнинг ундан четлатилгани ҳақида хабар берган эдик.

Гўзал Тўхтахўжаевадан бошқа айбланувчиларнинг барчаси дастлабки тергов вақтида уларга нисбатан қийноқлар қўлланилганини айтган.

Қийноқлар борасидаги даъволарни ўрганиб чиққан Миробод туман прокуратураси Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад қилиниши билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek