ЎзА варақа тарқатганликда айблаган аёл қамоқдан чиқарилди

қийноқ

Сурат манбаси, Umida Akhmedova

ЎзА томонидан "эктремист" тамғаси урилган Умида Узоқова 30 ноябр куни Шайхонтоҳур туман маҳамаси томонидан уй қамоғига ўтказилди. Адвокат унга нисбатан "Ҳизбут таҳрир" варақаларини тарқатиш айби қўйилмаётганини билдирди. Яқинлари Умидани даҳшатли қийноқларга тутилганини айтишганди.

16 ноябрда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ушлаб кетилган ва яқинларига нима сабабдан ушлангани айтилмаган 7 кишидан яна иккитаси 35 яшар Оятулла Усмонов ҳамда 23 ёшли Насрулло Аъзамов 1 декабр куни қамоқдан озод қилинди.

Олдинроқ Умида Узоқованинг турмуш ўртоғи Нодир ҳибсдан озод қилинганди.

Терроризмга қарши курашиши бошқармаси томонидан қўлга олинган 7 кишидан 3 киши ҳамон ҳибсда сақланмоқда.

Давлат томонидан тайинланган адвокат Рустам Раҳматуллаевнинг Би-би-сига айтишича, Умида Узоқованинг вояга етмаган болалари борлиги ва бир оиладан 3 кишининг ҳибс олиниши сабаб унга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси сифатида кўрилди.

Давлат томонидан тайинланган адвокатнинг таъкидлашича, Умида Узоқовага нисбатан "Ҳизбут таҳир" ташкилоти варақаларини тарқатиш айби қўйилмаган.

"Варақа тарқатди деб айб қўйилмаган. ГУВД бунақа хабар ҳам чиқармаган. ЎзА да нима чиққан бўлса унга мен жавоб бермайман", дейди у.

Давлат томонидан тайинланган адвокат Рустам Раҳматуллаев тергов давомида Умида ва унинг онаси ҳамда укасига нисбатан нисбатан қийноқ қўлланилмаганлигини айтди.

"Улар судда қўйилаётган айбловномани тан олишди. Уйда Ҳизбут таҳрир ғояларини, жумладан, халифалик қуриш ғояларини муҳокама қилишган. Ушбу кўрсатмалар қийноқ остида олинмаган. Мен улар билан 4 кундан бери учрашиб, сўроқларда иштирок этяпман. Бирортасида қийноқ қўлланилгани кўрингани йўқ. Ишонмасанглар ана Умида Узоқованинг ўзи билан гаплашинглар", дейди давлат томонидан тайинланган адвокат.

Умида Узоқова унинг онаси Насиба Узоқова ва укаси Муҳаммад Амин Абдураҳмоновлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-2 моддаси бўйича айбланмоқда.

Унда Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш жинояти кўрсатилган.

Умиданинг опаси Азиза Узоқова Би-би-си билан суҳбатда 14 ноябр куни Тошкент шаҳар ИИББга борганида онасига нисбатан қийноқ қўлланилаётганини ўз қулоқлари билан эшитгани ва у билан юзлаштирилганида милиция ходимлари синглиси ва укасини бошқа-бошқа хонада овозини онасига эшиттириб қийнаганини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармасига қўнғироқ қилди.

Гўшакни кўтарган ходим Би-би-сидан ушбу рақамни қаердан олганлиги борасида сўради.

Номерни Тошкент ГУВДси матбуот орқали бергани айтилганида, у бу номер журналистларга берилиши мумкин эмаслигини айтди.

Ўзини таништирмаган ходимдан қийноқлар борасида сўралганида телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати бошлиғи Тўлаган Абдуллаевнинг вазирлик веб саҳифасида кўрсатган рақамини бир неча кундан бери ҳеч ким кўтармайди.

Диндорларнинг ҳибсга олиниш жараёнини яқиндан кузатиб бораётган ҳуқуқ фаоли Сурат Икромовнинг таъкидлашича, Умида Узоқованинг уй қамоғига ўтказилиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 ноябрда чиқарган фармони билан боғлиқ.

"Президентнинг фармони эрталаб чиқяпти, ўша куни кечқурун Умидани судга олиб боришиб уйга чиқариб юбориш ҳақида ажримни қабул қиляпти. Суд кечқурун саккизда бўляпти. Президентнинг фармонидан булар тез ҳаракатни бошлади. Қолганлари тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ, уларнинг бир нечтасини бугун чиқииши керак эди", дейди Сурат Икромов.

13-16 ноябр кунлари Терроризм ва экстремизмга қарши курашиши бошқармаси томонидан ушланган 7 кишидан шу вақтгача фақат бир киши Умида Узоқованинг эри Нодир қўйиб юборилган.

Умида Узоқова уй қамоғига чиқарилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев инсонларни қийноққа солиб олинган иқрорлик кўрсатмаларидан жиноят ишларида далил сифатида фойдаланишни тақиқлаган фармонни имзолаган.

"Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган фармон Ўзбекистон президентининг president.uz расмий веб-сайтида эълон қилинган.

Сурат Икромовнинг айтишича, фармондан сўнгги ўзгаришлар Тошкент ГУВДсидагиларнинг қўрқиб қолганидан дарак беради.

"Улар энди бизни ишлан бўшатиши мумкин деб қўрқиб кетишди. ГУВДдагилар қисқа вақтнинг ичида жавобгарликка тортилса керак. Чунки ҳибсга ушланганларнинг қийноққа учрагани ҳақида бизда ҳамма далиллар бор", дейди ҳуқуқбон.

Сурат Икромов Президентнинг тергов давомида қийноқларни тўхтатиш тўғрисидаги фармони қийноқларга бутунлай барҳам бермаслигини таъкидлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002