Тошкентда "қора рўйхат"дан ўчирилган ўнлаб диндорлар ушланди

Сурат манбаси, Getty Images
Тошкент шаҳри ва вилоятида 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган 79 нафар аёл ва эркак диндорлар қўлга олинди. Уларнинг аксарияти 8 соатлик савол-жавобдан сўнг қўйиб юборилган. 7 киши ҳамон ҳибсхонада қолмоқда. Ушланганларнинг айримлари калтаклангани айтилмоқда.
Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи чиқарган хабарда айтилишича, қўлга олинган диндорларнинг барчаси "қора рўйхат"дан чиқарилган бўлган.
"Уларнинг ҳаммаси бир-бирига қариндош. Қора рўйхатдан чиқаришди, энди давлат ишларида ишлаймиз, деб хурсанд бўлишаётган экан. Ҳаммасини 3 куннинг ичида олиб кетиб 8 соатлаб савол-жавоб қилишган", - дейди гуруҳ раҳбари Сурат Икромов.
Формасиз Ички ишлар ишлар вазирлиги ходимлари қўлга олинганларнинг уйида тинтув ўтказган. Тинтув баённомаси тузилган, бироқ унинг нусхаси уйда яшовчиларга берилмаган.
Ташаббус гуруҳи милиция ходимлари "терроризм ва эстремизмга қарши курашиш" бошқармасидан бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Би-би-си оммавий қўлга олишлар борасида изоҳ олиш мақсадида ИИВ матбуот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилди.
Бироқ вазирлик веб саҳифасида кўрсатилган матбуот котибининг телефон рақамига тушиб бўлмади.
Қўлга олинган аёлларнинг айтишича, 2008 йилдан бери қидирувда бўлган Гўзал Тўхтахўжаеванинг яширинган жойи ҳақида сўрашган.
1986 йилда туғилган Тўхтахўжаева "Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш" ҳамда "Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш" да айбланган.
Ташаббус гуруҳининг қўлга олинган Дилдора Аъзамовадан иқтибос келтириб ёзишича, унинг Зангиота туманидаги уйида бир кунда 3 марта тинтув ўтказишган.
23 яшар Насрулло исмли ўғлини ҳибсга олишган ва Тошкент ИИББ калтаклашган, деб ёзилади хабарда.
Қўлга олинганларнинг барчаси "қора рўйхат"да турган бўлган. Икки ой олдин махсус комиссия уларни рўхатдан чиқарган ва бемалол ишлаб жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини билдиришган.
"Уларни ваҳима қилиб ушлаб кетиши хавотирли. Гўзал Тўхтахўжаева 2008 йилдан бери қидирувда экан. Агар бирор янги маълумот пайдо бўлган бўлса, келиб шундай сўрашса ҳам бўлади-ку", дейди Сурат Икромов.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда қора рўйхатда турган 17 минг диндордан 16 мингтаси ундан чиқарилганди.
Президент Шавкат Мирзиёев қора рўйхатдан чиқарилган диндорларга муносиб иш, арзон кредит ва уй-жой билан таъминлаш кераклигини айтган. Урганчда гапирган Президент "йўлдан адашганларни фақат рўйхатдан чиқариш билан иш битмаслигини" таъкидлаганди.
Шавкат Мирзиёев сессиядаги чиқиши чоғида диний эътиқод масаласида адашганларни тўғри йўлга солиш борасида ҳали ҳам камчиликлар мавжудлигини айтган.
"Бу борада олиб бораётган ишларимизга танқидий баҳо берадиган бўлсак, очиқ тан олишимиз керак, диний эътиқод масаласида адашганларни тўғри йўлга солиш борасида ҳали ҳам камчиликлар бор. Йўлдан адашганларни фақат рўйхатдан чиқариш билан иш битмайди. Уларга амалий ёрдам бериш, муносиб иш топиб бериш, арзон кредитлар ва уй-жойлар билан таъминлаш лозим", деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистонда 17 минг диндор қора рўйхатда тургани маълум бўлган. Шавкат Мирзиёев уларнинг 16 минги рўйхатдан чиқарилганини олдинроқ айтган эди.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02













