Ижтимоий тармоқлар сизни тушкунликка солиши мумкинми?

Сурат манбаси, Getty Images
Буюк Британиянинг Бристолидан Алекс Райли турли давлатлардан бўлган одамлар тушкунликни қандай енгишлари ҳақида китоб ёзмоқда - китобда, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали хафақонликдан чиқиш йўллари ҳақида ҳам маслаҳатлар бўлади. Мазкур мақолада Алекс Райли ўзининг тушкунлик билан боғлиқ тажрибасини биз билан баҳам кўради. Тушкунлик пайти Facebook ёки Twitter'га мурожаат қилиш Алексга ёрдам бердими ёки унинг ҳолатини янада ёмонлаштирдими, деган саволга мақоладан жавоб топишингиз мумкин.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида, эшик қоқаётган кумуш қиш илиқлик ва ёруғлик ўрнини эгаллаётган бир пайтда, вужудимни зулмат қоплаётганини ҳис қилдим.
Онгимни чангаллай бошлаган тушкунлик ғайритабиий равишда кучли эди - бутун ўтган йил давомида бундайин шафқатсиз тушкунлик билан юзлашмаган эдим.
Мен тезкор ёрдамга муҳтож эдим. Яна озгина муддатни ёрдамсиз ўтказганимда ўз жонимга қасд қилиш ҳақидаги ҳаёлларим ҳақиқатга айланар эди.
Тушкунликка тушишимга қадар мен мурожаат қилган психотерапевт вазият оғирлашган тақдирда «Самаританлар» (Буюк Британиядаги оғир вазиятларда одамларга ёрдам кўрсатишга асосланган миллий кўнгиллилар ташкилоти) билан боғланишимни маслаҳат берди.
Яқинларим учун атрофдаги ҳамма нарсага қизиқиши сўниб, ўз қобиғига ўралиб олган мени кўриш оғирлигини яхши англар эдим.
Яқин одаминг бутунлай тушкунликка тушиб қолган вазиятда унга ёрдам бера олмаслик сени янада азобга солади ва шу тариқа тушкунлик бутун атрофингдагиларга ҳам «юқа бошлайди».
Ниҳоят бир қарорга келиб, ўрнимдан турдим ва 116 113 рақамини тердим. Узун чақирув товушларини эшита бошладим. Яна товушлар. Гўшакни ҳеч ким кўтармади.
«Мен билан ҳеч кимнинг иши йўқ,» ўйлардим мен. Сўнг оғир вазиятларда одамларга ёрдам берувчи бошқа ишонч рақамига қўнғироқ қилдим. Бу ташкилотни Бристол Руҳий Шифохонаси деб атайдилар.
Нариги томондан аёл киши овози эшитилди. «Салом. Исмингиз нима?» - «Алекс». - «Яхшимисиз, Алекс?» - «Кечирасиз,» дедим мен ва йиғлаб юбордим.
Ўзимни йиғидан тўхтата олмасдим. Аёл ҳаммаси жойидалиги, ҳолатимни тасвирлаш учун етарлича вақтим борлигини айтиб, мени юпатишга уринар эди.
Лекин айнан вақт масаласи мен учун оғриқли эди. Шифохона телефон тармоғини банд қилиб, менданда кўпроқ ёрдамга муҳтожлар йўлини тўсаётганлигим, уларнинг вақтини ўғирлаётганлигим менга тинчлик бермас эди. Вақтини сарфлаб, мени овутишга уринаётган аёл эътиборига лойиқ эмас эдим.
Ва гўшакни қўйиб қўйдим. Ўзимдан нафратланганча ва азобли ёлғизликни ҳис қилганча Twitter'га кирдим. Гапиришга имконим бўлмаса, у ҳолда ёзаман, ўйлардим мен.
Ва мен билан нималар бўлаётгани, саккиз ойдан буён когнитив-хулқ-атвор бўйича мутахассис қабулига кириш учун навбат кутаётганлигим ҳақида твит ёздим. Твитимни «Хечқиси йўқ,» деб тугатдим ва одамлар муносабатини кута бошладим.
***

Сурат манбаси, Getty Images
Бизнинг ҳар биримиз ижтимоий тармоқлардан турлича фойдаланамиз - Facebook ёки Twitter'дан фойдаланиш ҳар кимга турлича таъсир қилади, турли ҳиссиётларни уйғотади.
Тушкунлик билан ҳам айни вазиятни кузатиш мумкин - ҳар кимнинг тушкунлиги, ҳиссиётлари ва ўй-хаёллари бошқаларникига ўхшамайди. Булар шахснинг атрофидаги муҳит билан кўпроқ боғлиқ. Ҳар ким тушкунликдан турлича азоб чекади.
Шу сабабли тушкунлик ва ижтимоий тармоқлар бир-бирига қандай таъсир қилиши ҳақида хулосалар чиқариш мушкуллиги мени ажаблантирмайди.
Бироқ баъзи умумий қонуниятлар мавжуд. 2010 йилдан бери ўтказилган бир неча тадқиқот натижалари ижтимоий тармоқлар, масалан, Facebook'дан узлуксиз фойдаланиш тушкунлик, ҳеч қурса, унинг симптомларини келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатади.
2016 йили Америкда ўтказилган тадқиқотда 19 ёшдан 32 ёшгача бўлган 1787 нафар одам иштирок этади. Якуний хулосаларга кўра, шахс ижтимоий тармоқдан қанча узоқ вақт давомида фойдаланса, ундаги тушкунлик даражаси ҳам мутаносиб равишда ўсиб боради.
Шахс қанчалик ижтимоий тармоққа боғланиб қолса, унда умидсизлик, мақсадсизлик ва иродасизлик ҳислари кучайиб бориши тадқиқот давомида аниқланган.
Бироқ Питсбург университетидан Лю Илин ва унинг ҳамкасблари бунинг ҳаммасига Facebook айбдор деган фикрда эмас. Азалдан тушкунликка мойил ва айни тушкунлик ҳолатидаги одамлар кўпроқ вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
«Тушкунликдан азоб чекаётган, яшаш қадрини англай олмаётган шахслар руҳий оғриқларни енгиллатиш мақсадида ижтимоий тармоқлар томон чопиши мумкин,» деб ёзади тадқиқотчилар.
Албатта, одамлар билан юзма-юз мулоқотда бўлгандан кўринмас ва шахси номаълум суҳбатдошлар билан ижтимоий тармоқлар орқали алоқага киришган маъқулроқ. Бундай суҳбатларни назорат қилиш, керакли жойда тўхтатиш осонроқ ва исталган пайтда уларга қайтиш мумкин.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар руҳий ҳолатга ижобий таъсир қилиши мумкинлиги тўғрисида ҳам далиллар мавжуд - ўзини жамиятдан ажралиб қолган, ҳаётдан узилган деб ҳисоблайдиган одамлар ижтимоий тармоқлар орқали айни руҳий ҳолатдаги шахслар билан мулоқотга киришиб, ижобий ҳаёт тарзига қайтишлари мумкин.
***
Шахсан мен ижтимоий тармоқларни на фойда на зарар, деб ҳисоблайман. Улар турли вақтда фойдали ёки зарарли бўлиши мумкин. Улар ҳамма вақт ўзгаришда бўлади - худди менинг руҳий ҳолатим каби.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзимни яхши ҳис қилган пайтлар - антидепрессантлар, муолажалар ёрдам берса, шахсий ҳаёт ва ишда муаммоли ҳолатлар бўлмаса - ижтимоий тармоқлар менга ижобий таъсир қилиши мумкин. Мен улар орқали сўнгги янгиликлардан бохабар бўламан, дўстларим билан суҳбатлашаман ва охири замон ҳали келмаганлигини билиб, хурсанд бўламан.
Тушкунлик менга кучли таъсир ўтказаётган вақтда ҳаммаси бошқача тус олади. Гўё денгиз махлуқоти пайпаслагичлари каби руҳий ҳолатим интернетдаги виртуал дунёлар, кенгликларга бир-бир кириб чиқади, онгимни зулмат қоплайди ва бутун ижтимоий тармоқлардаги ҳаёлий ҳаётим дўзахга айланади. Бундай вазиятда ижтимоий тармоқлар менга қандай қилиб ижобий таъсир қилиши мумкин?
Масалан, Instagram'ни олайлик. Тушкунликка тушган пайтим саҳифамда қандай сурат пайдо бўлмасин, мен уларда фақат салбий бўёқларни кўраман.
Ёввойи табиат қўйнида олинган оқ айиқ ёки лемур сурати менда бу тасвирларни туширган сураткашга нисбатан мизантропча (инсоният ва кишилик жамиятидан нафратланувчи шахс) муносабатни пайдо қилади. Жамиятга нисбатан умидсизлигим янада ортиб кетади.
Қандайдир олис мамлакатнинг қандайдир шаҳарчаси кўчаларида ҳаёт завқларидан шодон одамлар сурати ўзимнинг каталакдек квартирамдан ташқарига чиқишга имконим йўқлигини бот ёдимга солиб, мени янада азоблайди. Дўстларим сурати эса мен улар билан бирга хурсандчилик қилмаётганимдан дарак беради.
Шу тариқа руҳий ҳолатим ёмонлашган чоғда ижтимоий тармоқларга яқинлашмасликни одат қила бошладим. Бундай пайтларда ҳаётнинг оддий ташвишларига кўпроқ эътибор қаратишга интилдим: овқат, уйқу, сайр…
Ўтган йили ижтимоий тармоқларга ажратаётган вақтимни назорат қилишни кучайтира туриб, смартфонимдаги барча тегишли иловаларни ўчириб ташладим.
Ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларим ҳамон фаол турар, шунчаки уларга киришим анчайин қийинлашган эди.
Менга кўп нарса ўзгаргандандек туйилмади. Бироқ ҳақиқий ҳаётим ва виртуал дунё ўртасидаги чегарани янада аниқроқ ҳис қила бошладим.
Эндиликда ижтимоий тармоқлар орқали мени тўсатдан тушкунликка соладиган ёқимсиз янгиликлар ҳақида эслатмалар ҳам келмас эди.
Ижтимоий тармоқларга ажратадиган вақтимни бошқаришни такомиллаштира туриб, мен тушкунликдан фориғ этувчи янги дармон кашф қилгандек бўлдим.
Тушкунликка қарши воситаларнинг баъзилари иш бермайди. Баъзилари киши аҳволини янада ёмонлаштиради. Лекин ҳақиқий ёрдам берадиганлари ҳам бор. Агар сиз шундай восита топа олган бўлсангиз - ундан ижобий таъсир олиш учун тўғри миқдорни аниқлаб олишга бироз вақт керак.
***
Ўшанда, ноябрда, Twitter'да ўз дардимни достон қилганимда менга шахсий хабар келди. Зудлик билан уни очиб кўрдим. Хабар узоқ вақтдан бери кўришмаган, университетдаги эски танишимдан келган эди.
У менга ўз ҳамдардлигини билдирар эди. Ва мен истаган вақтда суҳбатлашишга тайёр эканлигини маълум қиларди.
Яна йиғлаб юборганимдан тезда жавоб қайтара олмадим.
Балки шунчаки кўнгил учун ёзгандир, лекин менинг ҳолатимга бефарқ бўлмаган одамлар ҳам борлиги мени йиғлатар эди.
(Тушкунлик шахснинг ҳаёт ҳақидаги қарашларини остин-устун қилиб юборади: ҳаттоки, энг яқин инсонлар даврасида ҳам шахс ҳамма унинг аҳволига бефарқ деган хаёлга боради. Эски танишимдан келган кичик хабарча эса мендаги айни тасаввурни бир дақиқага бўлсада, онгимдан чекинишга мажбур қилди.)
Ушбу бир неча қатор гап ҳаёт ҳали тугамаганлиги, ҳаммаси мен ўйлагандек ёмон эмаслигини эслатар эди. Бир неча кундан сўнг овқатга нисбатан иштаҳам тикланди, уйқум яхшиланди, атрофга нисбатан қизиқишим қайта уйғона бошлади.
Бир ҳафта ўтиб, ўзимни яна яхши ҳис қила бошлаганимдан сўнг, Twitter'га қайтдим ва танишимга ёзган хабари учун ташаккур изҳор қилдим.
Ҳа, менинг ижтимоий тармоқлар билан муносабатимни англаш жуда мушкул масала: улар мени тушкунликнинг зулматга тўла қаърига улоқтириши ҳам, айни вақтда, руҳимни кўтариб, ёруғлик томон етаклаши ҳам мумкин.
Бу интернет мени тушкунликдан чиқишим учун ростдан ёрдам берган ҳаётимдаги биринчи ҳолат бўлди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












