Ўзбек пахтаси аслида қанча фойда келтиради?

Сурат манбаси, Timur Karpov
- Author, Иқтисодчи блоггер
- Role, Тошкент
Шу кунларда Тошкентда 13 - Халқаро пахта ва текстиль ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. Мамлакат бугунда дунёда сотилаётган пахта толасининг 7% етказиб бераётганини ҳисобга олсак, тадбирнинг қанчалик катта аҳамиятга эгалигини бирмунча англаш мумкин. Бироқ...
"Оқ олтин"нинг фойдаси
Кейинги йилларда Ўзбекистонда пахта майдонларининг аста секин қисқариб бориши баробарида унинг мамлакат экспортидаги улуши ҳам камайиб бормоқда.
Агар ўтган асрнинг 90 йилларида бу кўрсаткич 59, 7% тенг бўлган бўлса, ҳозирда атига 7,5% тўғри келади.
Аммо статистик маълумотларга кўра, пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари бир йиллик қиймати тахминан 70 миллиард доллар бўлган Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотига ўтган йили 2 млрд доллар атрофида даромад келтирган.
Бундан 1 млрд доллардан ортиғи тайёр текстиль маҳсулотлари экспортидан олинган даромад бўлиб, бу кўрсаткич йилдан йилга ошиб бормоқда.
Шу билан бирга, яқинда ҳукуматнинг юқори лавозимли мулозимлари Ўзбекистон босқичма босқич тоза пахта хом-ашёси экспорт қилишдан бутунлай воз кечиш ниятидалигини маълум қилди.
Шу ўринда яқинда маҳаллий нашрларда мамлакатдаги аксар фермерлар (шу жумладан, пахта етиштирувчилар) зарар кўриб ишлаётгани ҳақида мақолалар чоп этилди.
Бу гапларда, албатта, жон бор. Чунки пахтани экишдан тортиб уни йиғиб олишга қадар бўлган жараёнларнинг бари юқоридан бериладиган буйруқ орқали амалга оширилади.
Яъни фермер ўзи истаган нарсани далага эка олмайди ва зарар кўриб ишлаётган бўлса-да, пахта экишга мажбур.

Сурат манбаси, Timur Karpov
Фермерларга пахта учун ўта кам тўланиши ва деярли текинга териб олинаётгани сабабли ҳам у давлатга ҳамон фойдали бўлиб турибди.
Уфқда - Better Cotton!
Боз устига, 2017 йилда мамлакатда пахтачилик соҳасида янги бир лойиҳаларни амалга ошириш бошланди.
Жумладан, пахта ярмаркаси доирасида Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва Ўзбекистон мамлакатда янги пахтачилик лойиҳасинининг дастлабги босқичи натижалари эълон қилинди.
Энг сифатли пахта толаси - Better Cotton стандартидаги пахтани ишлаб чиқириш бўйича лойиҳа амалда юқори нархда сотиладиган пахта толаси етиштириш имконини бериши керак.
Бу эса пахтачиликда барча босқичларда янгича ёндашувни кўзда тутади. Лойиҳа Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзпахтасаноатэкспорт", "Ўзбекенгилсаноат" иштирокида амалга оширилади.
Дастлабки 7 ой мобайнида лойиҳа доирасида фермер хўжаликларида пахтани барқарор равишда етиштириш стандарт тизимини жорий этиш учун инфратузилма ишлаб чиқилди ва у Фарғона ва Жиззах вилоятида синов тариқасида жорий этилди.
Агар кутилган натижага эришилса, 2018 йилда лойиҳага 3 минг фермер қўшилади, 2019-2022 йиллар орасида лойиҳа мамлакатнинг барча вилоятларини қамраб олади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 2015 йилда Ўзбекистон жаҳон бозорида 700 минг тонна тола сотган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 550 минг тоннани ташкил қилди.
Ўзбек пахтасининг асосий харидорлари Бангладеш (29%) ва Хитой (26%) бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Жанубий Корея, Туркия, Россия каби давлатлар ҳам ўзбекистон пахтасини сотиб олади.
Шу билан биргаликда мамлакат пахтачилик ва текстиль соҳасини комплекс ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Хусусан, яқин йиллар ичида Ўзбекистонда 10 ортиқ пахтачилик кластерлари ташкил этилиши режалаштирилган. Улардан биринчиси 2017 йилда Сирдарё вилоятида британиялик ишбилармонлар билан биргаликда очилди.
Янги кластерга 18 минг гектар суғорма ер ажратилади, пахта экилиб, олинган ҳосил шу ерда толага айлантирилади ва ундан тайёр маҳсулотлар тикилиб, хорижга жўнатилади.
Режалар амалга ошса...
Ўзбекистонда йилига 3,4 млн. тонна хом пахта йиғиб олинади. Қайта ишлангач, ундан 1,1 млн. тонна атрофида пахта толаси олинади.
13-Халқаро пахта ва текстиль ярмаркаси якунлари бўйича Ўзбекистон 1 млрд. доллардан зиёдлик тайёр текстиль маҳсулотлари ва ярим тайёр маҳсулотлар экспорт қилиш бўйича шартномалар имзолагани очиқланди.
Мисол учун 2015 йилда юқоридаги кўрсаткич 800 миллион долларга тенг бўлган.
"Ўзбекенгилсаноат" компанияси маълумотига кўра, 2017-2020 йиларда тўқимачилик тармоғини модернизация қилишга 1 млрд доллар йўналтирилади.
Дастур пахта толасини ички қайта ишлаш даражасини жорий йилдаги 44% дан 2020 йилга бориб 70% етказишни, ўз навбатида текстиль маҳсулотлари экспорти ҳажмини 800 млн доллардан 1,5 млрд долларгача оширишни кўзда тутади.
Ҳукумат режаларига кўра, 2020 йилга бориб мамлакатдаги қайта ишлаш корхоналарининг қувватлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган толани 100% тўлиқ (2017 йилда 70%) қайта ишлашга имкон беради ва бу экспортнинг қисқарилишига олиб келиши мумкин.
Пахтанинг биржа нархларига келсак, бугунда жаҳон биржаларида 1 кг. пахта толасининг нархи 77.40 центдан 84.70 центгачани ташкил қилган.
Умуман, пахта нархлари кейинги йилларда юқори эмас ва аксинчи тушишда давом этмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистоннинг пахтага боғлиқликдан аста секин қутулиш борасидаги ҳаракатларини ижобий қарор сифатида баҳолаш мумкин, дейди маҳаллий экспертлардан бири.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












