Ўзбекистонда "халқ душмани" ибораси пахта сафарбарлиги баҳона жонлантирилмоқда

Сурат манбаси, Behzod Shukurov, Facebook
"Жамият" газетаси бош муҳаррири Беҳзод Шукуров одамларни пахта теримидан қайтаришга уриниш халққа нисбатан душманлик эканлигини айтди. Беҳзод Шукуров олдинроқ телевидение орқали Ўзбекистонда мажбурий обуна йўқлигини айтиб, томошабинлар эътиборига тушганди.
"Жамият" газетаси бош муҳаррири 25 октябр куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон пахта далаларида тушган суратини Facebook ижтимоий тармоғига жойлади.
"Ўз пахтамизни ўзимиз териб олмасак, ким келиб бизга териб беради? Ижодкор зиёлилар - адабиёт, маданият, санъат намояндалари, журналистлар, олимлар, жамоат арбоблари билан учрашувлар, дилдан суҳбатлар, куй-қўшиқ халқимизнинг кайфиятини кўтариб, янада фидойи меҳнатга ундамоқда", деб ёзилади Советлар ва Ислом Каримов давридаги"Совет Ўзбекистони" газетасини эслатувчи оҳангда битилган постда.
Журналист иш куни Тошкентдан Каттақўрғонга бориш йўл кираси, ётоқ ва еб-ичишга қанча ҳаражат қилгани, ҳамда терган пахтаси ушбу ҳаражатларни қоплагани ёки қопламагани ҳақида ҳеч нарса демаган.
Бош муҳаррирнинг тарғибот пости унинг остига изоҳ қолдирганларнинг истеҳзоли кулгуси ва норозиликларига сабаб бўлган.
"Ғаллага ҳам сафарбарлик эълон қилайлик. Космик кемалар коинотда парвоз қилиб юрган бир вақтда", деб ёзди Мусанниф Адҳам.
Акмал Набиев тепадан пахта яккаҳокимлигига барҳам берилса Беҳзод Шукуров каби "маддоҳлар" фикрини биринчи бўлиб ўзгартириши ҳақида ёзади.
"Эртага юқоридан пахта яккаҳокимлиги танқид қилинса биринчи бўлиб шу маддоҳлар бошлайди янги қўшиқни "Пахта - ўзбекнинг бошига тушган кулфат" деб. Мен бу гапимни ҳаводан олиб ёзмаяпман, тўқсонинчи йилларда гувоҳи бўлганмиз бундай субутсиз маддоҳларнинг бир айланиб пахтани мадҳ қилишдан пахтага лаънат айтадиган миллат қаҳрамонига айланиб қолишганини", - дейди у.
Пахта ҳақидаги пост кескин муҳокама марказига айланган.
Бош муҳаррирнинг позициясини яна бир журналист "Шифо-инфо" газетаси катта мухбири Манзура Бекчанова (Manzura Bekchanova) ҳимоя қилган.
Катта мухбир пахтадаги ихтиёрий мажбурий меҳнатни "ҳашар" ибораси билан изоҳлашга ҳаракат қилган.

Сурат манбаси, facebook
"Бекор гап. Миллатимизда ҳашар деган гап бор. Бундай қадриятни бегоналар тушунмайди. Ҳар нарсадан иллат излайверманглар!", - дейди Манзура Бекчанова
Фикр билдирувчилар журналистларга ҳашар қандай бўлишини ҳамда пахта сиёсати "қулдорлик"нинг кўриниши ва бизнес эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилган.
"Ҳашарга мажбур олиб борилмайди, ихтиёрий. Бу ҳашар эмас, қулдорлик. Фермерлар ҳашарга чақираётгани йўқ! Ҳоким бюджет ташкилотларни мажбуран далага жўнатяпти!", - деб ёзади Акмал Набиев.
"Ҳашар бу маҳаллада кўприк бузилиб қолса, йўл таъмирталаб бўлиб қолса чиқиб ёрдам берадиган иш, мехнатинг билан ёрдам бера олмасанг уйингда шу ишга керакли асбобинг бўлса ёки ашёинг бўлса бериб туришинг ҳашарга киради.
Ҳашар ёрдами билан битган ишдан хеч ким алоҳида даромад олмайди. Пахта экиш ва йиғиш бу биринчи навбатда бизнес, бизнесда ҳашар-пашар деган нарса бўлмайди, ёлланма ишчилар бўлади. Бу қандай ҳашарчики, далага соат 10 да етиб келади, терган пахтаси 10 минг сўмлигу бу ҳашарчига кетган ҳаражат 20 минг сўмлик бўлса (транспорт, еган овқатию ва ҳоказо)", деб ёзади Ilham Eminov.
Пахта сиёсатига қарши чиққанлар - халқ душмани

Сурат манбаси, Behzod Shukurov, Facebook
Бироқ бу гаплар журналистларни ишонтира олмаган. "Инфо-шифо" катта мухбири пахта теришни "мароқли ҳордиқ" деган.
"Жиииим ўтиринг билмасангиз, сизга биров тур пахтага чиқ деяптими? Далага чиқиб кўрганлар билади бу қандай мароқли ҳордик эканлигини. Ҳозир бизни ҳам олиб кетишса жон деб борган бўлардим" деб орзу қилади Манзура Бекчанова.
Журналист касби иқтисодчи бўлган Ilham Eminovni саёз фикрлашда айблаган.
"Бекор гап сиз жуда саёз фикрлар экансиз. Пахта етиштиришга ўзимизда имконият бўлиб туриб, четдан сотиб олайликми? Эгнингиздаги кийимларни қаердан келди, деб ўйлаяпсиз? Ватанингиз борми ўзи, унинг равнақи учун нима қилиб қўйгансиз? Биз билмаймиз, қани айтинг-чи", - дейди Манзура Бекчанова.
Ilhan Eminov давлатга пахта териб эмас, балки ўз касби бўйича кўпроқ фойда келтириши мумкинлигини урғулаган.
"Давлат мени бюджетдан пул сарфлаб иқтисодчига ўқитди (бюджетда ўкиганман) ва мен мана 15 йилдирки шу соҳада халол ишлаб келмокдаман, ҳар кун (НДС), хар ой (НДФЛ) , ҳар йили (ер ва мулк солиғи) солиқ тўлайман, ва фақат яхши иқтисодчи сифатида давлатимга ёрдам бера оламан, лекин пахтакор сифатида эмас (чунки кунига 100 килолаб пахта тера олмайман). Ва мен тўлаётган солиқларим эвазига пахтани машина теришини хоҳлайман, чунки бунга имкон бор ", - деб ёзади Ilhan Eminov.
У яқинда Ўзбекистон Туркманистонга 500 дан ортиқ пахта териш машиналари сотгани ҳакида расмий хабар берилганини ҳам қистириб ўтган.
Шундан сўнг баҳсга "Жамият" газетаси бош муҳаррири Беҳзод Шукуров қўшилган.
У пахтага тарғиб қилган журналистларни "маддоҳ"га тенглаштирган Фахриддин Беркеновни "беркиниб олиб вайсаш"да айблаган. Пахтадаги мажбурий меҳнатга қарши чиққанларни халқ душманига тенглаштирган.
"Беркиниб олиб вайсаш осон Беркенов ука. Лекин мард бўлиб ёрдамга чиқиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Одамларни давлатга ёрдам беришдан қайтаришга уриниш халқимизга душманликдир", - деб ёзган Беҳзод Шукуров.
Фахриддин Беркенов беркинмаганини, балки "пахта йиғим-терими деб номланган коррупцион схемага" фуқаролик позициясини билдираётганини айтган.
"Пахта териш романтика эмас"
Shoakbar Shomahsudov пахта терими одамга завқ бағишлайдиган романтика эмаслигини айтган.
"Бу ерда романтика йўқ. Бу меҳнат, оғир меҳнат. Уйида бола-чақасини ташлаб, иши, турмушини ташлаб пахта даласига чиқиб қўлларига кўсак кириб, кимнингдир овқат, нон олиб келиб беришини кутиб, кам терган фарқини яна 1000 сўмдан сотиб олиб "фидоийлик" қилишни романтика, деб ёзаётган одамлар ёки жуда лаганбардор ёки жуда ҳам қўрқоқ", -дейди Shoakbar Shomahsudov.
У пахта теришни мақтаган журналистларга юзланаркан пахта ортидан ҳалок бўлганларни эслайди.
"Бўлаётган ҳолатлар РОМАНТИКАдан анча узоқ. Шу ишларни мақтаётган одамлар, сизлар бориб пахта даласида юрак хуружидан вафот этган инсонни фарзандларига айтинглар "дадангиз романтикани кўтаролмади", деб. Бева аёлга тушунтиринглар, "энди давлат нафақасига яшайсиз кенейи", деб. Тракторни тагида қолиб кетган фарзандни онасига айтинглар, романтика-ку бу, деб", - дейди Shoakbar Shomahsudov.
Бу каби норозиликларга "Жамият" газетаси бош муҳаррири Беҳзод Шукуров умумий қилиб "вайсақилар" деб жавоб берган.
"Қадимда ҳам вайсақилар бўлган. Ҳозир ҳам бор", дейди у.
Беҳзод Шукуров жонли равишда эфирга кетган "Муносабат" кўрсатувида "Ўзбекистонда мажбурий обуна йўқ", деган гапи билан томошабинлар эътиборига тушган эди.
У ўша вақтда "Бекажон" газетасида Бош муҳаррири ўринбосари бўлиб ишлаган Каримберди Тўрамурод билан бу борада тортишган.
Каримберди Тўрамурод мактабда ишлаб юрган вақти уни "Халқ сўзи" газетасига мажбурий обуна қилишганини айтганида Беҳзод Шукуров уни ёлғончига чиқарган эди.
Ушбу кўрсатувдан кўп ўтмай Каримберди Тўрамурод "Бекажон" газетасидан ишдан олинди.
Журналистнинг яқинлари унинг ишдан кетишига айнан кўрсатувларда ҳақиқатни айтишга қилган уринишлари сабаб бўлганини айтишади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002












