Ўқитувчи ва талабаларни даладан қайтаришга ҳукуматни ким мажбурлади?

Ўзбекистон тарихида илк маротаба талабалар, ўқитувчи ва шифокорлар пахта даларидан ортга қайтган. Кузатувчилар Мирзиёевнинг Нью Йоркдан қайтган кечаси ярим тунда бундай қарор олинишига Жаҳон Банки Президенти билан учрашув сабаб бўлганини айтишмоқда.
Жаҳон банки Президенти ва Шавкат Мирзиёевнинг 20 сентябрда Нью Йоркда учрашуви тафсилотлари мазкур банк веб саҳифасида чоп қилинди.
Унда айтилишича, Жаҳон банки Президенти Жим Ёнг Ким Ўзбекистонда тизимли равишда болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам беришдаги ўсишни эътироф этган, бироқ ёши катталарнинг мажбурий меҳнатини тугатишда олиб борилаётган ишлар ҳам ҳам худди шундай қатъий ва тезкор натижа олиб келиши кераклигини таъкидлаган.
"Президент Мирзиёев мажбурий меҳнатни тугатиш борасида ўз қатъиятини билдирди ва Президент сифатида Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувларининг Ўзбекистон бўйлаб эълон қилинмаган ва ҳамрохларсиз сафарини таъминлашига ваъда берди", - дейилади хабарда.
Жим Ёнг Ким, шунингдек, Шавакат Мирзиёевни Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, валюта айирбошлашни эркинлаштирилгани билан табриклаган.
У мамлакатда жамоат институтлари самарадорлиги ошишига ва хусусий секторнинг ўсишига ёрдам берувчи дастурларни қўллаб қувватлаш учун Жаҳон Банки ёрдамининг давом этишини билдирган.
Жаҳон Банки Президенти Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар очилаётгани ва Мирзиёевнинг минтақавий ҳамкорликка эътибор қаратаётганини олқишлаган.
Ўзбекистонда ўқитувчи, шифокор ва талабаларнинг пахта далаларидан қайтариш буйруғи Бош вазир Абдулла Арипов томонидан Мирзиёев Америкадан қайтиб Тошкентга қўнган кечаси берилган.
Ярим тунгача давом этган видео селекторда Арипов талаба, ўқитувчи ва шифокорларнинг ортга қайтиши ҳақида топшириқ берган.
Таҳлилчи Алишер Илҳомов Facebookдаги саҳифаси шифокор, ўқитувчи ва талабаларнинг пахтадан қайтариб олиш қарорига Мирзиёевнинг Жаҳон Банки Президенти билан учрашувдаги суҳбати сабаб бўлганини ёзади.
"Ҳуқуқ ҳимоячилари ва матбуот олиб борган кампаниядан ташқари Жаҳон Банки Президентининг Шавкат Мирзиёевга босим ўтказган суҳбати талаба, шифокор ва ўқитувчиларнинг пахтадан қайтарилишига сабаб бўлди. Жаҳон Банки ҳам мажбурий меҳнат қўлланиладиган қишлоқ хўжалиги соҳасига кредит бериш туфайли ҳуқуқ ҳимоячиларининг доимий босими остида бўлганди", - дейди Алишер Илҳомов
Ўқитувчи, шифокор ва талабаларнинг пахтадан қайтиши Ўзбекистонда хушхабар сифатида қабул қилинган. Ижтимоий тармоқларда тўп-тўп бўлиб автобус ва поездларда шаҳарларга қайтаётган талабаларнинг суратлари чиққан.
Талабаларнинг Ўзбекистон бўйлаб пахтадан қайтарилиши СССР таркибидаги ва мустақил Ўзбекистон тарихида илк мартотаба кузатилаётгани айтилади.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида истисто тариқасида пойтахтдаги талабалар пахтага чиқарилмас эди.
Бироқ Тошкентдаги қишлоқ хўжалиги ва Ирригация олийгоҳи талабалари ҳам ўша кезлари пахтага чиққанлиги айтилади.
Сўнгги йилларда Тошкентдаги талабалар ҳам ихтиёрий-мажбурий равишда пахтага чиқарилаётган эди.
"1966 йил Тошкентда зилзила рўй берганидан сўнг очилган ва мен (1993-1998 йилларда) ўқиган Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш институти 51 ёшга тўлди. 51 йил (ярим аср!) ичида илк бор талабалар пахтага чиқмаяпти", - деб ёзади кун.узнинг Самарқанддаги мухбири Шуҳрат Шокиржонов.
Бироқ кузатувчилар бу билан Ўзбекистон мажбурий меҳнат тугаб қолмаганини айтишади.
Ўқитувчи, шифокор ва талабаларнинг ортга қайтарилиши тадбиркорларга қўшимча юк бўлган. Қўқонда бозор расталарида турган савдогарларга пахтага чиқиш ёки одам ёллаш учун пул бериш талаби қўйилган.
Бундай ҳолат Ўзбекистонннинг бошқа жойларида ҳам кузатилмоқда.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












