Жиззахдаги пахта қурбонининг Ёшлар иттифоқига "алоқаси бўлмаган"

Сурат манбаси, Timur Karpov
Жиззах вилоятида пахтадан қайтаётганда ҳалок бўлган Гулзода Тожибоеванинг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг алоқаси бўлмаган. У бошланғич синфда дарс берган. Иттифоқ матбуот котибининг Би-би-си Ўзбек хизматига маълум қилишича, Тожибоева пахта мавсуми бошланишидан сал олдинроқ ташкилотдан кетган.
46 ёшли Гулзода Тожибоева 16 сентябр куни кечки соат саккиз атрофида пахтадан қайтаётган автобус уриб кетиши натидасида ҳалок бўлганди.
Ёшлар иттифоқи матбуот котиби Нодир Абдуқодировнинг айтишича, оммавий ахборот воситаларида марҳумани Ёшлар иттифоқида ишлайди, деб хато ёзишган.
"Биз суриштирдик, бу аёлнинг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига ҳозирги кунда ҳеч қанақанги алоқаси бўлмаган аёл эканлар. Олдин ҳақиқатдан ҳам "Камолот" етакчиси бўлганлар. 32 чи мактабда ташкилотчи, деб sof.uz сайти маълумот берган. Бизда ташкилотчи деган лавозимнинг ўзи йўқ. Бу аёл олдин ишлаган тизимда, лекин 2 сентябрдан бошлаб бўшаган" дейди Нодир Абдуқодиров.
Шароф Рашидов туманида пахтадан қайтаётган Гулзода Тожибоеванинг "Исузи" автобуси уриб кетгани ҳақида Озодлик радиоси хабар берган эди.
Ёшлар иттифоқи матбуот котибининг айтишича, Гулзода Тожибоева 32 мактабда бошланғич синфларда дарс берган.
"Ёши мақолада кўрсатилганидек 39 да эмас, 46 ёшда бўлган. Адашмасам, 7 сентябрдан мактаб директорининг буйруғи билан туман мудофаа бўлимига хизмат сафарига жўнатилган экан. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ҳеч қандай алоқалари йўқ. Фидоийлар отрядига ҳам алоқаси бўлмаган. У инсон бизнинг ташкилотимиз томонидан пахтага жалб этилмаган".
Нодир Абдуқодировнинг айтишича, Камолот ўрнига ташкил топган Ёшлар иттифоқи низомида етакчи олий маълумотли бўлиши кўрсатилгани учун Гулзода Тожибоева ўрнига бошқа одам олинган.
Би-би-си изоҳ олиш учун Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасига боғланишга ҳаракат қилди.
Аммо бошқарма бошлиғи Ғайрат Қодировни топишнинг имкони бўлмади. Бошқа масъуллар бу борада фақат бошлиқ изоҳ бера олиши мумкинлигини айтишди.
Бошланғич синф ўқитувчисининг пахта мавсумида мудофаа бўлимига хизмат сафарига юборилиши ва пахтага чиқиши каби саволлар очиқ қолмоқда.
Бу йил пахта мавсуми бошланишидан олдин бир неча вилоят ҳокимлари ва Халқ таълими вазири ўқитувчиларнинг пахтага чиқарилиши олди олиниши ҳақида гапирган эди.
Бироқ жойлардан олинаётган маълумотларда ўқитувчи ва шифокорлар ихтиёрий-мажбурий равишда пахтага чиқмоқда.
Чиқмаётганлар эса ўрнига одам топиш мақсадида пулини бермоқда.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02













