“Мир Араб”да чет элликлар ҳам Исломни ўрганадилар

"Мир Араб" олий мадрасасининг тантанали очилиш маросими

Сурат манбаси, Muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг матбуот хизмати хабар тарқатишича, Бухорода "Мир Араб" олий мадрасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган.

Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидаги тантанали маросимда Тошкентдаги Ислом цивилизация маркази директори Шоазим Миноваров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев, Бухоро вилоятининг ҳокими Ўктам Барноев қатнашганлар.

"Мир Араб олий мадрасасининг олдинги мақоми яна ўзига қайтарилганлиги, бу олийгоҳ орқали, аввало, халқимизнинг диний савияси кўтарилиши, келажакда мазкур даргоҳда хорижий мамлакатлардан таклиф билан чиққан мўмин-мусулмонларга ҳам таълим берилиши тўғрисида алоҳида таъкидланди", дейилади мусулмонлар идораси хабарида.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил март ойида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида "Мир Араб" олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатма берган.

"Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу илм даргоҳлари таянч бўлиб хизмат қилади," деб айтган Президент Мирзиёев.

"Мир Араб" мадрасаси

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, "Мир Араб" мадрасаси узоқ йиллар СССРдаги ягона исломий ўқув юрти бўлган ва собиқ Шўро республикаларидаги кўплаб таниқли диний арбоблар "Мир Араб"да таҳсил олганлар.

"Дарҳақиқат, олий мадрасанинг очилиши ислом шариати аҳкомларининг етук билимдони, халқимизнинг диний-маърифий билим ва савияси, соғлом эътиқодини шакллантирадиган, турли хил ёт ғояларга қарши ўзининг маърифати билан кураша оладиган малакали ёш кадрларни тайёрлашда хизмат қилади", деб хабар қилади Ўзбекистон мусулмонлар идораси.

Бухоро шаҳридаги "Мир Араб" мадрасаси XVI асрда барпо этилган ва дунёга машҳур диний уламоларни етиштирган нуфузли илм даргоҳи ҳисобланади.

1920 йили коммунистлар мадрасани ёпганлар.

1945 йили Ўрта Осиё мусулмонлари диний идорасининг муфтийси Эшон Бобохон Шўро ҳукумати билан узоқ музокаралардан сўнг "Мир Араб" мадрасаси очилишига эришади.

Мадраса узоқ йиллар СССРдаги ягона исломий ўқув юрти бўлган ва собиқ Шўро республикаларидаги кўплаб таниқли диний арбоблар "Мир Араб"да таҳсил олганлар.