Зоминдаги Мирзиёев масжидида аёллар ҳам намоз ўқийди

Аёллар масжидга бошқа дарвоза орқали кириб чиқади

Сурат манбаси, Muhiddin Abdurasulov

Сурат тагсўзи, Аёллар масжидга бошқа дарвоза орқали кириб чиқади

Халқ орасида Мирзиёев масжиди сифатида ном чиқарган Зоминдаги янги қурилган масжидда аёллар учун алоҳида бўлма ва кириш дарчаси ажратилган. Ўзбекистонда Ислом Каримов даврида аёлларнинг масжидларга бориши деярли тақиқланганди.

Шу йилнинг май ойида намозхонлар учун эшигини очган Зоминдаги муҳташам масжидда аёлларнинг ҳам тўсиқларсиз келиб намоз ўқиётгани маълум бўлди.

"Мен Жума намозини ўқишга кирганимда, аёллар учун ҳам махсус жой ажратилганини кўрдим. Тоғдаги дам олиш масканларида дам олаётган водийлик аёллар келиб Жума намозини ўқиб чиқиб кетишганига гувоҳ бўлдим", - дейди Би-би-си Ўзбекка Муҳиддин Абдурасулов.

Суҳбатдошнинг айтишича, аёлларнинг масжидга кириши алоҳида қурилган эшик орқали амалга ошади. Унинг таъкидлашича, масжид жуда ҳам муҳташам ва чиройли қилиб қурилган. Масжид мажмуасида мажлислар учун ҳам хона ажратилган. Масжид ичи ёз кунлари иссиқдан ҳимояланиш учун катта ва кучли кондиционерлар билан жиҳозланган.

Ўзбекистонда Ислом Каримов даврида аёлларнинг масжидларда намоз ўқиши деярли тақиқланган эди.

Бир неча йил Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг "Ҳидоят" журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг айтишича, Ўзбекистонда ҳатто Совет даврида ҳам айрим масжидларда аёлларнинг намоз ўқиши мумкин бўлган.

"Тошкентдаги Хастиимом (Ҳазрати Имом) масжидида СССР вақтида ҳам аёллар намоз ўқирди. Кейинчалик мустақилликнинг илк йилларида бундай масжидлар сони ортди. Бироқ 1999 йилги портлашлардан сўнг барча масжидлардаги аёллар учун ажратилган жойлар беркитилди", - дейди у.

Шундай бўлса-да, айрим зиёратгоҳларда аёлларнинг намоз ўқиши учун алоҳида бўлимлар сақланиб қолган.

"Аёллар зарурат туғилса ва кўчада юрган вақти намоз вақти кириб қолса масжидда ўқиб олиш жуда қулай. Туркияда бунга монелик йўқ. Аммо бизда ҳукумат томонидан тақиқланганидан сўнг, диний идора аёлларнинг масжидларга бориши дуруст эмаслиги тўғрисида бир неча марта фатво берганди", - дейди ҳозир Туркияда юрган таниқли адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

Кузатувчилар Мирзиёев ўзи туғилиб ўсган туманда аёлларнинг масжидга киришига изн берилиши Каримов томонидан мусулмонларга нисбатан олиб борилган сиёсатдан воз кечаётганига яна бир далил эканлигини айтишади.

Президент Мирзиёев 1 сентябр куни имом хатиблар билан учрашувда ҳар бир тумандан юзлаб қорилар чиқишини истаётганини маълум қилган.

Ўзбекистонда давлат дин ишларига аралашмаслиги айтилса-да, Ислом Каримов бошқаруви остида масжидлардаги Қуръондан савод чиқариш курслари ёпилган ва масжидлар сони кескин қисқартирилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02