Бош вазир аралашди, Қирғизистон-Бирма ўйини бекор қилинди

Қирғизистон

Сурат манбаси, Getty Images

Расмий хабар тафсилотларидан аён бўлишича, бунга Бирмада вужудга келган осон бўлмаган вазият ва унга билдирилаётган кескин акс-садолар сабаб бўлган.

Бунақаси Осиё футболининг бу яқин тарихида бўлмаган.

Ҳукумат кучлари ва буддавий тўдалар томонидан тўқнаш келаётган зўравонлик ва шафқатсизликлар боис, биргина ўтган 10 куннинг ўзида Бирмани 90 мингга яқин маҳаллий мусулмонлар ташлаб чиқишган.

Бирмадаги сўнгги воқеалар билан алоқадорликда, "Террорчилик таҳдидининг кучайиши, диний нафрат заминидаги оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида" бу каби қарорга келинган.

Қирғизистон Футбол Федерациясининг 4 сентябрь кунги расмий матбуот анжумани тафсилотларидан маълум бўлишича, мазкур қарор шахсан мамлакат Бош вазири Сапар Исақов томонидан берилган.

Қирғизистон-Бирма ўртасидаги амалга ошмаган ўйин 2019 йилги Осиё Кубоги саралаш босқич беллашувларининг навбатдаги учрашуви бўлган.

Қирғизистоннинг гуруҳ пешқадамига айланиши учун катта аҳамиятга эга матч бўлган ва 5 сентябрь куни Бишкекда бўлиб ўтиши режаланган.

Қирғизистон Бош вазири матбуот хизматининг маълум қилишича, "Сапар Исақов ҳуқуқ-тартибот органларидан олган маълумот асосида бу каби қарорга келган ва жорий пайтда вазият тўлиқ ўз назоратлари остида"дир.

Мамлакат Футбол Федерацияси Президенти Семетей Султоновга кўра, "футболчилар ҳам ҳукуматни мутлақ қўллаб-қувватлашган".

Худди шу сўзларни айтаркан, Семетей Султонов агар, бирмалик ҳамкасблари билан режадаги ўйинни бошқа пайтга кўчиришга келишиб олишмаса, мамлакатининг турли санкцияларга юз тутиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

Унга кўра, ҳозир Қирғизистон-Бирма учрашувига сотилган чипталар сонини аниқлаштиришмоқда ва уларнинг пулларини эгаларига тўлиқ қайтаришади.

Ўйин бошқа кунга кўчириладими ва ёки уни бекор қилгани учун Қирғизистонга техник мағлубият ёзилади, ҳозир маълум эмас.

Бу хусусда икки давлат футбол федерациялари келишиб олишлари лозим бўлади.

Аммо, шунда ҳам, якуний қарорни Осиё Футбол Конфедерацияси айтади.

Экспертларга кўра, агар, сўнгги ҳодиса ҳукуматнинг футболга аралашуви, деб топилса, Қирғизистон миллий терма жамоаси бир неча йилга катта футболдан четлатилиши ҳам мумкин.

Қирғизистон Футбол Федерацияси президентининг маълум қилишича, жорий пайтда учрашувини бошқа пайтга кўчириш ва нейтрал бир ҳудудда ўтказиш ҳақида сўз бормоқда.

2019 йилги Осиё Кубогига чиқиш учун Қирғизистон Осиё Чақирув Кубогининг "А" гуруҳида Ҳиндистон, Бирма ва Макаога қарши ўзининг саралаш босқич беллашувларини ўтказмоқда.

Бирмага қарши ўйиндаги ғалаба эса, Қирғизистоннинг очколар сони бўйича гуруҳ пешқадами Ҳиндистонга етиб олишига имкон берган бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02