Йўқолган "Умид" ўрнига "Каримов"

Сурат манбаси, UzA.Uz
Мустақил Ўзбекистоннинг илк президенти хотираси учун унинг беваси Татьяна Каримова ва кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева томонидан таъсис этилган Каримов фонди иқтидорли йигит-қизларнинг хорижда таълим олишини молиялаштириш бўйича танлов эълон қилди.
"Каримов" фонди Европа ва АҚШ олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олиш ниятида бўлган, Ўзбекистон ҳамда чет эл олийгоҳларини муваффақиятли битирган, камида битта хорижий тилни мукаммал биладиган иқтидорли ва истеъдодли йигит-қизлар орасида танлов бошлаган.
Фонд табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия манбалари, кимё), сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, архитектура (шаҳарсозлик, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш), дизайн (маҳсулот дизайни, саноат ва меъморчилик дизайни), рассомлик мутахассисликлари бўйича таълим олувчиларга грантлар тақдим этади.
Алоҳида қайд этилишича, чет элда (икки йилгача) таҳсил олиш ва яшаш харажатлари тўлалигича "Каримов" фонди томонидан молиялаштирилади. Каримов фонди грантларини қўлга киритиш истагидаги номзодлар олдига қуйидаги асосий талаблар қўйилган:
- фаолиятини миллий истиқлол ғояларига бағишлаш, Ватани ва халқининг иқтисодий ва маънавий равнақига хизмат қилишни ўз бурчи ва ҳаётий маслаги деб билиш;
- умумбашарий ва миллий қадриятлар руҳида фикр юритиш, кенг дунёқараш ва юксак ахлоқ соҳиби бўлиш;
- танлаган мутахассислиги бўйича чуқур билимга эга бўлиш ҳамда камида битта хорижий тилни аъло даражада билиш.
"Каримов" фонди ташкил этилганидан бери биринчи марта амалий таклиф билан чиқиш қилди ва бу ташаббус кўп жиҳатдан шахсан Ислом Каримов таъсис этган, сўнг ўзи тугатган "Умид" жамғармаси мақсадларига ўхшаш.
Хориждаги ўзбек талабалари
Ўзбекистонда олийгоҳлар ҳар йили қабул қиладиган талабалар сони қатъий квоталангани сабаб, сўнгги йилларда ўзбек ёшларининг яқин ва узоқ хориж мамлакатларига ўқишга кетиши, масофадан туриб таълим олиши оммалашмоқда. Улар орасида ўз маблағига ўқиётганлар ҳам, грант ютиб, таълим олаётганлар ҳам талайгина.
АҚШ элчихонаси тақдим этган маълумотларга кўра, 2015 йили АҚШда ўзбекистонлик 491 нафар талаба таълим олган бўлса, 2016 йилда уларнинг сони 530 нафарга етган.
Россия элчихонаси маълумотларига бўйича эса, 2015 йили Россия олийгоҳларига 4 минг, 2016 йили 2 мингдан ортиқ ўзбекистонлик йигит-қиз ўқишга кирган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозир Россия олийгоҳларида 23 минг ўзбекистонтик таълим олмоқда ва бу МДҲ бўйича энг юқори кўрсаткичдир.
Бундан ташқари, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Буюк Британия, Франция олийгоҳларида ҳам кўплаб ўзбек ёшлари таълим олмоқда. Ўзбекистоннинг ўзида ёшларнинг IELTS бўйича баҳо олишга, сўнг хорижга кетишга интилиши кучайган, шунга монанд равишда, қарийб ҳар ой IELTS га тайёрловчи янги ўқув маркази очилиши одатга айланган.
Жамғарма яна нима қилмоқчи?
Жамоатчилик хайрия жамғармаси саналмиш "Каримов" фондининг бирламчи вазифаси Ўзбекистон ҳамда хорижда мамлакатнинг тарихий, маданий ва адабий меросини тарғиб қилишга мўлжалланган дастурларни амалга оширишдан иборат.
Фонд истеъдодли ёшларга Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг энг илғор олий ўқув юртларида таълим олишлари учун грантлар тақдим этишдан ташқари, ўзбек ҳунармандчилиги, санъати ва маданиятини хорижда тарғиб этиш, мамлакат тарихи билан таништириш, асарлар таржимасини ташкил этиш ва кўргазмалар уюштиришни мақсад қилган.
Қайд этилишича, Каримов фонди Лола Каримова-Тиллаеванинг бошқа бир - "Сен ёлғиз эмассан" номли болалар фонди билан ҳамкорликда ота-она қарамоғисиз қолган ва ногирон болалар ва ёшларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш соҳасида ҳам фаолият олиб боради.
Умидларни оқламаган "Умид"
1997 йил 7 январь куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов иқтидорли ўзбек ёшларининг чет элда таълим олиши қўллаб-қувватловчи "Умид" жамғармасига асос солган эди.
Биринчи президент Ислом Каримов "Умид" жамғармасини катта умидлар билан, расмий тил билан айтганда "Ватанга фидокорона хизмат қиладиган, садоқатли, унинг буюк ва қудратли бўлиши учун қайғурадиган, ўз иқтидори билан она-юртни улуғлашга қобил, истеъдодли йигит-қизлардан юксак малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида" ташкил этган эди.
Каримовнинг 1997 йил 7 январдаги фармонига мувофиқ, 42 та корхона ва ташкилот, жумладан, энг қудратли тўрт банк, "Ўзавтосаноат", "Ўзнефтгаз" каби миллий ширкатлар, "Зарафшон-Ньюмонт", "Ўз ДЭУ Авто", "Ўз-БАТ", "Ўздунробита"дек қўшма компаниялар "Умид"нинг ҳомийлари эди.
Шу сабабли ҳам, фақат магистратура учун грант таклиф қилаётган "Каримов" фондидан фарқли ўлароқ, "Умид" жамғармаси 4 йиллик бакалавр, 2 йиллик магистратура ва 1 йиллик тажриба орттиришга грантлар тақдим этар эди.
"Умид"нинг йўлланмаси бўйича хорижда ўқитиш ҳар йили тасдиқланадиган устувор мутахассисликлар рўйхати бўйича амалга оширилар, хусусан, 1997-1998 йилларга мўлжалланган биринчи рўйхат иқтисод, халқаро ҳуқуқ, ахборот ва компьютерлаштириш, табиий фанлар, қишлоқ хўжалиги, экология ва сув тизимларини бошқариш, журналистика кабилардан иборат бўлган.
Ислом Каримов "Умид" бўйича чет элда таълим олиб келган ёш мутахассисларни мамлакат учун устувор бўлган соҳаларга ишга тақсимлаш, уларнинг иш фаолияти, шунингдек, ҳаёти билан боғлиқ бўлган барча масалаларга алоҳида аҳамият бериш ҳақида кўрсатма берганига қарамай, жамғарма қилинган умидлар, сарфланган маблағларни оқламаган.
Президент гранти билан хорижда таълим олиб, чет эл ҳаёти билан танишган бир гуруҳ талабаларнинг Ўзбекистонга қайтишдан бош торитиши "Умид"нинг миссиясини йўққа чиқарган. Оқибатда, ёшларни пул тўлаб хорижга ўқишга юборишдан кўра, Ўзбекистонда чет элнинг Вестминстер, Ломоносов, Турин, Инҳа каби университетларини очиш мақбул, деган қарорга келинди.
"Умид" жамғармаси 2003 йил 1 июль куни ўз фаолиятини расман тугатди.
"Каримов" фонди "Умид"нинг хатоларидан ўргансин
"Каримов" фондининг ташаббуси ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланиб улгурган. Facebook тармоғида Ўзбекистон алоқа вазирининг биринчи ўринбосари, Инҳа университетининг собиқ ректори Шерзод Шерматов буни "Умид"нинг 20 йиллигига "зўр совға" деб атаган.
"Мутахассисликлар яхши танланган. Гуманитарлар кам, бўладиган ишлар кўп. Бизда юрист ва экономистлар шу қадар кўпайиб кетдики, яқинда вентилни бурагани одам тополмаймиз" - дейди Азизбек Авазов.
"Бундай хайрия ишлари учун ташкилотларга қанча раҳмат айтса ҳам кам. Фақатгина чет элда ўқиганида ҳам пухта билим олиб, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб, ўз Ватанига қайтиб, ишлаб оқлаш мумкин" - ёзади Руслан Рустамов.
"Каримов" фонди сайтида берилган тўлиқ эмаслигини пайдо бўлган саволлардан ҳам англаш мумкин. "Ўқишни тугатгандан кейинги шартлари қандай экан?", деб сўраган Press Man. "Қизиқ, ёш бўйича чеклов бормикин?" - таъкидлаган Артур Иглесиас.
"Каримов" фондини огоҳликка чақирган фойдаланувчининг комменти эса бошқа кўплаб ҳамфикрлар томонидан қўллаб-қувватланган.
"Қачонлардир "Умид" жамғармасидан кўпчилик ўқиб бўлиб, Ватанга қайтишни хоҳламагани учун воз кечилган эди. Хориждаги мафтункор ҳаётни кўргач, улар вазирликдаги нисбатан кам ойликка ишлашни истамаган. Баъзилар Тошкентдаги халқаро ташкилотлар ва компанияларга ишга кирган. Давлат учун саноқлиларигина ишлаган. Умид қиламанки, янги Фонд аввалги хатоларни ҳисобга олади ва битирувчиларга Ватан равнақи йўлида меҳнат қилиш учун шароит яратиб беради" - деб огоҳликка чақирган Нодира Саид.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг















