"Қирғизистон Олий суди Асқаров ишини кўриб чиқишга тайёр"

Қирғизистон Олий судидан билдиришларича, таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқишлари мумкин. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар тарқатган.
"БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасидан Олий судга келиб тушган қарор муносабати билан Қирғизистон Конституциясининг 41-банди бизни Азимжон Асқаровнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш чораларини кўришга масъулиятли қилади. Бундан олдин Асқаров милиционерни ўлдиргани учун ҳукм қилинган. Жиноий-процессуал қонунчиликка мувофиқ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг юқорида номи тилга олинган қарори Олий суд томонидан жиноят ишини янги ҳолатлар бўйиқа қайта кўриб чиқишга асос бўлади", деб айтган Қирғизистон Олий суди раисаси Айнаш Токбаева.
Токбаева хоним сўзларига кўра, Азимжон Асқаровнинг ишини кўриб чиқишда БМТ қўмитаси тақдим этган важлар маҳкама томонидан инобатга олинади.
21 апрел куни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг экспертлари 2010 йил ёзидан буён ҳибсда қолаётган Азимжон Асқаровни озод этишга чақириқ билан чиқдилар.
БМТ қўмитаси Азимжон Асқаровнинг ҳибсга олиниши Қирғизистон қонунларига зид бўлгани, изоляторда инсон чидаб бўлмас шароитда сақлангани, шафқатсиз қийноқларга тутилгани ҳамда ўзини маҳкамада ҳимоя қилиш имкониятларидан маҳрум этилганини урғулаган.
Бу билан Қирғизистон ўзи аъзоси бўлган бир неча фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар пактларини поймол этган, дейилади БМТ экспертлари хулосасида.
Азимжон Асқаров 2010 йил 16 июнда Қирғизистон жанубидаги фожеавий июн воқеаларидан кейин қамоққа олинган.
Уни июн воқеалари жараёнида оммавий тартибсизликлар ташкил қилишда ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришда шерикликда айблашган.
2010 йил 15 сентябрида Қирғиз маҳкамаси Асқаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Сурат манбаси, fergananews.com
Азимжон Асқаров ўзига қўйилган айбловларни ҳамиша инкор этиб келган.
АҚШ ҳамда Оврўпо Иттифоқи Азимжон Асқаровга чиқарилган маҳкама ҳукмидан ўз норозиликларини билдириб келганлар, Азимжон Асқаровнинг дастлабки ҳибс пайти шафқатсиз қийноқларга тутилгани маҳкама томонидан инкор этилгани қайта-қайта таъкидланган.
АҚШ Давлат департаменти 2015 йил июлида Азимжон Асқаровни "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" мукофоти билан мукофотлагани Қирғизистон расмийларини ғазаблантирди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги таниқли ўзбек инсон ҳақлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан тақдирланганини қоралаб баёнот эълон қилди.
"А.Асқаровнинг бундай юксак мукофот билан мукофотланиши Қирғиз Республикаси томонидан бизнинг мамлакатимизда миллатлараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қарши қаратилган атайин амал деб баҳоланади. Қирғиз томони буни мамлакатда халқлар бирдамлигини мустаҳкамлашга қаратилган жараённи қўпоришга қаратилган омил сифатида кўради", дейилади Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.
Азимжон Асқаров мукофотланганига жавобан Қирғизистон АҚШ билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик битимини бекор қилган эди.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBCUZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг












