"Азимжон Асқаров озод қилиниши лозим!"

Қароргоҳи Брюссел шаҳридаги ноҳукумат ва нотижорат Алишер Навоий Институти фаоллари Қирғизистон ҳукуматига инсон хуқуқлари ҳимоячиси, журналист, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Азимжон Асқаровни тезликда озод қилиниши хақида баёнот билан чиққан.
Ушбу баёнот шунингдек дунёнинг етакчи хабар агентликлари диққатига ҳам ҳавола этилган.
Қирғизистон ҳукумати Халқаро маҳбус ёзувчилар кунида журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни озод қилмоғи лозим. Бугун 15 ноябрда Халқаро ПЕН Клуби ҳар йилги каби "Халқаро маҳбус ёзувчилар куни"ни нишонлайди. Шу кун муносабати билан Қирғизистон Республикаси Президенти ва Бош прокурорини ҳибсда сақланаётган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирамиз", дейилади мурожаатда.
Ташкилот ўз баёноти келтиришича, Азимжон Асқаров жиноий иши бўйича дастлабки терговлар ва кўп сонли суд мажлислари жараёнида унинг айби исботланмагани учун унга чиқарилган ҳукм бекор қилиниб, зудлик билан озод қилинмоғи лозим деб ҳисоблайди.
"Азимжон Асқаров ўз касбий бурчини бажарганлиги учун жазо сифатида қамалгани ва маҳбусликда қийноқларга солинганлиги бизга яхши маълум. Шунинг учун унинг томонидан қийноқлар ҳақида билдирилаётган барча мурожаатлар холис тергов жараёнида синчиклаб ўрганилиши керак".
Асқаров ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишида айбдор шахслар Қирғизистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган жавобгарликка тортилиши кераклиги ва Азимжон Асқаровнинг ўзи ноқонуний қамалгани ва қийноқлар учун мутаносиб товон олишга ҳақли экани уқтирилади.
Ҳуқуқ фаоллари шу ўринда Азимжон Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқиш ҳақида Бишкек шаҳар Октябр туман маҳкамасининг 2014 йил 30 апрелдаги қарори чиққанлигини эслатиб ўтади.
64 ёшли Азимжон Асқаров асосан Қирғизистоннинг Жалолобод области ҳудудида журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолият юритган. Ўз фаолияти давомида маҳаллий милициянинг криминал фаолиятга алоқадорлигига оид ўз журналистик текширувларини олиб борган. Бунинг натижаси ўлароқ бир қанча маҳаллий милия ходимлари ишдан бўшатилган.
Азимжон Асқаров 2010 йил 16 июнда, Қирғизистон жанубидаги фожиавий июнь воқеаларидан кейиноқ қамоққа олинган. Уни июнь воқеалари жараёнида оммавий тартибсизликлар ташкил қилишда ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришда шерикликда айблашган. 2010 йил 15 сентябрда Асқаров умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
2010 йил 16 июнда ҳибсга олинган пайтдан бери Азимжон Асқаров ўзини асоссиз айблашганини таъкидлаб келади. Аксинча, унинг ўзи 2010 йилги июнь воқеалари жараёнида оммавий инсон ҳуқуқлари бузилишларини ўрганган ва қайд қилган, жумладан, ўз фотоаппаратидан фойдаланиб ҳам ўзбек аҳолиси, ҳам қирғиз аҳолисига нисбатан қонун бузилишлари ҳолатларини ҳужжатлаштирганини айтган. Шунингдек, унинг қайд қилишича, маҳаллий этник ўзбекларга қарши июнь ҳужумларида Қирғизистон милицияси ходимлари ҳам қатнашганини аниқлашга эришган.
Асқаров ҳибсга олингандан сўнг қийноқлар, хусусан, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан калтаклаш ва таҳдидлар ҳақида кўп марта шикоят қилган. 2012 йил январда "Чегарасиз шифокорлар" халқаро нодавлат ташкилоти вакиллари томонидан ўтказилган мустақил тиббий экспертизада Асқаровнинг саломатлиги кескин ёмонлашгани ва бош чаноғи ва мия жароҳатланишининг клиник аломатлари аниқланган. Шунга қарамай, Асқаровнинг қийноқлар ҳақида шикоятлари ўрганилмаган.
2012 йил охири ва 2013 йил бошида Асқаровнинг адвокатлари 17 нафар бевосита гувоҳдан ҳуқуқ ҳимоячиси ўзига қўйилган жиноятларни содир этмаганлиги ва айбсизлигини тасдиқловчи батафсил кўрсатмалар тўплашди. Ушбу гувоҳликлар 2013 йил 5 майда Қирғизистон Бош прокуратураси томонидан Азимжон Асқаровнинг жиноий иши бўйича такрорий тергов ўтказиш учун алоҳида комиссия тузилишига туртки берди. Бироқ 2014 йил 5 февралда комиссия Асқаров жиноий ишини қайта кўриб чиқишга асослар йўқлиги ҳақида асоссиз хулосага келди.
2014 йил 30 апрелда Бишкек шаҳри Октябрь район суди Асқаровнинг жиноий ишини қайта кўриб чиқишни рад этиш ҳақида бош прокуратуранинг қарорини бекор қилиш бўйича Асқаровнинг адвокатлари аризасини кўриб чиқди ва Азимжон Асқаров иши бўйича терговни қайта ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди. Лекин 2014 йил 16 июнда Бишкек шаҳар суди Октябрь район судининг қарорини бекор қилди. Шундан сўнг Асқаровнинг адвокатлари Қирғизистон Олий судига шикоят қилишди.
2014 йил 3 сентябрда Қирғизистон Олий суди Асқаров шикоятини рад қилиб, Бишкек шаҳар судининг қарорини ўз кучида қолдирди. Қайд қилиш керакки, 3 сентябрь кунги Олий суднинг суд мажлиси жараёнида суд залида бўлган фуқаро кийимидаги номаълум шахс жисмоний жазоланишини айтиб Асқаров адвокатига таҳдид қилган.
Азимжон Асқаров 2010 йилги июнь воқеаларига милиция ходимлари ва сиёсатчилар алоқадорлигини исботловчи жуда кўп маълумотларга эга бўлгани учун Қирғизистон ҳукумати унинг иши қайта кўриб чиқилишини хоҳламайди деган тахминлар мавжуд. Шу каби шубҳаларга барҳам бериш ва адолатни тиклаш учун ҳам Қирғизистон ҳукумати зудлик билан Азимжон Асқаровни озод қилиши лозим, дейилади
Алишер Навоий Институтининг Қирғизистон ҳукуматига қаратилган баёнотида. Ушбу ташкилотнинг фаолияти миллатлараро муносабатлар муаммоларининг ечимлари, инсон хуқуқлари ҳимояси, хавфсизлик, Марказий Осиё мамлакатлари тарақиёти ва интегратсиясига қаратилган. Бу ташкилот Қирғизистоннинг жанубида 2010 йил июн ойида бўлиб ўтган қирғинга қарши Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролик жамиятлари томонидан Белгия пойтахти Брюссел шаҳрида тузилган.
Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












