CPJ: Азимжон Асқаров иши қайта кўриб чиқилиши керак!

Қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси Бишкек шаҳар маҳкамасининг 12 июнда Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқишни рад қилганидан хавотир билдирган.

Халқаро ташкилот Қирғизистон Олий маҳкамасини Бишкек шаҳар маҳкамаси қарорини кассация тартибида бекор қилиш ва қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини янгитдан текширишга чақирган.

Қирғизистон ҳукуматини Асқаров ишида адолатни қарор топтиришни қувватлашга чақирамиз, дейди

Оврўпода журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва Марказий Осиёда лойиҳалар кузатувчиси Нина Огнянова.

Азимжон Асқаровнинг ишини кўришни сўраётган ҳимоячи Олий маҳкамага шикоят қилишини билдирган.

Бундан олдин Октябр туман маҳкамаси Асқаров иши бўйича ишни қайта кўриш ҳақида қарор чиқарган эди.

Бишкек шаҳар маҳкамасига кўра, айблов ҳукми Олий маҳкама томонидан чиқарилган ва ишни қайта кўриб чиқишга эҳтиёж йўқ.

Ўтган йил май ойида ҳуқуқ фаолларининг ҳаракатлари натижасида Бош Прокуратура Асқаров ишини ўрганиш гуруҳини тузишга мажбур бўлган. Текширув 9 ой давом этган. Бироқ 2014 йил феврал ойида прокурор ўринбосари текширишни қайтадан бошлаш учун асос йўқлигини айтиб, ишни тўхтатган эди.

Қирғизистонда ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йил июн воқеалари пайти этник низоларни қўзғаш ва қотилликка алоқадорлик билан ҳибсга олинган.

Дастлаб 2010 йил 15 сентябрда Жалолобод вилояти Ноокен туман маҳкамаси унга қўйилган айбловлар исботланганини айтиб, мол-мулкини мусодара этиш билан бир умрлик қамоқ жазоси тайинлаган. Шикоят аризасидан кейин ишни қайта кўриб чиққан Олий маҳкама қарорни ўз кучида қолдирган эди.

Ўшандан буён халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари Азимжон Асқаров касбий фаолияти туфайли сохта айбловлар билан ноҳақ қамалганини айтиб келадилар ва Қирғизистон ҳукуматини адолатли йўл тутишга чақирадилар.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ва Асқаровнинг дўстларига кўра, унга берилган жазо қирғиз ҳуқуқ-тартибот органларининг қасддан қилаётган амалидир.

Азимжон Асқаров 2010 йил 10 июнда бошланган Қирғизистон жанубидаги зўравонликларни, ҳамда ўзбек маҳаллаларига уюштирилган босқинчилик ҳаракатларини видео, аудио ва фотосуратлар билан ҳужжатлаштирган.

Унинг баъзи видео материаллари интернетда чоп қилинган, аммо аксар материаллари тергов томонидан тортиб олинган.

Ҳимоячилар ва фаоллар томонидан Азимжон Асқаров айбини кўрсатадиган далилларнинг етарли эмаслиги, ҳибсда унга нисбатан қатор қонунбузарликлар содир этилгани ва қийноқларга дучор этилгани кўрсатилади.

Тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимини ўлимига алоқадорлик билан бир умрга озодликдан маҳрум қилинган Азимжон Асқаров айни пайтда Бишкек шаҳар қамоқхонасида сақланмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари ва Асқаровнинг ўзи унга қўйилган айбловлар сохталиги, улар асосан сиёсий ва этник мазмундалигини таъкидлаб келади. Шунингдек Қирғизистоннинг собиқ омбудсмени Турсунбек Оқин ҳам Азимжон Асқаровнинг айби исботланмаганини айтган эди.

2012 йил Азимжон Асқаров Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг матбуот эркинлиги мукофотига лойиқ топилган. Қўмита мукофотни Азимжон Асқаров турмадан чиққунига қадар сақлаб турилишини ва унинг шахсан ўзига топширилишини айтган.

Кузатувчилар Азимжон Асқаровнинг иши қайта кўриб чиқишга эришилган тақдирда ҳам, иш яна дастлаб ҳукм чиқарган идорага берилиши, натижа эса аввалгидек ўзгармай қолиши мумкинлигидан хавотир билдиришади.

Азимжон Асқаровнинг ўзи ўтган йили БМТ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мактуб ёзиб, адолатни қарор топтиришда кўмак сўраган эди.

Айни пайтда Асқаров иши БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасида ўрганилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002