Азимжон Асқаров БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига мурожаат қилган

БМТда Қийноқларга қарши Конвенция қандай бажарилаётгани борасида Қирғизистоннинг ҳисоботини кўриб чиққан.
2010 йил июн воқеалари пайти одам ўлдиришда алоқадорликда айбланиб, бир умрга қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ҳам Қийноқларга қарши қўмитага ўз шахсий мурожаатини юборган.
Азимжон Асқаров бундан олдин ҳам БМТ нинг Инсон ҳақлари қўмитасига мурожаат этган, унинг рафиқаси Хадича Асқарова халқаро ҳамжамиятга очиқ хат билан чиққан эди.
Қирғизистон БМТга мамлакатдаги жисмоний шахсларнинг алоҳида аризаларни кўриб чиқиш ҳуқуқини берадиган конвенцияни ҳали тасдиқламаган.
"Қирғизистон БМТнинг 22- Конвенциясини ратификация қилмаганини тушунаман", дейилади Азимжон Асқаров хатида.
"Қирғизистон Республикаси фуқароларига Конституция ва мамлакат қонунлари орқали мустаҳкамланган, ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маҳкама ҳимоясини ваъда қилади.
Лекин фуқароларнинг бу ҳуқуқлари фақат қоғозда қолмоқда. Уч йилдан буён ўзим билан бирга аксарият бегуноҳ одамлар адолат истаб ертўлаларда азоб чекмоқдамиз".
Азимжон Асқаров ўз мурожаатида тергов жараёнида қийноқларга тутилгани, сохта айбловлар билан айбланиб, дастлаб ҳимоядан маҳрум этилгани, сўнгра ҳимоячисига маҳкамада таҳдидлар бўлганини ёзади.
Маҳкамада юзида ва баданидаги қийноқ аломатлари кўриниб турганига қарамасдан, унинг шикояти эътиборсиз қолдирилган.
Азимжон Асқаров ўзи, ҳимоячиси ва ҳуқуқ фаолларига нисбатан қийноқлар ҳақида гапириб, бунга қарши ҳануз жиноий иш очилмаганини айтган.
Азимжон Асқаров ўз мурожаатида унга чиқарилган ҳукм адолатсиз экани ва уни қайта кўриб чиқишга ёрдам беришни сўраган.
"Мен БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасидан менинг аризамни президент Алмазбек Атамбаев ҳамда парламентга етказиш ва уларни июн воқеаларига доир ишни қайта кўриб чиқиш муҳимлигига кўндиришни сўрайман", дейди Азимжон Асқаров.
"Ўзимнинг айбсизлигимни исботлаш учун маҳкамага ҳамма далилларни кўрсатишга тайёрман. Гарчи бу- ҳукуматнинг иши бўлса ҳам. Мен журналистлар ва жамоатчилик олдида детектор саволларига жавоб беришга тайёрман. Мен сизнинг аралашувингиз билан адолат қарор топишига умид қиламан".
Олдинроқ қамоқхонада уни кўриб қайтган рафиқаси Хадича Асқаровага кўра, эри ўзининг айбсизлигини исботлаш учун ҳамма нарсага рози.
"Фақат адолат қарор топса бўлди, деяпти у киши. Яна қачонгача айбсиз ўтиришим мумкин, деб очлик ҳам қилмоқчи бўлди. Лекин яна умид қиляпти. Адолат бўлиб қолар, ҳақиқат бир кун чиқар деб умид қиляпти", дейди Хадича Асқарова.












