Тожикистон: Сайлов фаслига саёҳатнома

Хўжанд Президент Раҳмон сафари олди
Сурат тагсўзи, Хўжанд Президент Раҳмон сафари олди
    • Author, Хайрулло Файз
    • Role, Би-би-си, Тожикистон

Далада ризқ тераётган, мардикорлик қилаётган, фарзандини ва ё жуфтини йилларча кутаётган, машинасида киракашлик билан кун кўраётган ва боринг-ки оддий тожикистонликларнинг аксарияти (қарийб) бир ойдан кейин бўлиб ўтадиган президентлик сайлови билан астойдил қизиқаётгани йўқ.

Ўша аксариятнинг бунга нафақат вақти йўқ, балки бугунги турмуш ташвишлари ва ҳақиқий ҳаётнинг манзарасида сайлов бир такси ҳайдовчиси айтмиш "америкача" бўлмаслигига ишончлари комил.

"Хўп, кимни сайлаймиз? Кимни таниймиз? Бир аёл кишини айтишди, умримда эшитмаганман у ҳақда...Очиғи ман икки одамни танийман, бири шу Имомали бўлса, иккинчиси Кабирий, қолганлари ҳақида ҳеч нарса билмайман. Шунинг учун ҳам, Имомалига овоз беришимиз тайин. Шу тинчитди юртни. Қўрғонтепадан кўчиб келдик. Миллатчилик ёмон бўлганди. Маҳаллийчилик...Сал ўнгланаяпти, аммо барибир "сан ўзбек", "ман тожик" дейдиганлар бор, катталар орасида ҳам бор!"

Муҳаммад ака 20 йилдан бери такси ҳайдайди. Шўролар даврида автобус ҳайдаган. Тўрт ўғли бор. Улар Россияда... Президент Имомали Раҳмоннинг мамлакат шимолига сафари кунлари эди суҳбатлашганимизда, йўллар ёпилган, машиналар бири-бирига бас қилиб сигнал чалган, сўкинган ким, бақирган ким...

"Ёпади-да йўлни, бир марта шу ўзимизда буни ( Президентни) портлатиб юборишига бир баҳя қолди. Қўрқади-да...Барибир ишонмайди. Мана қанча портретларини осиб ташлашди, "хуш омадед" деб ёзилмаган жой ўзи ...ҳалиги жой қолди, холос, лекин барибир ишонмайди. Ман ҳам ишонмаган бўлардим. Билиб бўладими ҳозирги замонда..."

"Мана шу аэрапорт эшигида Россиядан рейс кутиб яшайман. Мардикорлар келади, ёпишаман, икки учтаси олиб районларга чиқиб кетаман. Яхши тўлашади. Пули бор-да бу бечораларнинг...Кўрсангиз меҳнат эзиб ташлаган. Янги йилдан кейин сезон ўлади. Камроқ мардикор келади. Айрим рейслар тўхтайди. Қаранг, манга ўхшаган юздан ортиқ таксичи, божхонадагилар, мелисалар ва ҳатто юк ташувчиларнинг ҳам қозонидан гўшт тортилиб қолади. Шулар боқиб турибди бизни асосан..."

Мардикорнинг ушалмаган орзуси

Тўй дастурхонига эса, Тожикистон учун "ноёб" банандан тортиб, бошқа ноз-неъматларгача қўйилади...
Сурат тагсўзи, Тўй дастурхонига эса, Тожикистон учун "ноёб" банандан тортиб, бошқа ноз-неъматларгача қўйилади...

Аҳмадали 35 ёшда. Ўн йилдан бери Москвага қатнайди. Бир йилда бир марта келади ватанига...Шу сафар келганида укасини уйлади. "Ҳар йил бир тадбир бор, ака, шунисига ҳам шукр, мана бу йил укамни уйладик. Ёши 25да, у ҳам олдимда, Россиядамиз ака...Яхши тўлашади у ерда..."

Тўйхонага белгиланган 150 нафар меҳмондан сал ортиқроқ одам келди. Болалар қий - чувига маҳаллий ҳофизнинг "...ўн беш кун бўлди кўрмаганимга..." деган қўшиғига асосан қиз-жувонлар рақсга тушишди. Эркаклар оз. Стол устида эса ҳамма нарса муҳайё! Банану ананасларга қараб Тожикистон демайсиз.

"Тўрт йил аввал уйга келганимда, икки яшар ўғлим Имомали "амаки" деб чақирса бўладими? Танимади. Бўлди, етади дедим ва шу орада бир дўконни сотиб оладиган бўлдим. Аввалдан орзу қилардим, рўзғорим ўтса бас, шу ватанда ишласам деб...Ишонсангиз, шу фикр калламга келгани учун бировга пора бермадим,холос. Дўкон тиклангунча, ичини тўлдирганимгача ҳали униси келади доғ тушган галстугини осилтириб, ҳали буниси...Жонга тегиб кетди. Фойда қаерда? Ҳаммаси шуларни боқишга кетди. Қўл силтаб яна кетдим. Укамни ҳам олиб кетдим ўшанда, ҳозир ёмон эмас..."

Аҳмадали Сентябр охирларига яна жўнаб кетди. Жўнашидан аввал сайлов ҳақида сўрадим. "Қанақа сайлов ака? У ёқда сайлов йўқ....Бу ерда бўлганимда бошқа бировга овоз бериб кўрардим. Биламан, барибир ман овоз берадиган одам ютмайди, лекин атай шундай қилиб кўрардим..."

"Светчи"ни Роғун ҳиссалари билан ҳайдаган ўқитувчи ҳикояси

" Опамнинг таъзияси эди, уйда бир - икки мулла чақириб Қуръон тиловат қилиб ўтиргандик. Топган вақтини қаранг, ҳар ой тўлайман шу электрга, бирор марта кечикканим йўқ. Шу куни мавриди эмас эди, ахир! Кириб келдилар қоринларини селкиллатиб, салом алик йўқ, "свет пули, ичётчик қани " дейди. Аста тушунтирдим, шу муллалар кетсин, таъзияли жой, эрта ўзим ўтаман дедим... Нима эмиш, " ака, манга қаранг, жизнь ҳеч ким пулини олиб бориб тўламайди, кетларингда овора юраман ҳар сафар, муллаларни ҳам уйида свети бор, тушунади дейди..." Аслида уйда майдаланмаган пул йўқ эди. Буни ҳам айтдим. Калтакесакка ўхшаб танглайидан чирқиллаб овоз чиқариб турди. Унисини ҳам айтдим. Бўлмади, охири онасини суриштирдим, асабим қайнади, ёмон хўрлигим келди, икки ойликка Роғун деган қурилишига ҳисса сотволганман! Шартта олиб чиқдим, отдим юзига, суриштирмаган жойим қолмади. Бечора нима қиларини билмайди, " тушунтирсангиз, тушунамиз, майли "га ўтиб олди. Суриштирвордим ҳаммасини, катталарини ҳам, ундан катталарини ҳам...Индамасанг булар эшак қилиб минадиган бўлган, амалга ўтирдими, бас, устингда...Майли, миндингми, энди емишидан ҳам хабар олиб тур!"

Сайлов ҳақида сўрайман. Ўқитувчи оғзига нос отади. " Эмомалига овоз беяман, фақат сайлов қоғоззи ойқасига ёзаман, Йассиядан болларни опкел, пояхўйларни йўқ қил деб шайт қўяман!"

Деҳқоннинг рости...

Тожикистонликлар
Сурат тагсўзи, Сайловлар билан бировнинг иши йўқдек...

Абдурашид далада ишлайди. Қирқни қоралаб қолган. Икки гектарлик ерни ижарага олган. Душанбеда агрономликка ўқиб келган. Ростгўй бўлгани учунми ва ё тепароқда қариндош-уруғлари йўқлигиданми, уйида мол боқади, касби бўйича ишламади... Шу йил шартнома асосида ўғли Душанбедаги тиббиёт институтига ўзи кирди. Ҳеч ким бунга ишонмайди. " Бир маъракага бордим, дўппимни янгисини унутибман...Эртасига хотин гап топиб келди, гўё институтга бор будимни бериб, ҳатто дўппимгача сотибман. Ҳеч ким бу ўғилчанинг мактабда аълочи бўлганини, ўзи репититор мепититор топиб қатнаб юргани, ёз бўйи далада мен қатори кундузи ишлаб кечаси ўқиганини гапирмайди. Майлида...аммо ҳозир пул кўп кетиб қолаётгани рост. Мана шу шартнома пули, ижара, пойтахтдаги ҳаёт арзон эмас, ошна!"

Абдурашид сайловда овоз беради. Кимга ва нимага овоз беришини яхши билади.

" Айни уруш бошлашганда Душанбеда эдим. Қаттиқ қўрққан кунларим бўлган...Сиртдан ўқийдиган бўлиб қайтгандим ўшанда...Ҳақ талашди булар, кейин нима қилди биласанми, биттаси иморат қурди, бошқаси ер олди, машина минди, бақир-чақири босилиб қолди...Ҳақи шу эканми? Шу ҳақи деб қанча одам ўлди, кетди, қолгани хонумонидан ажради. Ҳозир тинчликни сақлаб туришибдими, ишлайверсин, бир думалаб бойимайди одам, давлат ҳам шу...Ҳамма пасту баландидан ўтиш керак. Тинч бўлсак ўтамиз, тинч бўлмасак...Худо кўрсатмасин, яна бирорта аппазицияси чиқиб талашадиган бўлса кейин нима қиламиз? Қўй, кел, мани шу ўғлим дўхтир бўп келсин, қишлоқдаги яхши дўхтирлар ҳаммаси Россияга кетворган..."

Ақидасида собит коммунист ноласи

Собит амаки Шўролар даврида "катта иш"да ишлаган. Шаҳар партия қўмитасида...Бугун нафақада. "Болаларнинг барини ўша йиллар ўқитдим. Тўрт ўғилдан биттаси шўхроқ чиқди. Қолганлари ҳаммаси уйли, жойли, калласи ҳам жойида, икки нафари Душанбеда ишлайди. Бири институтда домла...Қизим ҳам ўзимизда шаҳар ободончилик бошқармасида. Қандай қилиб эришдим бунга, биласизми? Ўқидим. Шўро даврида ўқидим. Коммунист деса ҳозир айрим жойларга борсангиз, ҳазар қилишади...Ачинибми қарайди, нафратланибми.. Ия, бу нима деган гап? Поездингни ким олиб келганди? Номингни ким қўйиб берганди? Шўро даврида қанақа тенглик бор эди, биласизми? Менга Қримга путёвка ишчидан кейин тегар эди. Машина оладиган бўлсам ҳам орқа олдимга қарардим. Ҳозир қанақа? Суриштириб кўрингчи бирортасидан Мерседес қаердан келди деб? Уч-тўрт қаватли уйларни сўранг, эгаси ким экан... Тунов куни бир тадбирга бордим, мулла деганлари ҳам биласизми қанақа дуо қилаяпти? Районни ҳокимидан тортиб, қишлоқнинг раисига довур, нима эмиш, шуларнинг ризқини беҳисоб қилиб бергин, биз ҳам баҳраманд бўлайлик...Тўғри, коммунист бўлиб ҳали коммунизм қуришга улгурмагандик, биздан ҳам ўтган жойи бор, аммо ҳозирги аҳволни қаранг, бунақа эмас эди у пайтлар.. Барибир тилим қичиди, сўрадим домуллодан, бу дини Исломда халқ қолиб, бойга қайиш деган жойи йўқ эди, дуоларни ҳам бойлар олиб кетди-ку дедим. Индамади. Коммунист билан айтишаманми деб ўйладими ўзича, ёки индай олмадими, билмадим."

Собит амаки сайловда "ўзимиздан чиқса овоз бераман, бўлмаса яна Имомалини сайлайверамиз", дейди. "... нимага биласизми? Чунки партия бор! Коммунист партия бор ва ишлаяпти бизда! Ўзбекистонга ўхшаб ўтмишига ўт қўядиган бўлса нима қилардик? Аммо, у ерда ҳам дўстлар бор, қийин бўлса ҳам борди келдини узганимиз йўқ. Бу кунлар ҳам ўтиб кетади... "

Мулла тоғанинг насиҳати...

"Бундан бир неча йил аввал масжидда маърузани тугатишим билан олд қаторларда ўтириб олган ёш йигитлардан бири савол берди. "Афғонистон, Ироқда диндошларимизни ўлдиришмоқда, болалар, аёллар, кексалар нобуд бўлмоқда, биз нима қилайлик?" деб сўради бир калласи айнигани...Атай мана шунақаларни фитна қўзғатиш учун савол сўратишади ўзи. Биламан! Нима қиласан, дедим, дуо қиласан ҳаққига, инсоф тилайсан одамларга дедим. "Мунофиқ бўлиб қолмаймизми?" деди. Буларнинг оғзидан она сути кетгани йўқ, гапирган гапига қаранг. Астағфурулло. Ёмон жаҳлим чиқди, ахир ўн минг атрофида одам қараб турибди. "Бор", дедим, "бориб уруш, кейин ўша босқинчилар буёққа ҳам келсин, бизни ҳам ўлдирсин, қани ироқлик билан афғон келиб санларга ёрдам берармикан", дедим! Кейинроқ шулардан бир иккитаси анавинақа ҳукуматга қарши гуруҳларга қўшилган экан, олиб бориб қамашибди. Мени ҳам чақириб калламни айнитишди... Кимдир бориб чақибди. Нима эмиш: "Уларга боринглар, Ироққа, Афғонга бориб урушинглар, кейин улар ҳам келиб бизга ёрдам беради, Ислом давлати қурволамиз", дебмишман. Базўр тушунтирдим. Дин ҳам кўз қорачиғи. Уни ҳам асраб авайлаш керак. Буни ёшлар тушунмайди. Эмаклаганидан масжидга келиб намоз ўқишни ўрганди булар, бу масжид ўттиз йил аввал омборхона бўлганини, мани боболарим ҳар ёнидан ўтганида бир йиғлаб олганини биладими булар? Шукр қилишмайди!Қадрига етишмайди замоннинг..."

Мулла тоға гапларим омонат дегандай атрофга қарайди. Сайлов ҳақида... " Шу кунга етволайлик, Худо бир йўлга бошлар..." дейди.

Омади чопган соҳибкор даккиси

"Манга қаранг, ишламаган Совет даврида ҳам ишламаган, очидан ўлмаган, аммо ишламаган...Ишламайдиган Америкада ҳам ишламайди. Баҳонаси тайёр бўлади уларни. Ишласанг, люббой вақт ишлайсан ҳам, шунга яраша тишлайсан ҳам! Ҳамма нарсанинг йўли бор. Шу йўлларини қилиб яшасанг, уй ҳам қурасан, машина ҳам оласан, ота-онангни олиб Ҳажга ҳам бориб келасан, амаллайсан...Ман ҳам бошида уйга иккита нон қўлтиқлаб келардим нонвойхонада ишлаб...Ўргандим ишни, Тошкентга амакимникига бориб у ерда нонвойхонада ишладим. Қайтдим, ана шу ман ўрганган патирни бу ерда ҳеч ким қилмас эди. Бугун бориб фалончини нони борми деб кўр бозорда тушдан кейин...Эртага саҳар келинг, ака, соат 11 гача тугайди дейди. Осон бўлмади бошида. Униси келди, буниси келди солиқ деб, тозалик деб...Жияним иккинчи курсда эди юридичискийда...қарасам зўрға ўқияпти, Россияга кетаманга тушган. Ўзим ўқитаман дедим. Ҳамма ҳайрон. Ўқитдим. Битирганидан кейин мандан "ҳақ" сўрайдиганларнинг орасига ишга жойладим. Олти йил бўлди. Ҳозир мани "кришам" шу. Тўртта дўконим бор, иккита цех, биттасида нон чиқарамиз, иккинчисида ширинликлар. Газетга ҳам ёзиб чиқишди. Яқинда шаҳардан ўзимизнинг дўкон ишга тушади.Жиянларга, болаларга шарт қўйдим. "Ўқийман", деганингни ўқитаман дедим. Иккитасига компютер олиб берганман. Ман ичмасам, чекмасам, ёмон йўлга юрмасам, нима қиламан бошқа? Ҳали булар ҳам битириб олсин, Худо ҳоҳласа, Душанбеда ҳам дўконлар очиб қўямиз".

Сайлов ҳақида соҳибкор ҳеч иккиланмай жавоб беради. "Бизни президент зўр, уни даврида одам бўлдим, овозимизни ҳам шу киши оладилар..."

Нурхон момонинг айтганлари

" Катта ўғлим армиясига кетганда икки йил йиғлагандим. Уруш кино бўлса телевизоридан ваҳима босарди, чолим сўкса ҳам йиғлайверардим. Бир йилда 15 кунга келиб кетганди. Қаерга борса эргашиб юрдим, дийдорига тўйиб олай дебмидим...Икки йилда қайтди. Қолганлари қизлар...Ҳозир катта неварам 12 йилдан бери Россияда, икки уч йил деганда бир келади, дуо қилиб ўтирамиз. Келиним ҳам соғинади. Ўзини хотини ҳам... ё билинтирмайди ва ё иложи йўқ, ишқилиб шу боқиб турибди. Россия ҳам ўйинчоқ бўлиб қолди. Саккизда ўқийдиган ўғли ҳам мактабни битирсам Маскавга кетаман дейди. Шунисига ҳам шукр. Ўғлим заводда ишлаб сахар касалини орттирган. Уйда ўтиради невараларига қараб... Келиним кичкина болаларни ўқитади, пенсияга чиқай деб қолди...унга ҳам қийин. Икки ўғли Рассияда...Билинтирмайди, чидайди, соғинса ҳам билинтирмайди. Невараларига овунса керак...Ман кўрпа қавиб турардим. Ҳозир кўз хиралашиб қолди. Шунга ҳам ярамай қолдим. Шунга ҳам шукр, дуо қилиб ўтирибман..."

"Болам сайловчилар келади ўзи, қоғоз-қалам кўтариб, ўзлари кўрсатиб имзолатиб олишади, шу пошшомиз туради, ҳали бақувват кўринади телевизордан, майли умри узоқ бўлсин..."