Тожикистон президентлиги учун аёл номзод беллашади

Ойнихол Бобоназаровнинг номзоди мухолифатдаги Тожикистон Исломий Уйғониш партиясининг 17 сентябрга режаланган съездида расман тақдим этилиши кутилмоқда
Сурат тагсўзи, Ойнихол Бобоназаровнинг номзоди мухолифатдаги Тожикистон Исломий Уйғониш партиясининг 17 сентябрга режаланган съездида расман тақдим этилиши кутилмоқда
Ўқилиш вақти: 1 дақ

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли ва жамоат арбоби Ойнихол Бобоназарова Тожикистон мухолифати томонидан бўлажак президентлик сайловларига ягона номзод ўлароқ илгари сурилган.

Тожикистонда президентлик сайловлари шу йилнинг 6 ноябр кунига белгиланган.

Тожикистондаги мухбиримиз Мардон Муҳаммаднинг айтишича, ушбу қарор мухолифатдаги Исломий Уйғониш партияси, Тожикистон Социал-демократлар фирқаси ва мамлакат сиёсий фаолларидан иборат Тожикистон Ислоҳотталаб кучлари ташкилотининг бугунги йиғини чоғида берилган:

Хабарларга кўра, Ойнихол Бобоназарованинг номзоди бир овоздан маъқулланган.

Бундан аввал Тожикистон мухолифати номидан ташкилотнинг бошқа фаоллари, жумладан, Муҳиддин Кабирий, Муҳаммаджон Қосимов, Хўжамуҳаммад Умаров ва Раҳматилло Зойировларнинг номзодлари илгари сурилиши мумкинлигига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

Аммо, мухбиримиз нега айнан Ойнихол Бобоназарова номзоди танлангани масаласига ойдинлик киритаркан, "Раҳматилло Зойиров ва эҳтимолки, Тожикистон Исломий Уйғониш партиясининг раҳбари Муҳиддин Кабирий президентлик сайловларида иккита асосий номзод бўлиши мумкинлигига оид хабарлар бор эди. Бироқ охирги бир-икки ой ичида ҳукумат ташкилотлари, давлат радио ва телевидениеси уларга нисбатан лафзий ҳужумларини бошлаган. Ўзингиз биласиз, Тожикистон давлат оммавий-ахборот воситаларига одамлар жуда ишонишади. Шунинг учун ҳам, бу номзодлар Тожикистонда кўп овоз олишига шак-шубҳалар туғдирди. Шу сабаб, мухолифатда битта йўл бор эди, у ҳам бўлса, мустақил, ҳеч бир партияга боғлиқ бўлмаган, кейин Тожикистонда таниқли бўлган бир шахснинг номзодини кўрсатиш", дейди:

Ойнихол Бобоназарованинг номзоди мухолифатдаги Тожикистон Исломий Уйғониш партиясининг 17 сентябрга режаланган съездида расман тақдим этилиши кутилмоқда.

Тожикистонда бошқарувда бўлган Халқ-демократик партияси эса, ҳозирча ўз номзодини илгари сурмаган. Партиянинг навбатдаги съезди шу йилнинг 4 ва 5 октябр кунларига белгиланган.

"Тожикистонда бугун ва эрта Мустақиллик байрами тантаналари бўлгани учун, ҳозирча давлат оммавий-ахборот воситаларида Тожикистон мухолифатининг сўнгги қарорига ҳукуматнинг бирор бир расмий муносабати кўзга ташланмайди", - дейди мухбиримиз.

Ойнихол Бобоназарова

Ойнихол Бобоназарова 80-йиллар охирларида Тожикистонда ташкил топган Демократик партиянинг асосчиларидан бири бўлган.

Агар, "Азия-Плюс" интернет нашри маълумотларига таянилса, у 1993 йилда "давлат тўнтариши қилишга ҳозирлик кўриш" ва Ватанга хиёнатда айбланиб, ҳибсга олинган.

Озод этилиши ортидан, ўзининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш соҳасидаги фаолиятини давом эттириб, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ва бошқа халқаро ташкилотларнинг Душанбедаги ваколатхоналарида ишлаган.

Сўнгги йилларда эса, Ойнихол Бобоназарованинг "Перспектива+" ижтимоий бирлашмасига бошчилик қилиши айтилади.

Бу ташкилот эса, Тожикистон қамоқхоналаридаги аҳвол, қийноқларга қарши кураш билан шуғулланади. Хотин-қизлар ва меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Мухбиримиз маҳаллий кузатувчиларнинг фикрларига таяниб, "Тожикистонда ҳақиқатан ҳам озод, шаффоф, демократик сайловлар бўлиб ўтса, мухолифат номзоди ғалаба қозониши мумкин", дейди.