Фарғона водийсидаги шаҳар қўрқувда: Қотилликларни кимлар қилган?

- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Бир неча ойки Тожикистон шимолидаги Конибодом шаҳри аҳолиси қўрқув ва хавотирда яшамоқда. Бунга сабаб ҳамон тўлиқ очилмаган қатор қотилликлар.
Шимолий Тожикистонда нисбатан ўзаро яқин ҳудудларда содир этилган бир неча қотиллик бу минтақадаги шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси эътиборига тушмай қолмади.
Хусусан, бир неча одам ўлдирилганига қарамасдан, ҳозиргача айбдорлар топилмагани боис хавотирлар фақат ортган.
"Биз даҳшатга тушиб қолдик" - дейди қўш қотиллик содир бўлган қишлоқлардан бири Санжидзорда яшовчи аёл.
Суҳбатдошимиз қўрқувини яширмайди ва исмини айтишни истамайди. Чунки унинг қўшнилари ўлдирилган.
"Биз эр-хотин ёлғиз яшаймиз. Ёшимиз бир ерга етган. Кўшниларнинг бировга зарари етмасди. Ҳеч ким билан жанжаллашгани ҳам йўқ эди. Нега бунчалик раҳмсизлик қилишган? Ким қилган? Нега қилган? Кичкина қишлоқда устма-уст иккита қотиллик" - дейди қатор саволларга жавоб излаб суҳбатдошимиз.
Алоқадор мавзулар:
Санжидзорлик одамлар қишлоқдаги қўш қотилликни Конибодом шаҳридаги ҳодисаларга боғлаб изоҳлашади.
Конибодомда ўтган ойларда 13 киши ўлдириб кетилган.
Лекин шаҳар Раиси Абдусалом Тўхтасунзоданинг айтишича, Санжидзор қишлоғидаги икки қотилликдан ташқари бошқа фожиалар бир-бирига боғлиқ эмас.
Мулозим ҳозир Конибодом шаҳрида осойишталик ҳукм сураётганини, кейинги бир ой давомида ҳатто бирон ўғирлик ҳам содир этилмаганини айтади.
Лекин одамлар ҳамон ўз маҳаллаларини ўзлари қўриқлашмоқда. Оилалар болта, кетмон ва белкураклар билан қуролланишган.
Тунги қўриқчилар жуда кам. Чунки эркакларнинг кўпчилиги Россияда, меҳнат муҳожирлигида.
Расмийлар осойишталик ҳукм сураётганини айтиб, одамларни тинчлантиришга уринишса-да, аҳолининг кетмон-болта билан қуролланиши ё қўрқув кетмаганини, ё улар мутасаддиларга тўлиқ ишонмасликларини кўрсатмшм мумкин.
Бунинг устига, қотилликларни ким ё кимлар содир этган, деган савол ҳанўз очиқ қоляпти.

Ҳозиргача, шимолий Тожикистонда шов-шувларга сабаб бўлган қотилликларни содир қилганлик гумони билан бир киши қўлга олингани айтилади.
Лекин унинг ҳамма қотилликларга эмас, Санжидзор (собиқ Жигдалик) қишлоғида юз берган икки қотилликка қўл ургани гумон қилинмоқда.
Айни пайтда, тергов жараёни кетаётгани боис расмийлар унинг кимлиги, қаердан эканлигини ошкор этишмаган.
Фақат тергов ва қидирув ишлари билан Республика прокуратурасининг махсус гуруҳи шуғулланаётгани билдирилди.
Ўз шахсини ошкор этишни истамаган манбага кўра, қотилликлар бир киши томонидан амалга оширилмаган бўлиши мумкин.
Санжидзорда нима бўлган?
Май ойининг охирги кунларида Санжидзор қишлоғида устма-уст иккита қотиллик юз берганди.
Хусусан, 29 майга ўта кечаси Иброҳимовлар оиласидан эр-хотин хонадон соҳиблари ва уларнинг опаси ўлдириб кетилади.
Оиланинг уч боласи етим қолади.
Ўша тунда ўлдириб кетилган иккинчи оила Санжидзорга қўшни қишлоқдан кўчиб келган бўлган.
Тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлаган Маҳбуба Аҳмедованинг эри Россияга ишлаш учун кетган.
Маҳбуба вояга етмаган болалари - 16 яшар қизи ва 14 ёшли ўғли билан бирга яшаган.
38 ёшли Маҳбубанинг қайнонаси Мукаррам Аҳмедова келини телефон қўнғироқларига жавоб бермагач, кўнглига ғашлик тушади. Ва қўшнисидан Маҳбубаникига кириб, хабар олишни сўрайди.
Қўшни қанча чақирса-да, ҳеч ким жавоб бермайди.
Шундан сўнги у қўшнисининг уйини кўздан кечириш учун кириб, хоналарда она ҳамда икки боланинг жасадларини кўргани айтилади.
Бир кечадаги икки фожиадан сўнг Санжидзор қишлоғидаги мактаб биносида ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ўзига хос штаби очилади.
Лекин қишлоқ аҳли ҳамон хавотирда ва тунлари ўзларини қўриқлашга интилишади.
Конибодом ҳодисалари

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Санжидзор фожиаларидан кейин Конибодом шаҳридаги бошқа даҳшатли қотилликлар ҳақида ҳам гаплар тарқала бошлайди.
Конибодом шаҳрида Шариповлар оиласининг 5 нафар аъзоси ўлдириб кетилади.
Жумладан, қурбонлар орасида 10 ва 8 ёшли болалар ҳам бор эди.
Воқеа жойи текширилганда, оила бошлиғи бўлган 65 ёшли киши ўзини осган ҳолда топилгани айтилган.
Текширувчилар қонли жиноятни айнан оила соҳиби содир этган, дея гумон қилишади.
У хотини, келини ва невараларини бўғиб ўлдиргач, сўнг ўз жонига қасд қилган, деб фараз қилинади.
Шариповнинг ўғли Кабир даҳшатли воқеа юз берган пайтда Россияда, меҳнат муҳожирлигида бўлган.
У муҳожирликдан қайтгач, укаси Каримжон билан бирга отаси қотил эмаслигини исботлашга киришади.
Масалан, қотилликдан сўнг уйдаги пул ва тилла буюмлар йўқолганини урғулашган.
Кабирнинг айтишича, отаси руҳий бемор ҳам, ароқхўр ҳам бўлмаган.
Улар отасининг танасида қийноқ аломатлари, бўйнида эса тиралган пичоқ изи қолганини даъво қилишади.
Орадан уч ой ўтиб, марҳум Муҳиддин Шариповдан қотилликка оид айблов олиб ташланади.
Ака-укалар ҳатто ҳақиқий қотилларни топиб берганлар учун 100 минг сомоний (минг АҚШ долларига тенг) мукофот пули ҳам эълон қилганлар.
Конибодом шаҳар ички ишлар бўлимидан хабар қилишларича, бу қотиллик юзасидан ҳали ҳеч ким ушланмаган.
Сайхун қишлоғида ҳам қотиллик юз берган бўлиб, бу учун марҳумлардан бирининг акаси шубҳа-гумон остига тушган.
Олтмиш олти ёшли эркак ўз укаси ва унинг хотинини ўлдирганликда айбланмоқда.
Ушбу оила вакиллари ҳам айбловларни рад этиб келади.
Конибодом ва атрофдаги қишлоқларда содир этилган қотилликлар бўйича ҳали ишлар тугамайдиган кўринади. Чунки улар ҳанўз очилмаган ва айбдорлар ушланиб, жазолангани йўқ.
Айни пайтда, Конибодом, Санжидзор ва ё Сайхундаги ҳодисалар бир-бирига қанчалик алоқадор ё алоқасиз бўлмасин, мавжуд мавҳумлик ҳолатида одамлар орасидаги ваҳима ҳамда қўрқувлар ҳам ҳали-бери аримаслиги мумкин.
+44 7858860002 nomeri bilan bog'laning.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek














