Душанбе: Тожикистоннинг энг йирик жомеъ масжиди очилди Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, BBC O'zbek
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида энг йирик масжид очилди. Унда бирйўла 133 минг нафар намозхон намоз ўқиши мумкин. Бу Марказий Осиёдаги иккинчи йирик масжидга айланди. Остона шаҳридаги масжид 235 минг намозхонни сиғдиради.
Душанбе масжидининг очилиш маросимида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Қатар давлати амири шайх Тамим бин Ҳамад Оли Соний иштирок этишди. Улар янги масжидда икки ракаатлик намоз ўқишди.
Масжид қурилиши бундан ўн икки йил олдин бошланган эди. Аввалига Қатар давлати ажратган катта маблағ ҳисобига 50 минг нафар намозхон учун масжид қурилиши режалаштирилганди. Лекин кейинчалик лойиҳа ўзгартирилди. Янги лойиҳага кўра қуриб битказилган масжидда бирданига 133 минг нафар намозхон намоз ўқиши мумкин. 43 минг нафар намозхон бевосита масжид биносида, 90 минг нафар намозхон эса, масжиднинг ташқи ҳовлисида.
Масжид учун умуман 12 гектар ер ажратилган, бевосита бинонинг ўзи 3 гектарда жойлашган.
Масжид учун сарфланган 100 миллион АҚШ долларига тенг маблағнинг 70 фоизи Қатар, 30 фоизи Тожикистон ҳисобига тўғри келади.
Миллий меъморчилик анъаналари услубида бунёд этилган масжидда ҳар бирининг баландлиги 74 метрдан бўлган 4 та минора, шунингдек иккита кичик минора, 18 та гумбаз мавжуд.
Масжид биносида 2 та кутубхона, 6 та синф хонаси жойлашган.
Душанбе шаҳрининг янги марказий жоме масжидига "Имоми Аъзам - Абу Ҳанифа Нуъмон ибни Собит" номи берилди.
Янги масжид ёнида Тожикистон Ислом институти учун бино қурилмоқда. Бундан уч йил олдин қурила бошланган бинода бирйўла 1500 нафар талаба ўқиши мўлжалланган.
Тожикистонлик диний уламолар янги масжид фақат Марказий Осиёда энг катта масжид бўлибгина қолмасдан, балки умуман дунёдаги энг йирик масжидлардан бири эканлигини урғулашмоқда.
Кузатувчиларга кўра, Тожикистонда Марказий Осиёда энг баланд, энг катта иншоотлар қурилишига урғу берилади. Жумладан, энг баланд байроқ Душанбе шаҳрида ўрнатилган, энг катта чойхона ҳам худди шу шаҳарда.
"Бирданига камида бир юз ўттиз минг нафар намозхон жам бўлиб, намоз ўқиши мумкин бўлган масжиднинг очилиши бу чиндан ҳам жуда катта воқеадир. Шўролар пайтида, Горбачевнинг қайта қуриши давригача шаҳримизда битта ҳам масжид йўқ эди. Ҳозир шаҳримизда жоме масжидидан ташқари яна нечта беш вақтлик масжид бор. Панжакентда масжиди йўқ қишлоқнинг ўзи йўқ», деди Зарафшон водийсидаги қадимий Панжакент шаҳрида яшайдиган 70 ёшдан ўтган Нарзиқул Облоқулов.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Кузатувчиларнинг айтишларича, илгари ҳозирги Суғд вилоятида учта масжид бўлган. Уларнинг иккитаси Хўжанд шаҳрида ва биттаси ҳозирги Жаббор Расулов туманининг Ғўлакандоз қишлоғида бўлган. Аксарият намозхонлар беш вақтлик намозларни ўз уйларида адо этишган. Жума намозини ўқиш учун эса, Истаравшан, Исфара, Конибодом каби шаҳарлардан, ҳатто олис тоғли қишлоқлардан камида 80-100 километр йўл босиб, Хўжандга келишган ё қўшни Ўзбекистоннинг Самарқанд, Қўқон шаҳарларига боришган.
Айниқса, Тожикистон мустақилликка эришганидан сўнг кетма-кет масжидлар очила бошлади. Айрим йирик қишлоқларда янги масжидлар сони йигирматадан юзтагача етган эди. Масжидлар билан бирга мадрасалар ҳам очила бошлаган, уларнинг сони йигирматага яқинлашганди.
"Лекин орадан вақт ўтиб, устма-уст масжидлар ёпила бошланди. Расмийлар томонидан масжидларнинг ёпилиши уларнинг фаолият юритишлари учун зарур ҳужжатлар йўқлиги, масжидлар эгаллаган ерлар ноқонуний бўлганлиги, санитария меъёрларига риоя қилинмаганлиги, масжидларнинг бир-бирига яқин жойлашганлиги боис намозхонлар сони камайиб кетганлиги билан изоҳланди", деди вақтида айни шу мавзуни ўрганганини айтган журналист исмини ошкор этмасликни сўраб.
Расмий маълумотларга кўра, 2019-йилга келиб, Тожикистонда 2 мингтага яқин масжид ва мадраса ёпилган.
Ёпилган масжидлар бинолари ижтимоий йўналишдаги муассасалар учун ажратиб берила бошланган. Жумладан, масжид биноларида тиббий нуқталар, болалар боғчалари, кутубхоналар, маҳалла қўмиталари иш бошлаган.
"Мен қатнаб юрган масжид бирон-бир муассасага берилмаган, шекилли. Эшигига қулф осилганча турибди. Шундай қаровчисиз тураверса, бино нураб кетиши мумкин", деди Суғд вилояти қишлоқларидан бирида яшовчи намозхон.
Тожикистон Диний уламолар кенгашига кўра, ҳозирда мамлакатда мавжуд масжидлар намозхонларнинг ўз ибодатларини амалга оширишлари учун етарлидир. Айни бир пайтда расмийлар томонидан Тожикистонда Ислом олий ўқув юрти мавжудлиги таъкидланади, лекин мадрасаларнинг ёпилиши изоҳланмайди.
Кузатувчиларнинг айтишларича, Хўжанд шаҳридаги марказий мадраса учун қурилаётган янги бино қурилиши битай деганда тўхтаб қолган. «Мадраса биноси қурилиши давом этаётган пайтлар имом-хатибимиз бу қурилишга моддий ҳисса қўшаётганлар, холис хизмат қилаётган қурувчилар ҳақига дуо қилардилар. Ҳозирда мадраса қурилиши ҳақида гапирилмайди, дуо қилишлар ҳам йўқ. Болаларимиз бу мадрасада ўқишса, исломий билим олишса, нотўғри йўлларга кириб кетишмасди», дейди Хўжанддаги Шайх Маслаҳатуддин масжиди намозхонларидан бири, олтмиш ёшдан ошган Шариф Юнусзода.
Айни бир пайтда расмийлар тожикистонлик ёшларнинг чет элларда ноқонуний таълим олаётганликларидан ташвиш билдиришади. Тожикистон Дин, маросим ва анъаналарни тартибга солиш қўмитаси ходимларининг айтишларича, хорижий мамлакатларда ноқонуний равишда таълим олишда давом этаётган ёшлар бунинг учун Тожикистон Маориф ва илм вазирлигининг зарур рухсатини олишмаган.
Олдинги йилларда 3 минг нафардан ортиқ талаба чет эллардан қайтариб келинган. Лекин улардан 90 нафарга яқини яна Саудия Арабистони, Эрон, Покистон каби мамлакатларга диний таълимларини давом эттириш учун қайтиб кетишган.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Расмийлар фикрича, хорижий мамлакатларда таълим олаётган тожикистонлик ёшлар онги заҳарланмоқда. Уларнинг кўпчилиги Тожикистонга қайтиб келгач, салафийлик, «ислом биродарлари» каби Тожикистонда тақиқланган оқимлар ғояларини ёйишга уринишмоқда.
Суғд вилоятида асосан Саудия Арабистонида таълим олиб қайтган ўн нафардан ортиқ киши «Исломий биродарлар» оқимига аъзолик ва унинг ғояларини тарқатишда айбланиб, озодликдан маҳрум этилди. Ҳозирда жазо муддатини ўтаб чиққан бу диндорлар орасида Конибодом, Хўжанд, Гулистон шаҳарлари, Бобожон Ғафуров тумани жоме масжидлари имом-хатиблари ё уларнинг муовинлари бор эди.
Диний қўмита мулозимлари эса, Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон вилоятидан бошқа барча минтақаларида диндорлар Абу Ҳанафия мазҳабида эканликлари ва айни шу мазҳабга кўра ибодат қилишлари зарурлиги, йўқса, фитна келиб чиқиши хавфи борлигини айтишади. Шу боис барча масжидлар эшикларида «Бу масжидда Абу Ҳанафия мазҳабига кўра намоз ўқилади», деб ёзиб қўйилган. Ўзгача намоз ўқиш тарзи кўзга ташланганда, бу намозхонларга кўпроқ салафийлик тамғаси босилади.
Тожикистонда ҳар бир йил махсус ном билан аталиши анъанага айланган. Жумладан, йиллардан бири "Имоми Аъзам йили" деб номланган эди.
Тожикистонда ўндан ортиқ диний оқим ва ҳизблар тақиқланган. Бу оқимларга мансубликда айбланган кишилар устидан маҳкамалар ўтказилиб, уларни озодликдан маҳрум этиш давом этмоқда. Фарзандлари жазога тортилган ота-оналар агар мамлакатда бошланғич диний таълим йўлга қўйилганда, мадрасалар амал қилганда, ўғиллари нотўғри, тақиқланган оқимларга кириб қолмаган бўлишларини иддао қилишади. Чунки расмийлар кўпинча айнан ҳақиқий Исломни яхши билмаслик ёшларнинг Ислом номидан иш кўраётган ёмон ниятли кимсалар тузоғига илиниб қолишларини такрорлаб келишади.
Айни бир пайтда фақат ҳужраларда эмас, балки интернет орқали диний таълим бериш ҳам тақиқланди. Тожикистон Республикаси Жиноий Кодексига киритилган ўзгартишларга қараганда, ноқонуний диний таълим берган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Илгари бу қонунбузиш катта миқдордаги жарима билан жазоланар эди.
Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик ходимларига кўра, экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолган кишиларнинг 95 фоизи ноқонуний диний таълим олган. Фақат 2019-2021-йилларда 1850 тага яқин ноқонуний диний таълим бериш ҳолатлари ошкор этилган. Қонунни бузганлар орасида 40 нафардан кўпроқ имом-хатиб, 980 нафардан зиёд норасмий мулла мавжуд.
Ўрта таълим муассасалари - мактабларнинг 9-синфида ҳафтасига бир соат «Дин тарихи» ўрганилади. Лекин мамлакатда ота-оналарнинг оилада бошланғич таълим олиши тақиқланмаган. «Бу яхши. Лекин мен на арабча ёзувни билмасам, на ислом дини илмидан хабардор бўлмасам, оддий бир деҳқон ўғилларимга қандай диний таълим беришим мумкин», дейди Хатлон вилоятидаги Панж туманида яшайдиган Музроб исмли киши.
«Менимча, тақиқларнинг кучайтирилиши ҳам ёшларнинг ҳақиқий исломдан хабарсиз қолишларига сабаб бўлмоқда, - деди кузатувчи Аҳмад Бобожон. Аввалига овозкучайтиргичлар орқали азон чақириш, ундан кейин ёш болаларнинг масжидга боришлари тақиқлаб қўйилди. Кейинроқ жамоат жойларида ва ишхоналарда намоз ўқиш таъқиқланди».
Тожикистон Дин, маросим ва анъаналарни тартибга солиш қўмитаси Раиси Сулаймон Давлатзоданинг билдиришича, мамлакатда эътиқод эркинлиги таъминланган, ҳозирда 4000 тадан ортиқ масжид расман рўйхатга олинган. У Тожикистон аҳолисининг ҳар 2 ярим минг нафарига битта масжид тўғри келиши ва бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткич эканлигини таъкидлади. Шунингдек, 70 тага яқин ноисломий диний бирлашма рўйхатдан ўтган.
Кузатувчилар эса, ўн беш йил олдингига қиёсланганда, масжидлар сони кескин камайиб кетганини ва бу анъана давом этаётганини таъкидлашади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













